ХОРАЗМИЙ, Абу Жаъфар (Абу Абдуллоҳ) Муҳаммад ибн Мусо алХоразмий (783, Хива — 850, Бағдод) — ўртаосиёлик буюк математик, астроном, географ, фан тарихидаги илк крмусий олимлардан. Дастлабки маълумотни Хива ш. да олган ва етук олим бўлиб шаклланган. Бунда араб истилосидан сўнг муайян даражада сақланиб қолган қадимги Хоразм фани анъаналари асосий роль ўйнаган. Халифа Ҳорун арРашиднинг ўғли ва унинг Хуросондаги волийси алМаъмун ҳузурига — Марвга таклиф этилган. 819 й. да Бағдодни эгаллаган алМаъмун туркистонлик олимлардан X., Аҳмад алФарғоний, Ҳабаш алҲосиб Марвазий, Абул Аббос Жавҳарий ва б. ни ўзи билан олиб кетиб, ўзига хос илмий жамоа ташкил этган. Бу жамоа фан тарихидаги дастлабки росмана академия деб қараладиган илмий муассаса — «Байт улҳикмат» («Донишмандлик уйи») нинг ўзагини ташкил этган. Бу академияда X. етакчи олим ва илмий раҳбар бўлган. У шу даврдан бошлаб Бағдодда алМаъмун (813 — 833), сўнг алМўътасим (833 842), алВосиқ (842 —847) халифалиги даврларида яшаб ижод этган.
Хоразмийнинг бизгача ўнтача асари тўлиқ, қисман ёки айрим парчалар тарзида етиб келган. Шу асарларнинг ўзиёқ кўрсатадики, X. инсоният цивилизациясига буюк ҳисса қўшган олимдир. Америкалик фан тарихчиси Жорж Сартон Хоразмийни «Ўз замонасининг энг буюк математиги, агар барча ҳолатлар эътиборга олинса, барча замонларнинг энг буюк математикларидан бири», деб баҳолаган. Бундай баҳо Хнинг математика тарихида тутган бекиёс ўрни туфайлидир.
Мил. ав. 6-а. дан милодий 5-а. гача равнақ топган юнон маданияти 4-а. га келиб инқирозга юз тутди. 415 й. да юнон фанининг хазинаси бўлган Искандария кутубхонаси вайрон қилиниб, минглаб китоблар ёқиб юборилди. Натижада фан тараққиётдан тўхтаб, хатто қўлга киритилган ютуқлар ҳам унутила бошлади. 4 —8-а. ларда олис Хитой ва Ҳиндистондаги айрим олимлар фаолиятини ҳисобга олмаганда Константинополь (Византия) ва Гандишапурда (Эроннинг ҳозирги Ҳузистон вилоятида) жон сақлаган юнон олимлари, айрим сурёний, яҳудий ва насроний руҳонийлари омон қолган юнонча китобларни сақлаш, таржима килиш, шархлар битиш билангина шуғулланган, диний эҳтиёжлар туфайли айрим астрономик кузатувларгина олиб борилган.
9-а. да Араб халифалиги кучайиб, унинг пойтахти Бағдод улкан иктисодийижтимоий марказга айланди ва бу ерга илм аҳли оқиб кела бошлади. АлҲажжож ибн Матар алКуфий, Абу Закарийя Яҳё ибн алБитрик, Ҳунайн ибн Исҳоқ, Қуста ибн Луқо алБаалбакий ва б. юнон олимларининг асарларини, Муҳаммад алФазарий, Яъкуб ибн Тарик ва б. олимлар ҳинд тилидаги китобларни араб тилига таржима қила бошладилар, араб тилида дастлабки шархлар битилди. Лекин фан янги марраларни эгаллаши учун уни янги ривожланиш босқичига кўтариш лозим эди. Фан тарихчиси Адам Мец ибораси билан «Мусулмон ренессанси» деб аталган фан тарихидаги бу ҳодиса биринчи навбатда X. номи ва илмий жасорати билан боғлиқ.
X. Бағдодда юнон фанининг ютуқларини ўрганади, ҳинд ва эрон манбалари, ҳатто бевосита Бобилдан крлган айрим фактлар ҳамда хитой манбалари билан ҳам танишади, уларни ўзининг муҳим кашфиётлари билан бойитади ва фан тарихида абадий из қолдирган фундаментал асарлар яратади. Шунинг учун X. ўзигача мавжуд бўлган цивилизация меросини синтез қилиб, бойитиб жаҳонга ёйган фан даҳоси ҳисобланади.
X. алгебра фанига асос солгани, бу фан атамаси унинг «Китоб мухтасар мин ҳисоб алжабр валмуқобала» («Алжабр валмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб») асари номидан келиб чиққани яхши маълум. Лекин баъзан X. фақат ўзиДан аввал маълум бўлган чизиқли ва квадрат тенгламалар ечиш усулини тизимга солган, деган нуқтаи назар учрайди. Бу фикр X. асари шу мавзудан бошланганлиги туфайли пайдо бўлган. Ҳолбуки, Хоразмийнинг китоби, биринчи навбатда, алгебраик ҳисобга бағишланган. Бу шундан ҳам кўринадики, китоб номи икки муҳим алгебраик амал — алжабр ва алмуқобала билан аталган. X. алгебраик амалларни, аввал тенгламаларни ечишда қандай қўлланишини баён этиб, сўнг алгебраик шакл алмаштиришларига ўтган. Акс ҳолда китобнинг мақсадини тушуниш қийин бўлар эди. X. асари 12-а. нинг бошларида кремоналик Герардо, честерлик Роберт томонидан лотинчага таржима қилинган, номи қисқариб «алжебра» (француз, инглиз тилларида), «алгебра» (немис, рус тилларида) деб атала бошлаган ва фан номига айланиб кетган.
Унинг муқаддимасида китоб нима мақсадда ёзилгани баён қилинади: «Мен арифметиканинг оддий ва мураккаб масалаларини ўз ичига олувчи «Алжабр валмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб»ни таълик қилдим, чунки мерос тақсимлашда, васиятнома тузишда, мол тақсимлашда, адлия ишларида, савдода ва ҳар қандай битимларда, шунингдек, ер ўлчашда, каналлар ўтказишда, геометрияда ва б. шунга ўхшаш турли ишларда кишилар учун бу зарурдир».
Китоб уч қисм (китоб)дан иборат. Унинг 15 бобли биринчи қисми «Китоб алмухтасар филжабр валмуқобала» деб номланган ва соф математик фактлар баёнига бағишланган. Хусусан, унда Қад. Бобилдан маълум бўлган биринчи ва иккинчи даражали тенгламаларни ечиш усуллари баён қилинган. X. манфий сонлардан фойдаланмагани учун тенгламаларни қуйидаги кўринишда қарайди: ax2=bx, ax1=c, bx=c, ax2+bx=c, ax2+c=bx, ax2=bx+c. (Улар ҳозирги фан тилида биринчи ва иккинчи даражали тенгламаларнинг мусбат сонлар яриммайдони устидаги каноник кўринишларидир).
X. ҳар бир ҳолда тенгламани ечиш қоидалари ҳамда уларнинг қатъий исботларини келтиради. Исбот гарчи ташқи кўринишда геометрик тилда баён қилинсада, моҳиятан ҳозирги алгебраик исбот билан мое тушади.
Китобнинг кейинги бобида алгебраик ҳисоб, хусусан, алжабр ва мукрбала амаллари баён қилинади. Бу бобда «иррационаллик» тушунчаси киритилади, «ишоралар қоидаси» келтирилади. Китобнинг навбатдаги икки боби алгебрадан масалалар тўплами бўлиб, алжабр ва муқобала амаллари билан ечиладиган мураккаброқ мисолларга, «Ўлчашлар ҳақида боб»и геометрията бағишланган. Унда шаклларнинг юз ва ҳажмларини ўлчаш қоидалари, Пифагор теоремаси ва б. фактлар баён қилинган. Бу боб ҳажм жиҳатдан кичик бўлса ҳам, ўша давр амалиёти учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олган. Лекин муаллиф муқаддимада қайд этганидек, бу бобдан кўзланган асосий мақсад геометрияни баён қилиш эмас, балки алгебра геометрияда ҳам қўлланишини намойиш қилиш бўлган. Mac, уч томони берилган учбурчакнинг баландлиги алгебра воситасида топилиши кўрсатилган.
Китобнинг қолган икки қисми «Васиятлар китоби» ва «Такдир айланишлари ҳисоби ҳақида» деб номланиб, мусулмон фиқҳи бўйича, хусусан, мерос тақсимлашга оид масалалар алгебра усуллари билан қандай ҳал этилиши кўрсатилган.
Шундай қилиб, «Алжабр валмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб» алгебра асослари ҳамда алгебрани амалда татбиқ этишга бағишланган мукаммал дарслик бўлган (яна қ. «Алжабр вал муқобала»).
Цивилизация тараққиётида сонлар ва арифметик амаллар қандай ўрин тутиши равшан, бусиз жамият тараққиётини тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Бугун умумбашарий маданиятнинг энг оддий унсурига айланиб кетган сонларни ўнли саноқ системасида ёзиш ва улар устида арифметик амалларни бажариш қоидалари Хоразмийнинг «Арифметика» асари туфайли жорий бўлган.
Гап шундаки, ҳинд олимлари томонидан кашф этилган сонларни ўнта рақам ёрдамида ёзиш усули Хоразмий гача ҳам Яқин Шарқ олимларига маълум эди. Лекин шунга қарамай ҳинд ҳисоби кенг ёйилмаган. Хоразмийнинг буюк хизмати шундаки, у ўнли санок, системасининг аҳамиятини биринчи бўлиб пайқаб, содда ва лўнда услубда баён қилиб берган. Шу туфайли Хоразмийнинг китоби ҳам, ўнли саноқ системаси ҳам тез орада Шарқий Туркистондан Испаниягача бўлган ҳудуддаги мусулмон дунёсига, 12-а. дан бошлаб Европага тарқалди. Шунинг учун Хоразмийни бутун инсониятни арифметиках* ўргатган устоз ҳисоблаш мумкин.
Ўрта асрларда математика, астрономия ва б. фанлар соҳасида ёзилган юзлаб олимларнинг китоблари орасида айнан X. асарлари Шарқца ҳам, Ғарбда ҳам энг кўп тарқалгани ва умуминсоний тараққиётга энг кўп ҳисса қўшгани билан ажралиб туради. Бунга X. кенг қўллаган оригиналбаён услуби сабаб бўлган. Бу услуб тагида алгоритм ғояси ётади. Хоразмийнинг бу ғояси замонлар ўтиши билан кўпроқ аҳамият касб этиб бормоқда ва бугунга келиб жамият тараққиётининг энг муҳим омилларидан бирига айланди — рақамли ахборотни қайта ишлаш шунга асосланади.
Алгоритм намуналари (мас, Эвклид алгоритми) юнон математикасида учрайди. X. алгоритмик мушоҳаданинг қийин ва мураккаб мавзуларни баён қилишдаги аҳамиятни тўғри баҳолаб, уни ўз асарларида мунтазам равишда қўллаган, мушоҳада ва баён услубига айлантирган. Ўрта асрларга келиб, Европада аввал тўрт амални бажариш қоидалари, сўнг умуман арифметика, 18-а. дан ҳар қандай қатъий тартибдаги математик қоидалар, 19-а. дан ҳисоблаш машиналари учун дастурлар «алгоритм» деб атала бошлаган. 20-а. ўрталарида алгоритм тушунчаси компьютерлар фанининг ўзак концепциясига айланган бўлса, аср охирида у математика ва информатика доирасидан чиқиб, барча табиий фанлар ва техникада тафаккурнинг зарурий унсури — алгоритмик мушоҳада қобилияти даражасига етди. Хоразмийнинг нисбаси алгоритм атамасига айлангани тарихий адолатдир.
X. «Арифметика»си сонлар табиати ҳақидаги умумий мушоҳадалардан бошланади. Сўнг исталган бутун мусбат сонни ўнта рақам орқали ёзиш усули, яъни ўнлик саноқ системаси ва унинг афзалликлари баён қилинади. Сўнг бу саноқ системасида ёзилган сонларни қўшиш, айириш, купайтириш ва бўлиш қоидалари баён килиниб, мисоллар билан тушунтирилади. Шундан кейин X. каср сонлар ҳақида тушунча беради ва улар устида арифметик амалларни олтмишли саноқ системасига асосланиб бажариш кридаларини айтади.
Китоб бош қисмининг (уч яримни саккиз бутун ўн бирдан учга купайтириш мисолигача) лотинча таржимаси сақланган, холос. Тарихчилар асарнинг қолган қисмлари ҳақида бир фикрга келолмаган. Таржималардан бир нусхаси «Магистр А. томонидан тузилган алХоразмийнинг астрономия санъатига кириш китоби» деган сўзлар билан бошланиб, у 1143 й. да кўчирилган (Венада сакланади). Иккинчи рисоланинг нусхаларидан бири ҳам шу даврга мансуб бўлиб, испаниялик Юханнога тегишли (Парижда сакланади).
