ХОТУН, қатун — хоқон хотини ва ҳукмдор аёлга нисбатан қўлланилган туркий унвон. Дастлаб, ҳунлар даврида (мил. ав. 3 — мил. 3-а. лар) қайд этилган. Турк хоқонлиги даврида (6—8-а. лар) хоқондан кейин 2даражада турувчи унвон.
Хотунлар тўра асосида хоқон билан биргаликда ҳокимиятни бошқаришган. Тарихда туркий ҳукмдорларнинг бир неча хотини бўлганлиги, фақат улардан бири — бош X. бўлганлиги маълум. Хоқон вафот этганда ўрнини эгаллайдиган ўғли кичик ёш бўлса X. унинг номидан ҳокимиятни бошқарган.
Ҳарбий сафар чоғида ҳам Хотунлар ҳукмдорлар ёнидан жой олганлар, шунингдек, хукмдор саройда бўлмаган пайтда саройни бошқариб, элчилик ҳайъатларини қабул қилганлар.
Турк хоқонлиги даврида унга бўйсунувчи бир қатор ўлка, давлатларда X. унвони кенг тарқалган. Жумладан, Чоч, Суғд, Бухоро, Тохаристон, Зобулистон ва Гандхарада ушбу унвон хукмдорларнинг бош хотинига нисбатан қўлланилган. Мас, хитой ва араб манбаларида қайд этилишича, Чоч воҳасида 7—8-а. ларда Хотункат («Хотун шахри») мавжуд бўлган. Бухорога 7-а. нинг 80-й. ларида араблар бостириб кирган пайтда уларга Бухорхудот ва Хотун қарши чиққан. Араблар томонидан Бидун ўлдирилгач, унинг ўғли Туғшода ёш бўлганлиги сабабли тахтга хотини Хутак хотун ўтиради. Шунингдек, 726 й. да Шим. Ҳиндистонда бўлган хитой сайёҳи Хой Чао бу ердаги Гандхара ўлкасини туркий сулола бошқарганлиги ва ҳукмдорнинг аёли катун (хотун) будда монастири қурдирганлигини қайд этган.
7—8-а. ларга тааллукли суғдий ёзувли қад. туркий тангалар орасида қўшалоқ тасвирли; ўнг томонида ҳукмдор ва малика тасвирланган, орқа томонида эса MR’Y (ҳукмдор) ва a. ’ttwnh (хатун) унвони зарб қилинган тангалар учрайди. Ушбу тангалар, асосан, мамлакатимиз ҳудудидан топилган бўлиб, Суғд ёки Бухорода ҳукмронлик қилган туркий сулолага мансуб ҳисобланади.
Хуросон, Мовароуннаҳр, Шарқий Туркистонда мусулмон дини тарқалгач, туркий сулолаларда ҳам аёлларнинг мавқеи сақланиб қолган ва улар X. унвони билан давлат ишларида катта ўрин тутганлар. Жумладан, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва бир қатор бошқа туркий давлатларда Хотун ларнинг мавқеи баланд бўлган. Mac, Хоразмшоҳлар давлатини бошқаришда Муҳаммад Хоразмшоҳ онаси Туркон хотуннннг измидан чиқмаган.
Ад.: Гумилев Л. Н., Древние тюрки, М., 1967; Абдураҳмонов F., Рустамов А., Қадимги туркий тил, Т., 1982.
Ғайбулла Бобоёров.