ЎЗБЕКЛАР

ЎЗБЕКЛАР — халқ, Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг асосий қисмини ташкил этади. Ўзбеклар нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиёдаги энг кўп сонли халқдир. Ўзбекистонда (20 млн. 800 минг киши, 2005), Тожикистонда (1,2 млн. дан зиёд), Қирғизистонда (550—600 минг киши), Қозоғистонда (320—330 минг киши),Туркманистонда (320—330 минг киши) яшайди. Бундан ташқари, Афғонистонда (2,5 млн. дан 4 млн. гача), РФда (тахм. 123 минг киши, 2002), Саудия Арабистонида (550—600 минг киши), ХХРда (13,7 минг киши, 1998 йил) Туркия, Германия, АҚШда ҳам Ўзбеклар яшайди. Ўзбекларнинг умумий сони 25 млн. дан ортиқ (2000). Ўзбеклар ўзбек тилида сўзлашадилар. Диндорлари — сунний мусулмонлар.

Ўзбеклар алоҳида этник бирлик (элат) бўлиб, Ўрта Осиёнинг марказий вилоятлари — Мовароуннаҳрда, Хоразмда, Еттисувда, қисман Шарқий Туркистоннинг ғарбий минтақаларида шаклланган. Ўзбек халқининг асосини ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида қадимдан ўтроқ яшаб, суғорма деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган маҳаллий суғдийлар, бахтарийлар, хоразмийлар, фарғоналиклар, ярим чорвадор қанғлилар, кўчманчи сакмассагет каби этник гуруҳлар ташкил этган. Шунингдек, Жанубий Сибирь, Олтой, Еттисув, Шарқий Туркистон ҳамда Волга ва Урал дарёси бўйларидан турли даврларда Мовароуннаҳрга кириб келган этник компонентлар ҳам Ўзбеклар этногенезида иштирок этганлиги тарихдан маълум.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳудудида олиб борилган археологик ва антропологик тадқиқотлар натижасида Амударё ва Сирдарё оралиғида сўнгги жез давридаёқ юқорида номлари зикр этилган қабила ва элатларнинг этник жиҳатдан дастлабки аралашуви содир бўлганлиги ва ассимиляция жараёни натижасида антик даврга келиб, ўтроқ ҳаётга мослашган туркий ҳудудий майдон таркиб топганлиги ҳамда ўзбек халқига хос антропологик типнинг макон ва замони аникланган. Маълумки, мил. ав. 3-аср да Сирдарёнинг ўрта оқимида туркий ва суғдийлар иттифоқи асосида Қанғ давлати ташкил топган эди. Қанғ давлати даврида Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақалардаги халқларнинг иқтисодий сиёсий ва этномаданий алоқаларининг тобора ривожланиб бориши натижасида туркийзабон этнослар устуворлик қилиб, ўзига хос уйғунлашган маданият шаклланди. Археологик асарларда бу маданият Қовунчи маданияти номини олган. Антрополог олимларнинг таъкидлашларича айнан шу даврларга келиб, Ўрта Осиё икки дарё оралиғи антропологик типи (қиёфаси) тўлиқ шаклланган (қ. ПомирФарюна ирки). Ўзбеклар этногенезида қатнашган навбатдаги этник компонентлар кушонлар ҳамда мил. 4—5-асрларда Ўрта Осиёнинг марказий вилоятларига Жанубий Сибирдан, Жунғориядан, Шарқий Туркистондан силжиган хионийлар, кидарийлар ва эфталийларцир. Шунингдек, Ўзбеклар этногенезига фаол таъсир ўтказган туркий этник компонентлар асосан Турк хоконлиги (6—8-асрлар) даврида Ўрта Осиёнинг марказий минтақалари (Тошкент, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё воҳалари, Фарғона водийси) ва Хоразмга келиб жойлашиб, маълум бир тарихий давр мобайнида, бу этник компонентнинг аксарият қисми ўтроқлашди. Турк хоқонлиги даврида кириб келган туркий компонентлар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги этникмаданий муносабатларнинг ривожи ҳудуддаги этник жараёнлар тараққиётига катта таъсир ўтказди. Ушбу туркий қатлам маданий ютуқларининг маҳаллий маданийхўжалик анъаналари билан жадал уйғунлашуви юз берди. Бу давр туркийсуғдий симбиозни ҳал қилувчи босқичларидан бири бўлган.

8-асрдан араб ва ажам (араб бўлмаган Яқин ва Ўрта Шарқ) халқларининг Ўрта Осиёга кириб келиши минтақадаги этник жараёнларга катта таъсир этмаган. Бу даврда аҳоли этник таркибида маълум бир ўзгаришлар бўлган бўлсада, Мовароуннаҳрдаги ўтроқ ва яримўтроқ туркийзабон аҳоли, суғдийлар ва Хоразмнинг туб ерли аҳолиси ўз ҳудудларида қолиб, араблар (7—8-асрлар) ҳукмронлиги остида яшаганлар.

Умуман олганда, 9-асрдан бошлаб Мовароуннаҳр минтақасида яхлит туркий этник қатлам, жонли туркий тил муҳити вужудга кела бошлади ва, ўз навбатида, суғдийлар ва бошқалар маҳаллий этносларда ҳам туркиилашиш жараени жадаллашган. Этнограф олим К. Шониёзовнинг қайд этишича, 9—10-асрларда тиғиз этногенетик жараён натижасида кўплаб туркий қабила ва элатларнинг ўтроқ ҳаётга ўтиши жадал давом этган. Бу асрларда Сирдарёнинг шим. да, Мовароуннаҳр ва Хоразмда туркий этник қатлам кучли этник асосга эга бўлган. Табиийки, бу кучли этник қатлам асосининг аксарият кўпчилигини ўтроқлашган турғун туркий этнослар ташкил қилган.

Қорахонийлар даврида (11 —12-асрлар) Мовароуннаҳр ва Хоразмда сиёсий ҳокимият туркий сулолаларга ўтиши муносабати билан ўзбек халқи этногенезининг яқуний босқичи бошланди. Ғарбий Қорахонийлар давлати доирасида ҳоз. Ўзбекларга хос туркий этнос қарор топди ва мазкур даврда ўзбек халқига хос элатни белгиловчи ҳудуд, тил, маданият, тарихий қисматининг умумийлиги, этник ўзликни англаш, этноснинг уюшқоқлиги маълум бир давлат доирасида бўлиши, дин умумийлиги ва бир қанча шу каби бошқа этник аломатлар шаклланган. Бу даврда Ўзбекларнинг умум элат тили қарор топди. Мовароуннаҳр ва унга туташган минтақаларда яшовчи туркийзабон аҳоли: қарлуқ, чигил, яғмо, тухси, халач, арғин, ўғуз, қипчоқ, уз, қанғли сингари уруғлар ўзларини бир халқ сифатида англай бошлаганлар. Умуман олганда, 11 — 12-асрнинг 1-ярмида Ўзбеклар халқ сифатида шаклланган.

13а бошларида Чингизхон истилоси даврида мўғул қўшинлари таркибида кўп сонли туркий этнослар ҳам кириб келди. 15-асрга қадар эса ушбу этносларнинг деярли кўп қисмида маҳаллий аҳоли билан аралашув жараёни содир бўлди ва улар шаклланган ўзбек элатининг кейинги тараққиётида маьлум даражада из қолдирдилар.

Чиғатой улуси тилининг ривожланиши ҳамда кейинчалик Амир Темур ва темурийлар даврида юз берган юксак иқтисодий ва маданий тараққиёт натижасида Мовароуннаҳрда адабий тил такомиллашиб, бу тил илмий адабиётларда «туркий» ёки «чиғатой турк» тили деб номланган. Айниқса, тараққий этган ўзбек адабий тили Алишер Навоий даврида энг юқори нуқтага кўтарилди. Аммо халқнинг жонли тили кўп диалектли бўлиб, адабий тил шаклланишида учта асосий шева — қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз диалектлари асос бўлган. Маълумки, шаклланган ўзбек элатининг Амир Темур ва темурийлар давридаги этник тарихи ва этномаданий тараққиётига барлос, жалойир, қавчин, арлот, қипчоқ каби этник гуруҳлар ҳам фаол таъсир қилган.

Ўзбеклар этник тарихида 15-аср охири 16-асрлар ҳам муҳим давр ҳисобланади. Ушбу босқичда Ўрта Осиёга манғит, қўнғирот, найман, уйғур, сарой. қатағон, қушчи, дўрмон, кенагас, қирқ, юз, минг, баҳрин ва бошқалар Дашти Қипчоқ ўзбек этник гуруҳларининг навбатдаги тўлқини кириб келди. Натижада Мовароуннаҳр аҳолисининг этник қиёфасида уларнинг аломатлари фаоллашган. Дашти Қипчоқдан 2 дарё (Амударё ва Сирдарё) оралиғи ва Хоразмга келиб ўрнашган этник гуруҳлар «ўзбек» номи остида маҳаллий аҳоли этник рангбаранглигини бирмунча кўпайтирган бўлсалар ҳамки, лекин унинг этник таркибини тубдан ўзгартириб юбормаган. Ушбу этнослар шаклланган ўзбек халқининг таркибига келиб қўшилган навбатдаги этник компонент эди, холос. Улар Мовароуннаҳр ва Хоразм аҳолисининг турмуш тарзига, анъаналарига, маданиятига, хўжалик фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатган янги типдаги маданий қатлам ҳосил қилган. Айниқса, Зарафшон водийси ва Ўзбекистоннинг жан. минтақалари аҳолиси орасида бу нисбат кучли сезилади. Маҳаллий аҳолига улар «ўзбек» номини беришган ва бу ном Мовароуннаҳр ва унга қўшни вилоятлар аҳолиси учун расмий равишда умумий ном бўлиб қолган. Ўз ўрнида айтиб ўтиш лозимки, ўзбек этнонимининг келиб чиқиши бўйича фанда якдил фикр мавжуд эмас. Айрим муаллифлар (Г. Вамбери, Г. Ховорс, М. П. Пельо) Дашти Қипчоқда кўчиб юрган туркмўғул қабилаларининг бир қисми ўзларини эркин тутганликлари сабабли «ўзбек», яъни «ўз-ўзига бек» деб атаган десалар, бошқалар (П. П. Иванов, А. Ю. Якубовский, Хилда Хрсхэм) «ўзбек» этнонимини Олтин Ўрда хони Ўзбекхон (14-аср) номи билан боғлайди, бошқа яна бир гуруҳ олимлар эса (В. В. Григорьев, А. А. Семёнов ва Б. Аҳмедовлар) ўзбек номи Оқ Ўрда (Дашти Қипчоқнинг шарқий қисми)да кўчиб юрган туркмўғул қабилаларига тааллуқли бўлган деган фикрни билдирадилар.

Темурийлар салтанати ўрнида дастлаб 16-аср бошларида вужудга келган Бухоро ва Хива хонликлари (қ. Бухоро хонлиги ва Хива хонлиги), 18-аср бошларидан Қўқон хонлигииннг вужудга келиши натижасида ягона тарихий маконда яшаган халклар сиёсий жиҳатдан турли давлатлар тасарруфига тушиб қолган бўлсада, бу ҳолат ўзбек элати бирлигига жиддий путур етказа олмаган. Сиёсий чегаралар бўлишига қарамасдан 3 давлат таркибидаги аҳоли ўзаро доимий этник, иқтисодий ва маданий алоқада бўлиб келганлар.

Тарихий манбаларда келтирилган 92 ўзбек уруғлари нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки бутун Ўрта Осиё ҳудудларида тарқалган. Бу 92 ўзбек уруғларига мўғуллар истилосидан олдинги ва истило даврида ҳамда шайбонийлар даврида келган этник гуруҳлар ҳам киради. Шунингдек, Ўрта Осиёда қадимдан яшаб келаётган чиғил, яғмо, усун, тухси, халач ва бошқалар туркий этник гуруҳлар ҳам 92 ўзбек элати таркибига кирган.

Ўрта Осиё халқларининг 19-аср 2-ярми — 20-аср бошларидаги тарихий тақдири ва тараққиёт босқичлари чор Россиясининг мустамлакачилиги даври билан боғлиқ. Кейинчалик минтақада Совет ҳокимиятининг ўрнатилиши билан Ўрта Осиёда миллийҳудудий чегараланиш ўтказилиб, 5 та миллий республикалар ташкил этилди. Шу билан шаклланган элатлар тараққий этаётган тарихий макон сунъий равишда бўлиб юборилди. Минтақа халқларининг ассимиляция, консолидация жараёнларига жиддий таъсир ўтказилиши ва кейинчалик «совет халқи» номли ягона этник бирликни яратиш ҳақидаги назарияни амалга оширилиши борасидаги олиб борилган сиёсат ҳам Ўзбекларнинг миллийэтник қиёфасига, менталитетига рахна сола олмади.

Ўзбек халқининг ривожланиш жараёни Ўзбекистон мустақилликка эришган санадан бошлаб янгича мазмун касб этди. Тарихий томирларидан куч олган ўзбек миллий маданияти, тафаккури, урф-одатлари, турмуш тарзи ўзига хос уйғониш ва янгиланиш падласига қадам қўйди.

Ўзбекларнинг моддий ва маънавий маданияти ўзига хос ва бойдир. Унинг энг яхши томонлари анъанага айланиб, ҳозиргача сақланиб келмоқда. Ўзбекларнинг қадимий аждодлари табиий шароитдан келиб чиқиб суғорма деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик каби ўзига хос хўжаликмаданий типларни яратганлар. Хўжаликмаданий типларнинг ушбу йўналишлари, ўз навбатида, теваракатрофдаги табиий муҳит билангина эмас, балки муайян этносларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи даражаси билан ҳам белгиланади. Ўзбекларнинг кўпқиррали деҳқончилик анъаналари асрлар оша тўпланган тажрибага таянади. Деҳқончилик — Ў. нинг қадимий машғулотларидан биридир. Минг йиллар давомида деҳқончилик хўжалигини юритиш борасида кўплаб тажриба ва усуллар ҳамда фенологик (ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсидаги мавсумий ўзгаришлар) кузатишлар тўпланган. Деҳқончилик борасидаги тажрибалари узлуксиз ҳолда аждодлардан авлодларга ўтиб борди.

