ЕТТИСОЙ БОТИҒИ — Мирзачўлдаги ботиқ. Гулистон ва Янгиер ш. лари оралиғидаги т. й. дан 10—12 км шарқ (Дарвозақум)дан бошланиб, жан.-шаркдан шим.-ғарбга йўналган. Мирзачўлнинг марказидаги Сардоба ботиғига бориб туташади. Иккала ботиқ ўртасида Катта Шуйбек сувайирғичи мавжуд. Уз. 45 км, энг кенгжойи 10—13 км. Еттисой ботиғи ўзансимон берк ботиқ бўлиб, шим.-шарқда Сирдарёнинг аллювиал, жан. да Туркистон тизма тоғларидан оқиб келувчи сой ва кичик дарёларнинг аллюви-ал-пролювиал ётқизиқларининг тўпланишидан вужудга келган. Тубида дўнгликлар, марзалар (бал. 2—5 м) ва пастқамликлар (чуқ. 1—5 м) мавжуд. Еттисой ботиғи 30 м қалинликкача асосан қумлоқ ва қумоқ ётқизиқлардан ташкил топган. Тупроғи асосан, қатқалоқ ва пўрсилдоқ шўрхоклардан иборат, баландроқ дўнг ва марзаларда шўртоб оч бўз тупроқ, пастқамликларда ботқоқли шўрхоклар учрайди. Еттисой ботиғига жан. дан ва шим. дан суғориладиган ерлардан грунт сувларининг оқими йўналган. Рельефнинг ўйдим-чуқурлиги ва шўрхокларнинг кенг тарқалганлиги туфайли Еттисой ботиғининг ерлари суғориш учун яроқсиз.