ХОРАЗМ РАҚСИ — ўзбек халқ рақс услуби. Хоразм воҳасида қадим замонларда шаклланган ва асрлар давомида ривожланиб келган. Хоразм рақсида гавданинг белдан юқори қисми орқага ташланганроқ, кураклар бир-бирига яқин, тиззалар бироз эгик, оёқ учлари ёнга очилганроқ бўлади. Хотинқизларда расмий ҳолатда бармоқ учлари пастга қаратилади, тирсаклар бироз букилади, йигитларда қўллар чўзилган, тирсаклар тўғри бўлиб, бармоқлар юқорига, кафтлари ёнга қаратилади. Хотинқизлар билакларига занг (майда қўнғироқчалар) тақиб ўйнайдилар. Бошларидаги тақятузи, пешоналарига боғланган манглай тузи, кўкракларига осилган шокилалар, қулоқларидаги сирғалар, билакларидаги билагузуклар ҳам рақс усулларига мое тушиб, умумий рақс образини яратишга хизмат қилади. Йигитлар устига тўқ рангли камзул, бошларига чугурма кийиб ўйнайдилар. Рақс жараёнида бармокларни қарсиллатиб, ғоз туриб ўйнаш, гавда, қўлдасталарни титратиш, елка қоқиш, чўкка сакраш, қайрокдарда усул бериш аёллар ва эркаклар рақсига бирдай хос. Хоразм рақси ҳаракатларга бой. Бизгача етиб келган «Чағаллоқ», «Норимнорим», «Алиқамбар», «Оразибон», «Мўри», «Хўббимбой», «Ширинноввот» ўйинлари ижросида ўғлон раққослар ва масхарабозлар ўзини кўрсатган бўлса, «Ашшадароз», «Мақом уфори» каби рақсларда раққосалар устунлик қилган. «Лазги» рақс туркуми ижросида эркак ва аёл рақс усталари бирдай маҳорат билан ўйнайдилар. Энг машҳур Онажон халфа Собирова (1885—1952) халфа томошаси таркибини саклаш, гармон чалиш ва куйлаш, раққосларни ўйнатишда, айниқса, хотинқизлар рақсини саҳнага олиб чиқишда катта хизмат килган. С. Оллаберганова, Р. Ҳакимова, Р. Отажоновалар Онажон халфа ансамбли иштирокчиларидир. Хоразм рақси ижро услубини, анъаналарини, янги ижтимоий шароитларда сақлаш ва ривожлантиришда Қамбар бола, Канарак бола Саидов, Қодирберган Отажонов, Карим Оллаберганов, Римажон Маткаримова, Матлатиф Саидов, Латиф Зарифов, Худойберган тўқтўқ, Гавҳар Матёқубова ва б. нинг хизматлари алоҳида. Хоразм рақси услуби Хоразм вилоят театри, халқ ансамбллари, «Ўзбекрақс» бирлашмаси тасарруфидаги «Лазги» ансамбли фаолиятида давом этиб келмоқда.
Ад.: Қиличев Т., Хоразм халқ театри, Т., 1988; Авдеева Л., Ўзбек миллий рақси тарихидан, Т., 2001; Кари мова Р., Ўзбек рақслари, Т., 2003.
Муҳсин Қодиров.