Ёғингарчиликнинг кам бўлиши, иссиқ ҳаво иқлими Ўзбекистон ҳудудида мураккаб суғориш тизими воситасида маҳсулдор суғорма деҳқончиликнинг кенг тарқалишига олиб келди. Илмий тадқиқотлардан кўринадики, суғорма деҳқончилик мил. ав. 3-асрда Хоразм, Зарафшон воҳалари ҳамда Фарғона водийсида магистрал каналлар қуриш, ҳар хил сув боғлаш, тақсимлаш ва сув чиқариш иншоотларини барпо қилиш орқали ривожланган. Ўзбек деҳқонлари арпа, буғдой, тариқ, нўхат, ясмиқ, сабзи, пахта, бодом, ўрик, зиғирпоя, буғдой каби зироатчилик маҳсулотларини қадимданоқ етиштирганлар.

Суғорма деҳқончилик хўжаликлари, асосан, қадимий воҳаларда Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Тошкент воҳаларида, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳавзаларида, Фарғона водийсида жойлашган. Тошкент воҳаси, Фарғона ва Зарафшон водийси, Қашқадарё ва Сурхондарё тоғ этаги минтақасида, асосан, баҳорги экинлар етиштирилган. Маҳаллий деҳқонлар маданийэтник анъаналар асосида далачилик, полизчилик ва боғдорчилик соҳаларида турли усул ва йўлларни ишлаб чиққанлар.

Кўп асрлар давомида турли чорвадор этник гуруҳларнинг ўтроқлашуви натижасида улар маҳаллий аҳолидан деҳқончилик тажрибаларини ўзлаштирдилар ва ўзларининг этник ва маданий хўжалик хусусиятлари билан ўзига хос тарзда деҳқончилик билан шуғулланганлар. Шу асосда деҳқончиликнинг 2 турини ажратиб кўрсатиш мумкин: сунъий суғоришга асосланган интенсив деҳқончилик хўжалиги; асосан, чорвачилик билан қўшиб олиб борилувчи экстенсив лалмикор деҳқончилик хўжалиги.

Ўзбеклар хўжалик фаолиятининг асосий ва қадимий турларидан бири — чорвачиликдир. Бошқа минтақалар аҳолисининг чорвачилиги билан кўпгина ўхшаш жиҳатлари бўлсада, ўзбек этник гуруҳларининг ҳар бирида уй ҳайвонларини боқишда ўзига хос усул ва жиҳатлари бўлган. Шу билан биргаликда, ҳатто бир элат истиқомат қиладиган ҳудудда ҳам чорвачилик хўжалигини юритишдаги табиийгеографик шароитлардан келиб чиқиб ҳамда қўшни халқларнинг таъсири ёки ижтимоийиқтисодий сабаблар натижасида хилмахил усуллардан фойдаланганлар.

Одатда, ўтроқ аҳолида чорва боқиш қўра ёки қўраяйлов тизими, ярим ўтроқ аҳолида ҳайдовяйлов тизими, кўчманчи аҳолида ҳайдов тизими устун турган. Ўзбеклар учун 20-аср бошларига қадар чорвачиликнинг қўраяйлов ва ҳайдовяйлов тизими устувор бўлган. Қўй, эчки ва бошқалар чорва ҳайвонлари чорвачилик хўжалигининг асосини ташкил қилган. Ўзбек чорвачилигида қўйларнинг «ҳисори», «қоракўл» наслларини боқишга айниқса кўп эътибор қаратилган. Қўйчилик, асосан, сотишга мўлжалланган. Қўй жуни ҳам бозорга чиқарилган. Жайдари қорамоллардан ҳўкиз алоҳида гўшт учун ва иш кучи сифатида парвариш қилинган.

Ўзбекларда қадимги даврлардан йилқичилик жуда ривожланган. Маҳаллий аҳоли, айниқса, лақай, қорабайир зотли отларни парвариш қилганлар. Дашт зонасида яшовчи Ўзбеклар туячилик билан ҳам шуғулланишган.

