ЕР ҚАЗИШ МАШИНАЛАРИ — тупроқ ва тоғ жинсларини қазиш, кесиш, ўпириш, майдалаш ва маълум масофага тўкиш учун мўлжалланган машиналар. Қурукликда ва сув остида ишлайдиган ҳамда гидравлик (сув отиб ишлайдиган) турлари бор. Қурукликда ишлайдиганлари ер қазиш-ташиш машиналари ва экскаваторларга бўлинади. Ер қазиш-ташиш машиналарига скрепер, бульдозер, грейдер, автогрейдер, грейдер-элеватор ва б. киради. Бундай машиналар қазилган тупроқ ёки тоғ жинсини бир неча метрдан 5 км гача масофага тўкиши мумкин. Экскаватор қурукликда ишлайдиган Ер қазиш машиналарининг энг кенг тарқалгани ҳисобланади. Сув остида ишлайдиган ва гидравлик Ер қазиш машиналарига гидромонитор, землесослар, землесосли снарядлар ва б. киради. Ер қазиш машиналари ер қазиш, тоғ жинсларини кесиш-ўпириш ишларини тўла механизациялаштиришга имкон беради.