ХОРАЗМ

ХОРАЗМ, Қадимги Хоразм — Турон ва Эрон минтақалари оралиғида жойлашган тарихий ўлка ва қад. давлат. X. ҳудуди қадимда Амударё адоқларидан жан. га томон Мурғоб ва Тажан дарёларининг юқори оқимларигача чўзилган. Шу боисдан бу қад. тарихий ўлка фанда 2 хил: Кдд. Хоразм ва Катта Хоразм номлари билан маълум. X. ҳақидаги илк маълумотлар Авесто, Доро I нинг Бихистун китобалари, қад. юнон муаллифлари (Гекатей, Геродот, Страбон ва б.) ҳамда илк ўрта аерларнинг араб географлари асарларида учрайди.

«X.» атамаси (топоними) Авестода Хваиризем, қад. форсийчада Уваразмис, лотинчада Хорасмия ва юнончада Хоразмия деб юритилган. Арабча ёзма манбаларда бу ўлка Хворазм талаффузида тилга олинади. «X.» атамасининг семантикаси ҳақида бир қанча фикрлар мавжуд. X. тарихининг билимдони СП. Толстое «X.» атамаси талқинлари орасида эронча «ХуррХуршед» ва «змзем» сўзлари асосида юзага келган номнинг «Қуёшли ўлка», «Қуёшли ер» деб аталиши ҳақиқатга энг яқин этнонимдир деб таъкидласада, Хоразмни «Хварри ёки Харри (Хуррий) халқи ўлкаси», «қуёш (халқи) ери» деб изоҳлайди. Суғдшунос олим М. Н. Боголюбовнинг фикрича, X. айримайрим 3 сўзлардан таркиб топган. Ху (Хуш, Хаш), вар (вара) ва зм (зим, зем). Эроний тилларда Ху —«яхши» «маъқул», (варвара) — «девор», «марза», «fob», «қалъа», «қўра» деган маъноларни билдирган. Зм (зим, зем) эса — «ер», «ўлка», «диёр», «мамлакат» каби маъноларни англатган. Демак, «X.» атамаси қандай шаклда қайд этилмасин, у «яхши қўрали ер», «ажойиб қалъали ўлка», «мустаҳкам қалъалари бор диёр» деган маънони англатган.

Авестонинг «Яшт» қисмида Хоразм «Минг ирмоқли дарё», «Кўллар ва ўтлоқларга бой ўлка» сифатида мадҳ этилади. Қад. Хоразм ҳудуди табиий жиҳатдан 2 минтақага ажралган. Унинг шим. қисмида Амударё этакларида сонсаноқсиз серсувли ўзанлар, шим. ва шим. шарққа томон ястанган кенг яйловлардан иборат бепоён пастгекисликлар, унинг жан. қисмида эса, Мургоб ва Тажан дарёлари водийларининг каттагина қисми тоғ ва адирликлар ва улардан бош олган каттакичик дарёжилғалар этакларида юзага келган ҳосиддор ерлар жойлашган.

Қадимги X. минтақалари ҳудудларининг ўзига хос табиати, шубҳасиз, қад. аҳолининг турмуш тарзини белгилабгина қолмай, балки бу диёрда юзага келган қад. маданиятларнинг шаклланиши, ривожи ва бир-бирига қоришувига ҳам кучли таъсир этган. Шу боисдан Хоразмнинг шим. қисми (Оқчадарё дельтаси)да мил. ав. 4—3 минг йилликларда овчилик ва балиқ овлаш билан кун кечирган аҳоли (қ. Калтаминор маданияти) яшаган бўлса, мил. ав. 2мйнг йилликда эса чорвачилик ва деҳқончиликнинг соддагина усулларидан хабардор бўлган қабилалар (қ. Тозабоғёп маданияти ва Сувёрган маданияти) истиқомат қилган. Мил. ав. 2минг йилликнинг 2-ярмига борганда, хусусан, унинг охири ва мил. ав. 1-минг йиллик бошлари (9—8-а. лар) да суғорма деҳқончилик мукаммаллашиб, яйлов чорвачилик ривож топган (қ. Амиробод маданияти). Бу даврда Тозабоғёп, Сувёрган ва Амиробод маданиятларини яратган қабилаларнинг қоришмаси асосида таркиб топган Кавунди (Кавонди) қабилалари яшаган. Улар Хоразмнинг қад. аҳолиси массагетларнинг бевосита аждодлари бўлган. Кўчманчи чорвачилик, хусусан, йилқичиликнинг ривожи X. аҳолисининг ижтимоий ҳаётига ҳам кучли таъсир этиб, суворийлар табақасини шакллантирган.

X. нинг жан. қисмида жойлашган водий ва воҳалар (Тажан, Ҳерируд, Мурғоб ва Гёксур) да эса мил. ав. 6 — 3минг йилликлардаёқ ўтроқ суғорма деҳқончилик маданияти қарор топиб, тараққий қилган. Бу даврларда ушбу минтақа аҳолиси қабилалар уюшмасига бирлашиб, деҳқончилик хўжалигида мотига (кетмон)дан ташқари омочдан ҳамда турли хилдаги каттакичик суғориш иншоотларидан ҳам фойдаланган. Аввал улар сомонли гувалалардан бир хонали, сўнгра эса кўчалар бўйлаб гувала ва хом ғиштлардан бир неча хонали уйлар бино қилиб, атрофи девор билан ўралган турар жой ва истеҳкомли қишлоқлар барпо этган (қ. Жойтун маданияти ва Намозгоҳтепа).

Мил. ав. 2минг йиллик охири — 1-минг йиллик бошларида қад. суғорма деҳқончилик маданиятининг ҳудудлари шарқ ва жан. шарқ томон кенгайиб, Ҳерируд водийсининг юқори оқимигача ёйилган. Шу боисдан Авестода Хваиризем ўлкаси Ареядан шарқда Ҳилманд водийсида жойлашгани ҳақида ишора қилинади.

Археологик маълумотларнинг гувоҳлик беришича, айнан шу даврда Амударё этакларида яшаган кўчманчи чорвадор қабилаларнинг бир қисми жан. томон силжиб то шим. Ҳиндистон ҳудудларига қадар бориб ўрнашгани кузатилади.

Милетлик Гекатей (мил. ав. 6-а.) маълумотлари асосида Геродот (мил. ав. 5-а.) ахоманийпар давридан аввал гирканлар (Каспий денгизининг жан. шарқи, Гургон дарёси ҳавзаси), парфияликлар (Шим. Хуросон), дранглар ва таманайлар (Ғарбий Афғонистон)нинг ҳудудлари билан туташган кенг ўлкада хоразмийлар яшагани тўғрисида маълумотлар келтиради.

Геродотнинг ёзишича, кейинчалик, ўлка ахоманийларга қарам бўлиб қолгач, тоғ дараларидан оқиб тушадиган Акес (Ҳерируд) ўзани дарвозали тўғон билан боғланиб, хорасмийлар (хоразмийлар) нинг экин ерлари сувсиз қолган. Улар шоҳ саройига бориб арзидод қилиб, сув учун алоҳида солиқ тўлагач, шоҳ тўғон дарвозаларини очишга буюрган.

Мил. ав. 6—5-а. ларда X. Ахоманийлар давлатининг 16сатраплик таркибига кирган. Мил. ав. 5-а. охири — 4-а. бошларида эса, у алохида сатраплик ҳисобланган. Мил. ав. 3 — мил. 3-а. ларда X. Сирдарё ҳавзасининг ўрта қисмида 1. Қалъалиқирдаги сарой харобаси. Мил. ав. 5—4асрлар; 2. Аёзқалъа. 1-минг йиллик ўртаси; 3. Тупроққалъа. Гипсдан ишланган ҳайкал парчаси. 3аср; 4. Тупроққалъа. Ёғочга битилган қад. хоразмий ёзуви. 3аср. ташкил топган Қанғ давлатининг таркибвда бўлган.