Ҳунармандчилик Ўзбеклар орасида қадимдан кенг ривожланганлиги археологик тадқиқотлардан маълум. Ҳунармандчиликнинг ривожи шаҳарларнинг нафақат иқтисодий ва ижтимоий, балки сиёсий ва маданий марказларга айлана бошлаганлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўзбек ҳунармандлари кўплаб тери ва жундан, ёғоч ва металлдан, хилмахил буюмлар ясаб, пахта ва ипакдан турли матолар тўқиб, кийимкечакларни бозорларда сотишган.

Ўзбек ҳунармандчилигининг темирчилик, дегрезлик, мисгарлик, заргарлик, дурадгорлик, аравасозлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, мармар ўймакорлиги, кулолчилик каби кенг тарқалган тармоқлари ҳамда тўқимачилик, ипакчилик, каштадўзлик, зардўзлик, дўппидўзлик каби уйрўзғор касбкорликлари тараққий этган.

Ўзбекларнинг анъанавий турар жойлари қадимдан ўзиға хос бўлиб, улар яшаган минтақанинг табиийгеографик шароити билан боғлиқ бўлган. Турар жойлар барпо этишда қурилиш конструкцияси ва услуби, режаси ва безаклари билан Фарғона, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз меъморлик йўналишлари машҳур бўлиб келган. Уйжой қурилишида Ўзбекларда қадимий уйлар, одатда, кўча ва қўшни томони девор билан ўралган ҳовлилардан иборат бўлган. Барча турар жой ва хўжалик хоналарининг деразалари ичкари томонга қаратилган. Ҳовли 2 қисмга — болалар ва аёллар учун ичкари ҳовли ҳамда номаҳрам эркаклар ва меҳмонлар учун меҳмонхона тарзида ҳашаматли хоналардан иборат ташқари ҳовлига бўлинган. Ҳунармандларнинг уйларида дўкон ва шогирдлар яшайдиган хоналар ҳам ташқарида жойлашган. Энг кўп тарқалган 2 хонали уй вариантларидан бири сифатида даҳлиз ва катта уйдан иборат бўлган уйларни кўрсатиш мумкип. Бундай уйжойлар, одатда, олди аивонли ва айвонсиз қилиб қурилган. Аҳоли ўртасида анъанавий пахса ва синчли уйлар билан бирга ғиштли уйлар ва уларни нақшинкор ганчли безаклар билан қуриш ҳам мавжуд бўлган.

Ўзбекларда доимий уйжойлар 10-асрга қадар, асосан, тош, пахса ёки хом ғиштдан қурилган. Лой асосий қурилиш материали ҳисобланган. Пишган ғишт қадимдан қўлланилиб келинсада, кенг миқёсда ундан уйжой қуриш 9-асрдан бошланди. Бухоро ва Хивада ҳовли эшикларига жез ёки темирдан ясалган болға ёки ҳалқасимон болдоқ осилган.

Эски типдаги уйларнинг хоналари ва деразалари айвонга қараган. Эшиклар ичкарига, дарчалар ташқарига очилган. Дераза ёки эшикнинг юқори қисмига ёруғлик тушадиган туйнук қўйилган ва унга ёғоч ёки ганчдан ясалган панжара ўрнатилган (қ. Тобадон). Уйга кирадиган жойда эшик олдида тўғри бурчакли пештоқ (пойгак) бўлиб, унга пойабзал ечиб қўйилган. Эшик олдидаги бурчакда сув қуйиладиган (оқизадиган) махсус жой (обрез, адан, ташноб) жойлашган бўлиб, унга Бухоро ва Самарқандда мармар тош, Фарғона водийсида ва Тошкентда пишиқ ғишт, Хивада махсус сопол терилган.

Одатда, уйларнинг тарҳи оила аъзоларининг сонига қараб бир неча уй (хона), даҳлиз ва айвондан иборат бўлган. Ҳовлида эса хўжалик учун омборхона, ҳожатхона ва молхона бўлган. Шаҳарларда ёки аҳоли зич жойлашган қишлоқларда меҳмонхона, одатда, 2қаватда — болохонада жойлашган. Айниқса, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Ургут шаҳриларида жуда шинам меҳмонхоналар қурилган. Бу каби меҳмонхоналардан тўй ҳашамларда, мотам маросимларида ҳам кенг фойдаланилган. Бундан ташқари, қиш пайтлари меҳмонхоналарда маҳалла эркаклари тўпланишиб гапгаштаклар ўтказганлар. Ҳоз. кунга келиб замонавий уйларнинг қурилиши анча такомиллашган бўлиб, уйларнинг қурилишидаги миллий анъаналар замонавий кўринишлар билан ўзаро уйғунлашган. Бугунги уйлар муайян режа асосида турли қулайликлар билан қурилмоқда (яна қ. Турар жой).

Ўзбекларнинг миллий кийимлари ҳам кўп асрлик тарихга эга бўлиб, анъанавий турмуштарзи, табиийгеографик муҳит ва хўжаликмаданий анъаналар билан боғлиқ бўлган. У. да асосий миллий кийимлар: эркакларда оқ ёки малла бўздан тикилган кўйлак, яктак, тўн, белбоғ, салла, махси, кавуш, этик; аёлларда — рўмол, кенг кўйлак, узун лозим, нимча, калтача, махси, кавуш. Бош кийимлардан — дўппи, кулоҳ, исломият давридан бошлаб унинг устидан салла ўралган, аслзодаларнинг бош кийимлари зарли ва кумуш иплар билан безатилган, пешона қисмига турли олмос, қимматбаҳо тошлардан ясалган тўғноғичлар қадалган. Қиш фаслида кулоҳ ёки бадавлат кишилар мўйнали телпаклар кийишган. Ўзбеклар орасида энг кўп тарқалган енгил бош кийими дўппидир.

Дўппи, асосан, бахмал, сидирға шойи, сатин қаби матоларга ип, ипак, зар билан кашта тикиб тайёрланган. Ўзбекистонда Чуст, Марғилон, Қўқон, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Бойсун, Шаҳрисабз дўппилари кенг тарқалган. Тошкент дўпписи сидирға кўк бахмалга тикилган (яна қ. Дўппи). Оёқ кийимлари таг чарми юмшоқ бўлган узун, қўнжли, пошнасиз, кавуш билан кийиладиган махси, ўзига тўқ одамлар орасида эса уч қисми қайрилган баланд пошнали этик кийиш урф бўлган. Аёллар бош кийим сифатида, асосан, рўмол ўраган. Ёши ва мавқеига, оилавий аҳволига қараб дока рўмол, шол рўмол, ғижим рўмол ва бошқалар хил рўмоллар ўралган (ўралиш усули ҳам турлича бўлган). Қизлар учун қулай бош кийими дўппи ҳисобланган. Тошкентда ироқи чоргул, Самарқандда йўрмадўзи, Андижонда мунчоқ гулли, Бухорода зардўзи, Қашқадарё, Сурхондарёда ироқи дўппилар машҳур. Бош кийимлар устидан чиройли нақшлар билан безатилган тиллақошлар, бўйинга бўйинтумор, зебигардон, қўлга билагузук, узук, бурунга булоқи ва бошқалар тақинчоқлар тақилган. Аёллар одми газмоллардан тикилган қоматга ёпишиб, кўйлак этагидан бир оз юқорироқ турадиган авраастарли пахталик чопонлар ҳам кийишган.

19-асрнинг 80-й. ларигача кийимлар тўғри бичимли шаклни сақлаган. Кийим шаклларининг йўлйўл, сидирға ва гулли маҳаллий матолардан тайёрланган, олди, этаги, енг учи, ёқаси гулли жияк билан ҳошияланган кўринишлари кенг урф бўлган. 19-асрнинг 20—30-й. ларида кийим бичими ўзаро бир-бирига яқин бўлган 2 йўналишда ўзгариб борди. 20-асрнинг бошларидан бошлаб Ўзбеклар ўртасида европача кийимларни кийиш урфга кирди. Миллий кийимга европаликлар кийими хусусиятларининг киритилиши миллий кўйлакни шим билан аёллар кўйлакларини нимча билан кийилишига олиб келди. Бу тарихан ҳаёт шароитининг ўзгариши ва оммавий саноат и. ч. ининг ҳунармандчиликдан устунлиги туфайли содир бўлди.

Миллий бичимдаги кийимлар қоматга қараб тикила бошланди, аёл кўйлаклари торайиб ва калталашиб борди, олдинроқ юзага келган кокеткали (кўкрак бурма) ва қайтарма ёқали кўйлаклар ҳаётга муқим кириб борди, енги калталашди. 20-асрнинг 50—60-й. ларидан бошлаб эркаклар кийимини тўғри елкали қоматга мосланган пиджак, кенг шимлар, аёллар кўйлагини тўғри елкали эркин кесма лиф, этакка томон кенгайган юбка кийиш расм бўла бошлаган. Бироқ, Ўзбеклар орасида европача кийимлар билан бирга миллий кийим ҳам урфдан қолмади. Унинг ўзига хослиги шаклида ва миллий мато колоритида намоён бўлди. Бу жиҳатдан аёлларнинг кенг ёзги кўйлаги ва эркаклар яктаги диққатга сазовор. Кекса одамлар орасида тўннинг кундалик кийим сифатида сақланиб қолиши анъанавий тус олди.

Таомлари. Ўзбекларнинг таом тайёрлаш анъанаси ва маданияти кўп асрлик тарихга эга бўлиб, миллий таомларни тайёрлашда азалдан турли хил гўшт, ўсимлик маҳсулотларидан кенг фойдаланганлар. Ўзбеклар кундалик овқат сифатида буғдой, арпа, гуруч, нўхат, мош, зиғир, кунжут каби дон, сабзи, пиёз, шолғом каби сабзавотлар, қовун, тарвуз каби полиз маҳсулотларини кенг истеъмол қилганлар. Азалдан миллий таомларни тайёрлаш учун чорва — қўй, қорамол, эчки ёғлари, кунжут, зиғир ва сариёғ (сут маҳсулотларидан олинган), пахта ёғи ишлатилиб келинади. Овқатланишда, айниқса шаҳарликларнинг асосий таомлари сут маҳсулотларидан: қатиқ, сузма, творог ёки чакки (зардоби олинган қатиқ), қаймоқ ва бошқалардан иборат. Таомга жуда кўп зира ва зирк ишлатилади. Гўштли, сабзавот ва ёрмали қуюқ таомлар заъфарон, кашнич қўшиб тайёрланади. Умуман, ўзбек миллий таомлари ўзининг лаззатлилиги, калориялилиги ва сервитаминлиги билан ажралиб туради. Айниқса, палов, норин, шўрва, кабоб, мастава, шавла, мошхўрда, мошкичири, чучвара, шилпилдоқ ва бошқалар кенг тарқалган. Баъзи қуюқ таомлар (палов) тайёрлашнинг ўнлаб усуллари мавжуд. Нон тайёрлаш ҳам ўзбек пазандачилигида алоҳида ўрин тутади. Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида нон ёпишда кунжут, арпабодиён, седанани кенг қўллайдилар (яна қ. Нон).

Дини. У. нинг Урта Осиёда яшаган қадимий аждодлари тангричшик, шомонлик, зардуштийлик, буддавийлик, монийлик каби динларга эътиқод қилганлар. Бу диний эътиқодларнинг айримлари Урта Осиёда ислом дини ёйилгунича (8-асргача) сақтанган. Ҳозирда Ўзбекларнинг дини ислом дини бўлиб, унинг суннийлик мазҳаби Узбекистон ҳудудида 10-асрдан сўнг ҳукмрон мавқега эга бўлган.

Ўзбекларнинг урф-одатлари, маросимлари ва байрамлари рангбаранг ҳамда ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бир неча минг йиллар мобайнида шаклланиб келган. Анъанавий урф-одатлар ва маросимлар ўзбек халқининг этногенезида иштирок этган деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган воҳа ва чўл аҳолисига хос элементларни ўзига сингдирган турли қабила ва этник гурухларнинг этномаданий тажрибаларининг мураккаб қўшилиши жараёнида шаклланган. Мас, бола туғилиши (чилла, бешик керти), суннат тўйи, никоҳ ва мотам маросимларида Ўрта Осиё халқларига хос умумий ўхшашликлар мавжуд. Ўзбекларда жамоа муносабатларига оид урф-одатларни шаҳарда маҳалла, қишлоқда қишлоқ жамоаси акс эттирган, уларнинг фаолиятида эркаклар ва болалар қатнашган. Ўтмишда барча удумлар, маросимлар қишлоқ ва шаҳарда маҳалла жамоаларининг ташаббуси билан ўтказилган. Жумладан ҳашар кенг тарқалган. Ҳашарнинг бир неча тури мавжуд: жамоа ишларини бажаришда, қўниқўшничилик ва қавмқариндошлик доирасида ўтказиладиган ҳашар ва бошқалар Жамоа ҳашари билан уйжой, кўприк қуриш ва таъмирлаш, ариқзовурлар қазиш, уларни лойқадан тозалаб туриш; масжид қуриш ва таъмирлаш, мозорларни тозалаш ва бошқалар ишлар бажарилган. Ёшларни одобахлоқ руҳида тарбиялашда жамоанинг ўрни ҳам катта бўлган. Жамоанинг ҳар бир аъзоси меҳмондорчилик, маърака ва бошқалар жамоат жойларида ёши ва мавқеига қараб жой эгаллаган. Ўзбекларнинг жамоа маросимларига Наврўз байрами. меҳржон сайли, лола сайли, қизил гул сайли, Рўза ҳайити (Ийд алФитр), Қурбон ҳайити (Ийд алАдҳо), сумалак сайли ва бошқалар, уларни ўтказиш билан боғлиқ халқ одатлари, расмрусумлари киради. Ҳар бир байрам ўз тарихига эга бўлиб, у халқ ижодий меҳнати ва ҳаёт шароити билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбек халқи орасида энг кенг тарқалган, миллий тусга эга бўлган урф-одатлардан мавсумий маросимлар диққатга сазовордир. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, ўзбек мавсумий маросимларини қуйидаги туркумларга тасниф этиш мумкин:

1) қишда ўтказиладиган гапгаштак, ясаюсун кабилар;

2) баҳорги маросимлар — Наврўз, шохмойлар (қўш чиқариш), лола ёки қизил гул сайли, лой тутиш, суст хотин кабилар;

3) ёзги маросимлардан қовун сайли, чой момо ва ҳ. к. ;

4) кузги маросимлар — ҳосил йиғими билан боғлиқ меҳржон, облобарака, шамол чақириш, узум сайли кабилар.