Бу манбаларга кўра, X. «Арифметика»сининг давомида сонларни иккилантириш, иккилаш (яъни иккига бўлиш) ва квадрат илдиз чиқариш амаллари баён қилинган.
Мутахассислар Миланда сакланаётган «алХоразмийнинг бутун квадривиумига муқаддима китоби» қўлёзмасига асосланиб, X. «Арифметика»си аслида квадривиум, яъни арифметика, геометрия, астрономия ва мусика қисмларидан иборат бўлган деб тахмин килишади. Булардан ташқари, қад. қўлёзмаларда Хоразмийнинг К«итоб алжамъвалтафриқ» («Қушиш ва айириш китоби») асарига тегишли деб кўрсатилган парчалар учрайди. Бу фактга кўра, X. арифметикага оид яна бошқа асарлар ҳам ёзган.
Хоразмийнинг фан тараққиётида чуқур из қолдирган яна бир асари «Зиж»дир. У назарий астрономия ва астрономик жадваллардан иборат бўлиб, арабча қўлёзмалари сакланмаган, Маслама алМажритий (10а.) томонидан қайта ишланган вариантнинг лотинчага ва яҳудийчага таржималари етиб келган.
X. «Зиж»и ўрта асрлар фанидаги астрономияга оид дастлабки асар бўлиб, 37 бобдан иборат ва 116 та жадвални ўз ичига олади. Унда турли тақвимлар, хронология, Қуёш, Ой, сайёраларнинг ҳаракати, буржлар ва б. ҳақвда маълумотлар келтирилган. Хусусан, Қуёш ва Ой ҳаракати тенгламалари ва тутилиш муддатларини аниклаш қоидалари, синуслар жадваллари, географик нуқталарни топиш қоидалари берилади. «Зиж»да биринчи марта тангенс функцияси киритилган.
X. «Зиж»и ҳам астрономия ва тригонометриянинг кейинги тараққиётида намуна вазифасини ўтаган.
Хоразмийнинг «Китоб амал биластурлобот» («Астролябиялар билан амаллар ҳақида китоб») асарида қад. ва ўрта аср астрономиясининг асосий кузатув асбоби бўлган астролябия (арабча астурлоб) ясаш ва ундан фойдаланиш, осмон ёритқичларининг баландлиги, буржларга кириш вақти, бир кунлик ҳаракати ва эклиптик координаталари, географик объектларнинг координаталари, янги Ой чиқиш муддатларини аниқлаш ва б. аниқ ва лўнда қоидалар тарзида (алгоритмик услубда) баён қилинган. Бундан ташқари, китобда аср намози вақтини аниклаш, синусквадрант деб аталувчи асбоблар тўғрисида ҳам сўз боради. Бу эса X. илмий асбобсозлик билан ҳам шуғулланганлигидан далолат беради.
«Зароиф мин амал Муҳаммад ибн Мусо алХоразмий маъриф ассамтбиластурлоб» («Муҳаммад ибн Мусо алХоразмийнинг астролябия ёрдамида азимутни аниклаш бўйича амалларидан келиб чиқадиган зариф фикрлар») номли кичик асарида (қўлёзмаси Истанбулдаги Аё София кугубхонасида сақланади) астрономиянинг икки масаласи — Қуёш азимутини ва меридиан чизиғини аниклаш, Ернинг ўша даврда маълум қисми — Ойкуменанинг етти икдимга бўлиниши, ҳар бир иклим учун буржларнинг кўтарилиш вақтлари тўғрисида маълумотлар келтирган.
«Қуёш соати текислигвда соат ясаш» (Аё София кугубхонасида сакланади) китобида горизонтал текисликда куёш соати ясаш, яъни сояси мил вазифасини ўтовчи пластинка — гномон ўрнатиш ва соат шкаласини чизиш қоидаси, гномон соясининг шкаладаги ҳолатига қараб вақтни аниклаш усули баён қилинади. Гномон соясининг учи сирпанадиган чизиқ — гиперболани ясашда қутб координаталари системаси қўлланган ва бу аналитик геометрияга оид дастлабки фактлардан ҳисобланади. Хоразмийнинг «Яхудийлар тақвими ва байрамларини аниклаш ҳақида рисола» (Ҳиндистоннинг Патна шаҳрида сакланади) асари олимнинг этнография билан шуғулланганидан далолат беради. Бу асарда яҳудий тақвими, уни бошқа тақвимларга ўтказиш қоидалари, яхудийлар байрамлари ва уларни тақвимда белгилаш қоидаларини, айрим муҳим астрономик маълумотларни беради. Қуёш йилининг уз. 365 куну соат, яъни 365,242265 кунга тенг эканлиги айтилади. Бу ўз даври учун жуда аниқ маълумот бўлган. Тарихчилар бу асар аслида Хоразмийнинг этнография ва тақвимларга оид йирик асаридан кўчириб олинган парча бўлиши керак, деб тахмин қилишади.
X. юнон олими Птолемейщя кейин яшаган буюк географларидан биринчиси саналади. Унинг «Сурат алАрз» асари (бошқа номи «АлХоразм географияси», тўлиқ номи Птолемей таклиф этган «География» китобидан Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо алХоразмий таскин этган Ер сурати — шаҳарлар, тоғлар, денгизлар, ороллар ва дарёлар китоби») фан тарихидаги муҳим манбалардан биридир. Китоб Птолемейнинг «География»си асосида ёзилган бўлсада, шунчаки шарҳ эмас, балки мустақил асар ҳисобланади. Унда биринчи марта Ер сиртини етти иқлимга бўлиш илмий ёндашув билан, иқлимларнинг географик катталиклари асосида берилган ҳамда 2402 географик объект ҳақида маълумотлар, хусусан, уларнинг кенглиги ва узунлиги келтирилган (бу маълумотларнинг кўпчилиги Птолемей «География» сида берилмаган). Хусусан, X. география тарихида биринчи марта Тинч океанини тилга олади. У ўзи яшаган жойлардан жуда узоқдаги бошка объектлар: Атлантика ва Ҳинд океанларидаги ороллар, жумладан, Буюк Британия, Ирландия, Сарандиб (Шри Ланка) жойлашувини тўғри тасвирлайди. Китобда тасвирланган хариталар харитаграфия тарихида муҳим ўрин тутади. Бу китоб 12-а. даёк, лотин тилига таржима қилинган ва география фани ривожланишига катта ҳисса қўшган.
X. нинг «Китоб аттарих» (X. «Тарих»и) асарида Муҳаммад (ас) ҳаёти билан боғлиқ саналар, ислом тарихидаги муҳорабалар, Қуёш тутилишлари, 713 йил 10 мартда Антиохия ш. да юз берган даҳшатли зилзила, халифаликдаги сиёсий ҳодисалар қайд этилган. Афсуски, бу асар бизгача етиб келмаган. Лекин ундан олинган кўчирмалар жуда кўп тарихнавис олимлар (Беруний, Ёқут Румий, Яъқубий, Элиас Бар Шинойи, Ҳамза Исфаҳоний, атТабарий, алМасъудий ва б.) китобларида учрайди. Бундан кўринадики, Хоразмийнинг «Тарих»и уз даврида машхур булган ва кенг тарқалган. Асар уша даврнинг бошка тарихчилар ёзган китобларидан воқеаларни аниқ қайд этилиши билан ажралиб туради.
Аҳмад алФарғоний астролябияга оид асарида Хоразмийга тегишли сфера геометрияси ҳақидаги асарни эслатади, аммо у ҳозиргача топилмаган. X. фаннинг бешдан ортиқ соҳасини фундаментал янгиликлари билан бойитгани сабабли фан тарихидаги илк қомусий олим деб саналишга ҳакли. X. бошлаган бу анъана кейинчалик Ибн Сино, Беруний, Леонардо да Винчи, Лейбниц, Ломоносов, Франклин каби олимлар томонидан давом эттирилган.
Хоразмийнинг илмий меросига қизиқиш унинг ҳаётлик давридаёқ бошланган. Замондошларидан Аҳмад алФарғоний, Хутталий ва б. унинг асарларига шарҳлар ёзишган. X. узининг «Зиж»ини ёзишда хинд «Синдҳанта»ларига ва Птолемейнинг «Алмагест» асарига таянган булса, «Алгебра», «Арифметика»ва б. асарлари батамом оригинал асарлар саналади. X. асарларининг мундарижаси, тузилиши ва баён услуби кейинги олимлар учун намунага айланади. Шу билан бирга унинг ижоди фаннинг кейинги тараққиёти учун мухим погона вазифасини утади. Мас, Беруний Х. нинг «Зиж» ига атаб учта рисола битган.
X. асарлари 12-а. бошидаёқ Европа шаҳарларига кириб боргани маълум. Китобларга эҳтиёж кучайганидан сўнг улар лотинчага таржима қилинган. X. нинг «Алгебра», «Арифметика», «География»си ва «Зиж»и 16-а. гача дарслик вазифасини ўтаган. X. асарлари ўша даврларда Ҳиндистонга ҳам олиб кетилгани ҳақида далиллар мавжуд.
19-а. бошларида X. меросига тарихий нуқтаи назардан қизиқиш бошланган. X. «Алгебра»сини 1817 й. да К. Коулбрук қисман, 1831 й. да Ф. Розен тўлиқ ҳажмда Лондонда, 1838 й. да Г. Либри Парижда чоп эттиради. Ҳозир бу асарнинг инглизча (Л. С. Карпинский, 1915 й., АҚШ), арабча (A. M. Мушаррафа, 1939 й.), русча (Ю. Х. Копелевич, Б. А. Розенфельд, 1964 й.) ва б. нашрлари мавжуд.
Хоразмийнинг «Арифметика»сини биринчи марта Б. Бонкомпаньи Римда (1857), К. Фогель Германияда (1963), А. П. Юшкевич Москвада (1954) чоп эттиришган.
X. «Зиж»ини ўрганишга ҳам катта эътибор берилган. Уни 1914 й. да Н. Зутер, сўнг О. Нейгебауэр (1962), В. Миллас, Гольцтейн (1963) ва б. нашр қилишган. 1919 й. да Ф. Ж. Видеман «Астролябия билан амаллар ҳақида китоб»ини нашр этди.
Хоразмийнинг «География»си биринчи марта X. фон Мжик (1926) томонидан чоп этилган. Олимнинг бошқа қўлёзмаларини излаб топиш, ўрганиш, чоп этиш ва таржима қилиш — математика тарихи соҳасининг долзарб муаммоларидан бўлиб қолмоқда.
1983 й. да X. таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан унинг барча асарлари рус тилида (А. Ахмедов, А. П. Юшкевич, Б. А. Розенфельд ва б. таржималарида) ҳамда Танланган асарлари ўзбек тилида (А. Ахмедов таржимасида) нашр этилди.
X. илмий меросини ўрганиш ва унинг фан тараққиётига қўшган ҳиссасини тарғиб қилишда номлари юқорида зикр этилган олимлардан ташқари Ж. Сартон, Э. С. Кеннеди, Д. Кинг (АҚШ), С. А. Наллино (Италия), X. Земанек (Австрия), А. Аллар (Бельгия), Р. Рашед (Франция), С. Брокельман, Д. Самплоиниус (Германия), М. М. Рожанская (Россия) ва б. ҳам муҳим ҳисса қўшган.
Ўзбекистонда X. ҳаёти ва фаолияти билан биринчи бўлиб Т. Н. КрриНиёзий қизиққан. 1960-й. лардан С. Ҳ. Сирожиддинов ва Г. П. Матвиевская раҳбарлигида Яқин ва Ўрта Шарқ фани тарихи, жумладан, X. меросини ўрганиш ва дунё миқёсида тарғиб қилиш бўйича кенг кўламда илмий тадқиқотлар бошлаб юборилди. 1983 й. да буюк олим таваллудининг 1200 йиллигига бағишлаб ўтказилган Халқаро илмий анжуман (Москва, Тошкент ва Урганч ш. да) Хоразмийнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрнини белгилашда муҳим тадбир бўлди.
Урганч давлат университети, Ўзбекистоннинг турли жойларида кўплаб мактаб ва б. объектлар X. номи билан аталган.
Ас. Танланган асарлар, Т., 1983; Математические трактаты, Т, 1964; Астрономические трактаты, Т., 1983.
Ад.: Сиражиддинов С. X., Матвиевская Г. П., АлХорезми — выдающийся математик и астроном средневековья, М., 1983,Салье М. А., МухаммедалХорезми — великий узбекский учёный, Т., 1954; Салье М. А., УлуғўзбеколимиМуҳамма далХоразмий, Т., 1955; Абдураҳмонов А., АлХоразмий — буюк математик, Т., 1983; Мухам мад ибн Муса алХорезми. К 1200 летаю со дня рождения, М., 1983; Великий ученый средневековья алХорезми, Т., 1985; Булгаков П. С, Розенфельд Б. А., Ахмедов А. А., Мухаммад алХорезми, М., 1983. Абдулла Аъзамов.