Тарихий манбаларнинг таққосий таҳлилидан маълум бўлишича, хоразмийларнинг дастлабки ватани Бактриядан жан. да Ареядан шаркда, Ҳерируд ва Ҳилманд дарёларининг юқори ҳавзасида жойлашган (яна қ. Хоразмийлар). Шубҳасиз, хоразмийлар массагетлардан фаркди ўлароқ, парфянлар, марғиёналиклар, бохтарийлар, ареяликлар, гирканияликлардек суғорма деҳқончилик ва унинг асоси ҳисобланган суториш иншоотлар барпо этишда бой асрий тажрибага эга эдилар. Уларнинг кўп асрлик бинокорлик ва хунармандчиликдаги тажрибалари ва амалий кўникмалари туфайли асрлар оша Амударё этаклари обод этилиб, йирик суғориш тармоқлари ва сув иншоотлари — дамбалар барпо этилган, ҳунармандчиликнинг барча соҳалари кенг ривож топган.

Мил. ав. 4-а. нинг 2-ярмида Хоразмда мустақил давлат қарор топади. Абу Райҳон Берунийнинг ёзишича, X. давлатига афсонавий қаҳрамон Сиёвуш (Сиёвахш) асос солган. Мил. ав. 328 й. баҳорида Ўрта Осиёга юриш қилган македониялик Александр (Искандар) қароргоҳига музокара қилиш учун X. ҳукмдори Фарасман 1500 суворий билан ташриф буюрган. Фанда массагетлар конфедерацияси (туркуми) номи билан тилга олинган X. давлатини афсонавий сиёвушийлар, аслида эса африғийлар сулоласи бошқарган. Давлат пойтахти дастлаб Тупроққалъаая бўлган. Кейинчалик (305 й.) эса Кот ш. га кўчирилган. Беруний хоразмшохлардан 22 тасининг номини қайд қилади. Аверси (бети)да тождор хукмдор, реверси (сирти)да суворий тасвири туширилган дастлабки кумуш танга Тупроққалъадан топилган. Танга мил. ав. 1-а. га мансуб. Нумизматик маълумотлардан аён бўлишича, бундай шаклдаги тангалар мил. 8-а. гача зарб этилган.

X. давлати Ўрта Осиёда ташкил топган ўзига хос энг қад. давлатлардан бири бўлиб, унда ўтроқ зироаткор ва кўчманчи чорвадор аҳолининг удумлари, деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик каби хўжаликлар бошқарувини асрий тизимлари мужассамланган эди.

Демак, X. аҳолисининг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида юз берган тадрижий ривожланиш унинг шим. ва жан. қисмларида, аввал бири иккинчисидан тубдан фарқланувчи 2 турдаги маданиятлар шаклланган. Сўнгра эса уларнинг қоришуви оқибатида Хоразмнинг ўзига хос юксак даражадаги маданияти юзага келиб, равнақ топган.

Қадимги Хоразм маданияти. Кадимдан Ғарбий Осиё, хусусан, шим. шарқий Эрон ҳудудлари билан бевосита алоқадор бўлган Хоразмнинг қад. муштарак маданиятининг кўпгина жиҳатлари, хусусан, бадиий маданияти — аҳолисининг тили, урфодатлари, уйжойларининг тузилиш тартиблари, рўзғорбуюмлари, зебизийнатларида ўз ифодасини топган. Мас, Хоразмнинг жан. кисми қадимги обидаларида (мил. ав. 6—3минг йиллик) сомонли гуваладан бино қилинган саҳни, ганч аралаш лой сувоқли бир хонали уйлар ичида ўчоқ, супа, ғалла учун ўра (тўла) бўлган. Чақмоқтош қуроллари қирғич, ўроқ, ранда, пичоқ; суякдан ясалган игна, бигиз; ярматош; сомонли лойдан ясалган сопол идишлар, баъзиларининг сиртига қизил ранг (ангоб) берилган; тош ва сополдан ясалган аёл ва турли хил ҳайвон ҳайкалчалар; тош суяк ва чиғаноқлардан ясалган тумор, мунчоқ каби тақинчоклар учрайди.

Мил. ав. 4—2минг йилликларда эса турар жойлар майдони ниҳоятда кенгайиб хом ғиштли кўп хонали уйлардан иборат қишлоққа айланган. Уларнинг гирди мудофаа девори билан ўралиб, оташгоҳ, ҳовлилар, тор кўчалар ва марказида майдон пайдо бўлган. Қуролларининг аксарияти тош ва суякдан, қисман мисдан ясалган, қўлда ясалган сопол идишлар сиртига қора рангли геометрик ва жимжимадор (гилам нусха) нақшлар, ҳайвон ва парранда тасвирлари туширилган. Сўнгра кулолчилик чархи кашф этилиб, биконик нусха идишлар, қадаҳ ва вазалар пайдо бўлган. Бинокорликда монументал иморатлар [ибодатхона, миёнсарой (зал) ва б. ] қад кўтариб, қишлоқлар эса илк шаҳар шаклини ола бошлаган.

X. шим. қисмининг моддий маданият обидалари (мил. ав. 4—3минг йиллик), асосан, овчи ва балиқчи қабилаларнинг улкан чайлалари чақмоқтошдан қадама (микролит) қуроллар, таги тухумсимон сопол идишлар, чиғаноқ ва жилвир тошлардан ясалган тақинчоқяардан иборат. Мил. ав. 2минг йилликда гарчи суғорма деҳқончилик хонаки чорвачилик ва подачилик пайдо бўлиб, турли зот (майда ва йирик шохли ҳайвонлар) билан бир қаторда от, туя хонакилаштирилиб, йилқичилик анча ривож топган бўлсада, турар жойлар ярим ер тўлабостирма шаклида бўлган. Тақинчоклари (узук, билагузук, исирғалар) жез ёки мис каби маъдан бўлсада, қуролларининг аксарияти чақмоқтошлардан ясалган. Бу даврда Хоразмнинг шим. қисмида шубҳасиз, на мисдан ясалган қурол ва на гувала ёки хом ғиштлардан бино қилинган турар жой мавжуд эди.

Хоразмийларнинг жан. дан шим. га Амударё қуйи оқими томон силжиши, уларнинг маҳаллий қабилалар билан қоришуви оқибатида, тубдан янги маданият шаклланади. Амударё адоғи (дельтаси) ўзлаштирилиб, ўлкада бир нечта монументал бинолар (Кўзалиқир ва Қалъалиқир каби) қад. кўтаради. Мил. ав. 4—3-а. ларда X. иқтисодий ва маданий жиҳатдан равнақ топиб, йирик суғориш каналлари (60—70 км. эни 30 — 40 м ли саёз) барпо этилиб, янги шаҳарлар, қўрғонқалъалар (Жонбос қалъа, Бозорқалъа, Қўйқирилган қалъа) қурилади. Ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдо ҳамда санъат ривож топиб, пойтахт (Тупроққалъа) барпо этилади. X. қалъа ва шаҳарлари тўғри тўртбурчакли ва доирасимон шаклларда аниқ режа асосида қурилган. Улар қалин ва баланд мудофаа девор билан ўралиб, ташқарисидан кенг (10—15 м) ва чуқур хандақ қазилган. Қалъа ва шаҳарларнинг мудофаа қудратини стратегик жиҳатдан кучайтириш мақсадида уларнинг ташқи деворлари бир ёки икки қатор шинак (нишон, туйнук)лари, дарвоза оғзи эса, ғуломгардиш (лабиринт) — иҳота истеҳкоми билан мустаҳкамланган. Бундай мудофаа иншоотлари мажмуи, шубҳасиз, аниқ режалар асосида стратегик жиҳатдан ниҳоятда мустаҳкам қилиб барпо этилган. Mac, тўртбурчакли қалъалар (Жонбос қалъа, Бозорқалъа) деворлари бўйлаб 2 қаторли шинаклардан нишонга 4 томондан ўқ узиш учун мўлжалланган бўлса, доира шаклдаги қалъа (Қўйқирилган қалъа)дан қамал вақгида шинаклардан бир йўла 360 даража йўналишда ўқ узилган. Бундай услуб, ҳарбий тактикада доира бўйлаб марказдан ўққа тутиш деб юритилади.

Хоразмда шаҳарсозлик санъати, айниқса, монументал меъморлик мил. ав. 1-минг йиллик ўрталаридан то мил. 8-а. бошларигача ўтган давр ичида кенг ривожланган. Йирик қалъалар, хусусан, пойтахт шаҳар (Тупроққалъа, Кот) ўлка ибодатхонаси (Ҳазорасп), мақбаралар (Чирикработ) ва б. турдаги жамоат бинолари қад. кўтарган. Тупроққалъада 3 минорали қароргоҳ, муҳташам шоҳона сарой (саҳни 280 кв. м), марказий кўчалар бўйлаб жойлаштирилган ҳунармандчилик турар жойлари ва бозор ўрин олган. Шаҳарда ҳунармандчиликнинг турли соҳалари: кулолчилик, темирчилик, мисгарлик, қуролсозлик, заргарлик, бинокорлик ва тўқимачилик юксак даражада ривож топган. Тупроққалъа харобаларидан топилган турли хилдаги ашёлар, хусусан, тасвирий санъат асарларининг айрим бўлаклари, лойдан ишланган ҳайкаллар, деворий рангли тасвир (чилтор чалаётган аёл, қўлида анор тутган маъбуда Ноҳид), табиат манзаралари ва сопол ҳайкалчалар, бадиий юксак даражада ясалган. Ёғоч ва чармга қад. хоразмий ёзувида битилган ҳужжатлар ўлка аҳолиси маънавиятини асоси бўлган саводхонлик даражасидан далолат берарди.

Илк ўрта (4—8-а. ларда) меъморлик янада ривож топиб, қалъа, қаср ва кўшклар (Бургутқалъа, Уйқалъа, Қумбосган қалъа ва б.) квадрат ёки тўртбурчак шаклда бино қилиниб, бурчаклари доирасимон буржлар билан мустаҳкамланади. Бу даврда бунёд этилган қалъа ва кўшклар орасида меъморий жиҳатдан, айниқса, Тешикқалъа ва Якка Порсон диққатга сазовордир.

Хоразмда бадиий санъат ҳам ривож топган. Айниқса, заргарлик (олтин, кумуш ва жездан турли хил тақинчоқлар: узук, билагузук, исирға ва б.) оҳангарлик ва саррожлик, оҳанжома (темир жиба, от анжомлар) ясалган, ип ва ипакли гулдор матолар тўқилган. Мил. ав. 6—5-а. ларда рўй берган юксалиш мил. 3-а. охири ва 4-а. бошида тушкунликка учраб, харобага айланган қатор шаҳару қалъалар 5 — 6-а. ларда яна жонланган (Кават қалъа, Гулдурсун қалъа, Кот ва б), 10-а. охирларида Шимолий Хоразмда Урганч ш. нинг аҳамияти ортиб, унда қатор монументал бинолар қад кўтарган. Бинокорликда пахса, хом ғишт билан бир қаторда пишиқ ғиштдан фойдалана бошланган (Кўҳна Урганч; Султон Такашнинг мақбараси, Фахриддин арРозийнинг мақбараси ва б. шулар жумласидандир).

Ад.: Толстов С. П., Қадимги Хоразм маданиятини излаб, Т., 1964; Толстов С. П ., По древним дельтам Окса и Яксарта, М., 1962; Массон В. М., Средняя Азия и Древний Восток, М., 1964; История Хорезма, Т., 1976.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов.


Кирилл алифбосида мақола: ХОРАЗМ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: X ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТОШКЕНТ
ЭРОН
ЕР
ТАРИХ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты