ЯҚИНИЙ (15-асрнинг 1-ярми) — шоир. Навоийнинг «Мажолис уннафоис» асарида қисқа маълумот берилган. Яқинийнинг бизгача фақат «Ўқ ва Ёй» мунозарасигина сақланиб қолган. Бу асар Юсуф Амирий, Аҳмадий анъаналарининг давоми сифатида майдонга келган. Яқиний отиш мусобақаси майдонига кирган отлиқ йигитнинг қўлидаги ўқ ва елкасидаги ёйни кўриб, мажоз йўли билан ўқ ва ёй орасида мунозара тарзидаги асар ёзишга жазм қилган. Ўқни йигит ва айни замонда тўғрилик, ростгўйлик тимсоли, Ёйни эса қари чол ҳамда эгрилик, хушомадгўйлик тимсоли сифатида кўрсатган, эгриликни тўғрилик тилидан фош этган. Ўқ тўғри сўзлиги учун барлослар тимсоли бўлган Гириш (ёйнинг ўқни тортувчи ипи) ва тархонийлар тимсоли бўлган Зиҳгир (ёйнинг икки чети)лар томонидан алданиб, узоққа отилади ва Ёй атрофини қуршаган салбий кучлар қурбони бўлади. Шоир: «ҳар ким ёйдек эгри бўлса, бу давр каж таъбларининг ёнларидан йироқ бўлмас ва ҳар ким ўқтек рост бўлуб, туз юрса, Яқинийдек йироқ тушар…» дея хулоса қилиб, ўз давридаги юқори табақа вакилларини ва уларнинг иккиюзламачи малайларини танқид қилади. Асарнинг ягона қўлёзма нусхаси Британия музейида сақланади.
Ад.: Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж. ли], 1ж., Т., 1977; Абдувоҳидова М ., Ўзбек адабиётида мунозара, Т., 1984.