ТУРК ХОҚОНЛИГИ — Марказий Осиё минтақаси ва унга туташ бир неча ўлкаларни ўз ичига олган йирик салтанат (6—8-а. лар). Турк хоқонлигига дойр маълумотлар УрхунЕнисей битиктошлари, хитой йилномалари, юнон (Византия), арман, сурёний, сугд, араб, форс, тибет, бақтрий манбаларида сақланиб қолган.
6-а. нинг 2ярмида Турк хоқонлиги вужудга келгунга қадар минтақада 2 йирик давлат: Эфталийлар ва Жужанлар давлати ҳукм сурарди. Турк хоқонлигининг асосчилари бўлмиш туркий ашина қабиласи эса бу пайтда Олтой тогларининг жан. ён бағирларида истиқомат қилар ва Жужанлар давлатига тобе эди. Жужанлар қўл остидаги ашина турклари кучайиб 545 й. теле қабилаларини, 551 й. эса жужанларни енгадилар. Шу тариқа оғаини Бумин ва Истами 552 й. Т. х. га асос соладилар. Бумин ўзини хоқон деб эълон қилади (қ. Бумин хоқон, Истами хоқон). 555 й. га келиб, Марказий Осиёнинг шим. шарқидаги қабилалар, Узок, Шарқдаги кидан (қорахитой), татаби, шивей каби манчжур ва мўғул қабилалари, Енисей бўйидаги туркий қабилалар ҳам Турк хоқонлиги қўшинлари томонидан тобе этилиб, 555 й. даёқ Шарқий Туркистоннинг катта қисми Турк хоқонлиги кўл остига ўтади. Турк хоқони Муғон (553-572) Хитойга 556557 й. ларда юришлар қилиб, бу ердаги Ғарбий Вэй (Тоба) сулоласи ўрнини эгаллаган Шим. Шим. Ци (550—577) ва Чжоу (577—581) сулолаларини ўз таъсир доирасига олади. Турк хоқонлиги 565 й. эфталийларга Нахшаб ш. (ҳоз. Қарши ш. яқинидаги Ерқўрғон харобаси) атрофида оғир зарба беради. Турк хоқонлиги эфталийларга қарашли Чоч, Фарғона, Уструшона, Самарканд, Хоразм, Бухоро, Кеш ва Насафни қўлга киритган бир пайтда хоқонликнинг эфталийларга қарши иттифоқчиси Сосонийлар Эрони ҳукмдори Хусрав I Ануширвон эса Эфталийлар таркибида бўлган Тохаристон, Кобулистон, Зобулистон (Шим. Афғонистон) вилоятларини эгаллайди. Сосонийлар билан бевосита қўшни бўлиб қолган хоқонликнинг Эронга юборилган элчиларининг ўлдирилиши ва суғдий Маниах бошчилигида ипак тижоратини йўлга қўйиш мақсадида йўлланган элчиларга Эрон шоҳининг қўпол муносабатда бўлиши, ҳатто улар келтирган ипак матоларни ёқишга буюриши Турк хоқонлиги ва Сосонийлар ўртасидаги иттифоққа рахна солади. Турк хоқонлиги Эрон билан орани узиб, Византия империясига яқинлашиш, у билан савдосотиқ, асосан, ипак тижоратини ривожлантириш учун унга 567 й. мазкур Маниах бошчилигида элчилик ҳайъатини юборади. Шу пайтдан бошлаб икки давлат ўртасида иттифоқ вужудга келади. Эрон — Византия ўртасида 571 й. жанг бошлангач, ғарбга юришни давом эттираётган Истами шу йили Шим. Кавказдаги Кубан дарёси ҳавзаси ва Озарбайжонни қўлга киритади. Бошқа тарафдан эса 567 й. даноқ Сосонийларга қарши Амударё йўналиши бўйлаб юриш уюштира бошлаган Истами бу жабҳада катта муваффақиятлар қозониб, Тохаристонни олгач, Турк хоқонлигининг жан. ғарби~й чегараси Амударё бўлиб қолади. 6-а. нинг сўнгги чорагида Кобулистон (Кобул), Зобулистон ва Хуросоннинг катта кисми хоқонлик таркибига ўтади. 576 й. да Турк хоқонлиги билан Византия орасида ихтилоф пайдо бўлади ва хоқонлик шу йили Қримдаги Боспор (Керчь)ни босиб олади ва 581 й. да Херсонесни қамал қилади. Шарқий Европада хоқонлик ҳудуди бу пайтга келиб Қора денгиз соҳиллари, шарқда Корея бўғози, шим. да Урал тоғлари, Енисей ва Байкалбўйи, жан. да Афғонистон ва Шим. Ҳиндистон ҳудуддарини ўз ичига олар эди.
580-й. ларга келиб хоқонликда ички низолар, тахт талашувлар авж олади. Бу ишга Хитойнинг Суй сулоласи ҳам аралашади. Шундан сўнг хоқонлик бир муддат Олтой тоғларининг шарқидан то Узоқ Шарққача бўлган ҳудудни, яъни Жан. Сибирь, Урхун ҳавзалари (Мўғулистон), Шим. Хитой ҳудудларини ўз ичига олувчи Шарқий Турк хоқонлиги ва Олтой тогларининг ғарбидаги хоқонликка қарам ўлкаларни ўз ичига олувчи маркази Еттисув бўлган Ғарбий Турк хоқонлигига бўлиниб кетади.
Маркази Ўтукан водийси (Мўғулистон) бўлган Шарқий Турк хоқонлиги Шиби хоқон (609—619) даврида Хитой (Суй) империясига қарши жанг олиб боради. У 615 й. да Хитойга юриш қилиб Яймин (Ордос) вилоятида император Яндини қуршовга олади. Яйминдаги 41 қалъадан 39 таси Турк хоқонлиги қўлига ўтади. 618 й. да Суй сулоласини ағдариб, унинг ўрнини эгаллаган Тан сулоласининг ишларига ҳам Шиби хоқон аралашади. У бу пайтгача шаркда кидан ва шивей қабилаларини, Жан. Ғарбда Тугухун (Тогон) давлати ҳамда Турфон ўлкасини бўйсундиргач, Хуанхэ дарёсини кечиб ўтиб, Хитой ҳудудига кирган вақтда вафот этади. Тахтга Элхоқон (хитой манбаларида Хйелихан; 620—630) ўтиради ва 10 йил давомида, асосан, Хитой билан кураш олиб боради. 2 марта, 624—626 й. ларда пойтахт Чаньанни қуршаб олади. Унинг ўлимидан сўнг Шарқий Турк хоқонлиги 50 йилга яқин Хитойга карам бўлиб қолади.
Ўз даврида «Ўн Ўқ хоқонлиги» деб юритилган Ғарбий Турк хоқонлиги Истамининг ўғли Тарду хоқон (576—603) Сосонийлар Эронига қарши жанглар олиб бориб, ғарбда ўз ҳокимиятини кучайтирди. Унинг ўғли Шегуй хоқон (610 — 618) даврида хоқонлик қўшинлари жан. ғарбий ҳудудларда фаол ҳаракат юрита бошлайди. У Эроннинг шим. шарқий вилоятларига хужум уюштириб, сосонийлар устидан йирик ғалабага эришади ва Исфаҳон, Рай каби шаҳарларни қўлга киритади. Унинг иниси Тун ябғу (Туншэху; 618— 630) хоқонликнинг ғарбдаги нуфузини янада мустаҳкамлайди. У ҳукмронлик қилган даврда Турк хоқонлигининг чегараси ғарб ва жан. ғарбда, Жан. Шарқий Европа даштлари, Кавказ, Волгабўйи, Гургон, Марв, Ҳинд дарёсининг юқори ҳавзалари, Шим. Ҳиндистон ва Афғонистоннинг аксарият вилоятларини ўз ичига оларди. Унинг шад унвонли ўғли бошчилигидаги хоқонлик қўшинлари Византия императори Ираклий билан биргаликда 627—628 й. ларда Жан. Кавказга сафар уюштиради ва бу ердаги сосонийлар қўшинини енгиб, Тбилиси ш. ни қўлга киритади. Тун ябғу ғарбий ҳудудларда хркимиятни мустаҳкамлаш мақсадида қароргоҳини Шош воҳасининг шим. даги Мингбулоқ (хитойча Цяньцюань) мавзесига кўчиради ва бошқарувда ислоҳотлар ўтказиб қарам ўлкаларга туркий тудун ва элтабар унвонли вакиллар жўнатади.
630й,ларга келиб Ғарбий Турк хоқонлиги ҳам бир муддат Хитойга қарам бўлиб қолади. Бироқ тез орада ўз қудратини тиклаб олади. Хитой манбаларида қайд этилишича, Элбилга Ишбара ябғу (630—641) нинг қўл остида Шарқий Туркистондаги Куча, Шаншан, Черчен, Харашар (Кррашаҳар) ҳокимликлари ва Ши (Шош), Шиъ (Кеш), Хэ (КушонияКаттақўрғон), My (Марв), Кан (Суғд) ва Тохаристон ўлкалари бўлган. Хоқонлик Истамининг бешинчи бўғин авлоди бўлмиш Улуғ Ишбара (Хэлу Шаболо; 651—657) хоқон ҳукмронлиги даврида Хитойга қарши бир неча йил кураш олиб боради.
Қапаған хоқон (691—716) даврида хоқонлик минтақадаги энг йирик давлатга айланади. У жиянлари Қутлуғ Элтариш хоқоннинг ўғиллари Билга ва Култегин ҳамда Тўнюқуқ билан биргаликда Хитойдаги Хуанхэ дарёси ғавзалари ҳамда Шаньдун ўлкасига юриш қилиб, 23 та шаҳарни қўлга киритади, 699 й. да жан. ғарбга, собиқ Ғарбий Турк хоқонлиги ҳокимиятини қўлга киритган тургашларга ва Тохаристон ўлкасига юриш қилади. Қапаған хоқон 700 й. Тангут ўлкасига, 701 й. Хитойнинг шим. ғарбидаги «Олту Чуб Суғдақ» ўлкасига, 703 й. да басмилларга, 705 — 706 й. ларда байирқуларга, 709 й. да чик ва азларга, 710 й. да қирғизлар ва тургашяарта қарши қўшин тортиб уларни қайтадан ўз таркибига қўшиб олади. Турк хоқонлиги Мовароуннаҳрга бостириб кирган араб истилочиларига қарши 710 й. да қўшин юборади ва Суғд, Шош, Фарғона ҳокимларининг арабларга қарши курашида қатнашади. Билга хоқон (716 — 734) ҳукмронлиги даврида Турк хоқонлиги минтақанинг энг қудратли давлатларидан бирига айланди. 716 й. да Селенга дарёси ҳавзасида истиқомат қилувчи уйғурлартг., 1YI й. да ўғузларга, 718 й. да қарлуқларта қарши жанг қилиб, уларни хоқонликка бўйсундиради. Бу даврда хоқонлик ҳудудлари шарқда Сирдарёнинг шарқидан то ғарбда Хинган тоғлари ёнбағирлари (Манжурия), Шаньдун ўлкаси (Хитойнинг шим. шарқи, Сариқ денгиздаги Бохай кўрфазигача бўлган ерлар)ни, жанубда Тибетнинг шимоли, Шарқий Туркистон, Хитойнинг шим. вилоятларидан то шим. да Енисей дарёси ва Байкалбўйини ўз ичига олганлиги маълум бўлади. 740-й. ларга келиб Турк хоқонлиги ҳам ички, ҳам ташқи зиддиятларга дуч келади. Билга хоқоннинг ўғиллари ҳукмронлиги даврида хоқонлик заифлашади. 742—744 й. ларда уйғур, қарлуқ ва басмил қабилалари бирлашиб, хоқонликка ҳужум уюштиришади. 745 й. да иттифоқчилар Турк хоқонлигининг сўнгги ҳукмдори Баймей хоқонни ўлдиришади ва хоқонлик тахти уйғурлар қўлига ўтади.
Турк хоқонлигини дунёнинг энг йирик давлатлари қаторига қўшишда хоқонлар Бумин (551552), Муқан (553572), Таспар (572—581), Тўнга Турон (588 — 600), Шиби (609—619), Элхоқон (620—630), Қутлуғ Элтариш (680 — 691), Бекчўр Қапаған (691—716), Билга (716—734) ва бош вазир Тўнюқуқ (680—726), шаҳзода Култегин (Кўл Тегин) (684—731) ҳамда Ўн Ўқ бошқаруви ҳукмдорлари Истами ябғу (552576), Тарду (576603), Тун ябғу (618—630) кабилар муҳим роль ўйнадилар. Улар даврида Турк хоқонлиги томонидан Хитой, Сосонийлар Эрони, Византия каби дунёнинг кучли давлатларига қарши юришлар уюштирилади.
Турк хоқонлигининг бошқарувида 2 хил тизим мавжуд эди: бўйсундирилган баъзи ўлка ва вилоятларда мавжуд маҳаллий сулолалар сакланиб қолган ва улар хоқонликка ўлпон тўлаб турганлар; тобе ўлка ва вилоятларнинг айримлари бошқарувига тайинланган х^кмдор хонадонга мансуб вакиллар ҳокимияти.
Бу пайтда Сирдарё ва Амударё оралиғи ҳамда туташ ҳудудлар Турк хоқонлиги таркибида бўлиб, бу ердаги Шошда тудунлар, Фарғонада ихшидлар, Уструшонада афшинлар, Суғдда ихшидлар, Бухорода бухорхудотлар, Хоразмда африғийлар, Тохаристонда ябғулар ҳокимияти мавжуд эди. Уларнинг баъзиларининг келиб чиқиши Турк хоқонлиги қукмдор сулоласига мансуб бўлишган. Жумладан, Шош тудунлари, Тохаристон ябғулари ва ҳ. к.
Ад.: Гумилев Л. Н., Древние тюрки, 1967; Насимхон Раҳмон, Турк хоқонлиги, Турк хоқонлиги, 1993; Кўчанов Е. И., Кочевые государства от гуннов до манчжуров, М., 1997; Асадов Ф. М., Арабские источники о тюрках в раннем средневековье, Баку, 1993; Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Турк хоқонлиги, 2001.
Ғайбулла Бобоёров.