Советлар ҳукмронлиги даврида амалдаги мафкурага мувофиқ, бир қанча маросимлар, жумладан, «комсомол тўйи», «қизил тўй», Октябрь (7 ноябрь) байрами, Совет Армияси куни, Совет конституцияси куни, «Пахта байрами» ва бошқалар жорий этилди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бу байрамларнинг кўпчилиги ўз-ўзидан барҳам топди, лекин жорий тақвим билан боғлиқ умумбашарий байрамлардан 1 январь — Янги йил куни, 8 март — халқаро хотин-қизлар куни сақлаб қолинди. Айни вақтда, мустақил Ўзбекистон Республикасида янги халқ байрамлари таъсис этилди: 1 сентябрь — Мустақиллик куни, 8 декабрь — Республика Конституцияси қабул қилинган кун, 9 Май — Хотира ва қадрлаш куни. Шунингдек, Рўза ва Қурбон ҳайитлари куни, Наврўз байрами тикланди ва янгича мазмун кашф этди.

Ўзбеклар жамоавий турмуши чуқур тарихий илдизларига эга. Бу тартиботнинг ибтидоси антик даврларга бориб тақалади. Ёзма ва археологик манбаларда минтақанинг қадимий шаҳарлари аҳолиси орасида жамоалар фаолият кўрсатганлиги, фақат турмушдагина эмас, балки и. ч. да ҳам жамоа асослари мавжудлиги қайд этилган. Ўрта асрларда жамоа фақат жамоавий асослардагина суғориш тизимини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш, бинобарин, деҳқончилик билан шуғулланиш мумкин бўлган қишлоқ аҳолиси учун ҳам, шунингдек, шаҳар аҳолиси учун ҳам ўзининг илгариги аҳамиятини сакдаб қолган эди.

Ўз-ўзини бошқарувнинг тарихан таркиб топган ушбу тизими нафақат биргаликда фаолият олиб боришгина бўлмай, айни вақтда ижтимоий ҳаётни ташкил этиш, оила ва турмуш анъаналарини, расмрусумларини халқимиз турмуш тарзининг барча тизимини саклаш ва бойитишдан ҳам иборат бўлган. Яқин вақтларгача, ҳудудий қўшничилик жамоаси халқимизда турли минтақаларда турлича номлар билан аталган, чунончи, «маҳалла», «гузар», «масжид», «жамоа», «элат». 20-асрнинг 90-й. ларидан республиканинг шаҳар ва қишлоқларида ҳудудийқўшничилик жамоаси ягона маҳалла атамаси билан юритиладиган бўлди. Зеро, ўз-ўзини бошқаришнинг халқимиз анъаналари ва қадриятларига жуда мос бўлган ушбу усули — маҳаллалар тизими сўнгги йилларда жуда катта нуфузга эга бўлиб бормоқда.

Ҳоз. даврда Ўзбеклар замонавий касбҳунарни эгалламоқдалар. Компьютер ва интернетдан фойдаланиш Ўзбеклар ҳаётига сингиб кетди. Демократик жараёнлар ривожланмоқда. Миллий, маданий қадриятларга эътибор кучаймоқда.

Ад.: Якубовский А. Ю., К вопросу об этногенезе узбекского народа. Т., 1941; Исмоилов Ҳ., Анъанавий ўзбек кийимлари (Этнографик материаллар), Т., 1978; Шаниязов К. 111., Исмаилов Х. И., Этнографические очерки материальной культурм узбеков конца XIX — начала XX в., Т., 1981,Аҳмедов Б., Тарихдан сабоқлар, Т, 1995; Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001; Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001; Кадмрова Т. Ф., АрхитектураУзбекистана, М., 1987; Қорабоев У., Ўзбек халқ байрамлари, Т., 2002; Жабборов И., Ўзбеклар анъанавий турмуши ва маданияти, Т., 2004; Ўзбек пазандалик санъати, Т., 2005. Адҳамжон Аширов, Асрор Қаюмов.


Кирилл алифбосида мақола: ЎЗБЕКЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ў ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕРМАНИЯ
ФРАНЦИЯ
ЭРОН
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты