ЕР МАГНЕТИЗМИ

ЕР МАГНЕТИЗМИ, геомагнетизм — 1) Ернинг магнит майдони;

2) геофизика бўлими. Ер магнит майдонининг фазода тақсимланишини ва вақт давомида узгаришини, шунингдек, у билан боғлиқ равишда Ерда ва атмосферада содир бўладиган физик жараёнларни ўрганади. Магнит майдонининг кучланиши Т вектор билан белгиланади. Гвекторнинг миқдори Ер магнетизми элементлари, яъни магнит майдонининг оғиш бурчаги D, горизонтал ташкил этувчиси Я, эгилиш бурчаги ва вертикал ташкил этувчиси Z билан ифодаланади. Ер магнетизми элементлари тўғри бурчакли координаталар системасида қуйидагича жойлашган: X — географик меридиан, Y — географик кенглик ва Z — вертикал чизиқ бўйлаб йўналган координата ўкдари. Т векторнинг X, Y, Z ўкларига бўлган проекциялари магнит майдонининг шим., шарқий ва вертикал ташкил этувчилари деб аталади. Т нинг горизонтал текисликдаги проекцияси магнит майдонининг горизонтал ташкил этувчиси Н ни ҳосил қилади. Т вектор жойлашган HOZ текислик магнит меридиани текислиги дейилади. HOZ текислиги билан XOZтекислиги орасидаги бурчак магнит майдонининг оғиш бурчаги D ни ва кучланиши (Т вектор) билан горизонтал ташкил этувчиси Н орасидаги бурчак магнит майдонининг эгилиш бурчаги / ни ташкил этади.

Ер магнетизми элементлари компас, магнит теодолити, турли магнитометрлар, магнит тарозиси, магнит вариометри ва б. ёрдамида ўлчанади. Бундан ташқари, денгизда, ҳавода ўлчаш учун кема, самолёт ва вертолётларга махсус асбоблар ўрнатилади.

Ернинг магнит майдони доимий ва ўзгарувчан бўлади. Доимий магнит майдони ер юзининг ҳамма жойида бўлиб, жуда секин, «асрий» ўзгаради. У Ер магнит майдонининг 99% ини ташкил қилади. Доимий магнит майдонининг мавжуд бўлишига Ер ички қатламларида бўладиган турли жараёнлар сабаб бўлади. Ўзгарувчан магнит майдони Ер магнит майдонининг 1% ини ташкил этади ва ер атмосферасининг юқори қатламларида оқадиган электр токларидан вужудга келади. Шу билан бирга, Ер магнит майдонининг тасодифий ўзгаришлари мавжуд. Тасодифий ўзгаришлар Қуёшда содир бўладиган чақнаш ҳодисаларига ҳам боғлиқ, улар магнит бўронларига сабаб бўлади, радиоалоқаларни бузади.

Космосда ўтказилган и. т. лар Ер магнит майдони кўп миқдорда катта энергияли электрон ва протонларни қамраб олганлигини кўрсатади ҳамда уларнинг энергияси ва концентрацияси Ердан узоқдаги геомагнит кенгликка қараб ўзгаради. Ер гўё магнит майдони б-н қамраб олинган улкан радиацион минтақа билан ўралгандай кўринади. Ички минтақа 45° кенглик билан чегараланиб, Ер сатҳидан 500—5000 км узоқликда жойлашган. Ташқи минтақа 12000—32000 км баландликда. Геомагнит майдонининг вариациялари даврий ва даврий бўлмаган хилларга бўлинади. Даврий вариацияларга йиллик, суткалик вариациялар киради. Даврий бўлмаган вариацияларга қисқа вақтли кучли магнит бўронлари, тўлқинлари киради. Бу вариациялар, асосан, тўсатдан, тартибсиз равишда рўй беради. Магнит тўлқинларидан ҳосил бўладиган вариациялар, асосан, Қуёшдаги ўзгаришларга ва фазодаги турли жараёнларга боғлиқ. Ер магнит майдонининг ҳосил бўлиш сабабларй ва унга боғлиқ бўлган ҳодисаларни геофизиканинг магнитометрия соҳаси ўрганади.

Ер магнит майдони Ернинг ҳар бир нуқтасига қўйилган магнит милига бир хил таъсир этади. Ер магнетизмини ўрганиш натижасида олинган маълумотлар ҳар 5 йилда тузиладиган магнит хариталарида тасвирланади. Изогон чизиқларнинг бир хил қийматга эга бўлган нуқталарини бирлаштиради. Бу чизикларнинг шимол ва жанубдаги тугун бўлиб йиғилган жойлари шим. ва жан. магнит қутблари дейилади. Шим. важан. қутбларни бирлаштирувчи изогон чизиклар магнит меридиани дейилади. Шунингдек, магнит майдонининг эгилиш бурчагини тасвирловчи изоклин чизик,лар магнит кенглик чизикларидир. Ноль миқдорга эга бўлган изоклин чизиқ магнит экватори деб аталади. Ер магнетизмини ўрганиш Ернинг чуқур қатламларида бўлаётган тектоник жараёнларни ўрганиш, кон қидириш, фазода радио-тўлқинларнинг тарқалишини кузатиш каби муҳим масалаларни ҳал этишда аҳамиятли. Ўзбекистон ФА Сейсмология ин-тида зилзилалар ўчоғини аниқлаш ва ер қимирлашини олдиндан билиш масалаларини ҳал этишда геомагнит вариациялардан кенг фойдаланилади.

Қаҳҳорбек Абдуллабеков.


Кирилл алифбосида мақола: ЕР МАГНЕТИЗМИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: E ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ЕР
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕОГРАФИЯ
РОССИЯ
ХИТОЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты