ЕР ПЎСТИ ТЕБРАНМА ҲАРАКАТЛАРИ, эпейрогеник ҳаракатлар — Ер пўстида содир бўладиган доимий тектоник ҳаракатлар. Ер куррасининг ҳамма қисмида содир бўлиб, узлуксиз давом этади. Ер пўсти тебранма ҳаракатлари натижасида айрим қитъалар ва бир неча ёки ўнлаб км2 келадиган майдонлар кўтарилиши ёки пасайиши мумкин. Бу ҳодиса Ер геологик ривожланиш тарихининг барча даврларида давом этган.
Ер пўсти тебранма ҳаракатлари ривожланишининг асосий қонуниятлари ва уларнинг Ер геологик тузилишидаги аҳамияти А. П. Карпинский томонидан кўрсатиб ўтилган. Тадқиқотлар давомида Ер пўсти тебранма ҳаракатларининг умумий ва тўлқинсимон турлари аниқланган. Умумий турлари бутун қитъа ёки унинг катта қисмини эгаллаган кенг ҳудудларнинг бир вақтда кўтарилиши ва пасайишида намоён бўлади. Тўлқинсимон турлари умумий тебранишлар устига қопланади ва Ер юзаси ҳар қайси йирик ҳудудини узоқ муддатли кўтарилиш ёки букилиш зоналарига парчалаши билан ифодаланади. Бу ҳаракатлар Ер юзаси рельефи ва фацияларнинг бўлиниши ва чўкинди ётқизикларнинг қалинлигида кўринади. Ер пўсти тебранма ҳаракатларини ўрганиш усуллари Ер пўсти ҳаракатларининг давом йилигига қараб танланади. Яқин замонларда (ва тарихий, голоцен даври — 10 минг йил) намоён бўлган ҳаракатлар — геодезик асбоблар (нивелир, теодолит, футшток, деформометр), археологиква геоморфологик усуллар б-н, янги даврдаги (25—40 млн. йил олдин) Ер пўсти тебранма ҳаракатлари геоморфологик ва геологик усуллар б-н, Ер пўстининг қад. (неогендан олдинги) тебранма ҳаракатлари асосан геологик усул билан ўрганилади. Шу маълумотлар асосида қад. географик шароитни кўрса-тувчи хариталар тузилади. Хариталарда қуруқлик, денгиз ва унинг соҳили, кўтарилма, букилма, чўкмалар қандай ёшдаги тоғ жинсларидан ташкил топганлиги, уларнинг қалинлиги, фациялари кўрсатилади.
Ер пўсти тебранма ҳаракатларини ўрганиш катта амалий аҳамиятга эга. Чунки у фойдали қазилма конлари (нефть, газ, кўмир, чўкинди рудалар Ғе, Мп, фосфоритлар, бокситлар ва б.) билан боғлиқ бўлган чўкинди жинслар формацияларининг Ер пўстидаги тақсимланиш қонуниятларини аниқлашда ёрдам беради. Йирик бинолар, сув омборлари ва б. қуришда ҳам муҳимдир.