МИРЗАЧЎЛ — Урта Осиёдаги текислик. Узбекистоннинг Сирдарё, Жиззах вилоятлари, Қозоғистоннинг Жан. Қозоғистон вилояти ва Тожикистоннинг Зафаробод тумани худудларида. Майд. 10 минг км2, бал. 230 —385 м. Шарқда Сирдарё, жан. да Туркистон ва Нурота тоғларининг тоғ олди текисликлари билан чегарадош. Ғарбда аста-секин Кизилқумга туташиб кетади. Қизилқум б-н М. орасидаги табиий чегара Арнасой ботиғидан ўтади. М. Сирдарёнинг лёссимон қумоқ ва қумлоқлардан таркиб топган учта кўҳна қайири (террасаси)да жойлашган, жан. қисми тоғлардан оқиб тушувчи мавсумий оқар сувларнинг пролювиал, пролювиал-аллювиал ва аллювиал ётқизиқларидан тузилган. Мирзачўлнинг бир неча бор денгиз босиши натижасида бу ерда, асосан, карбонатли, гипсли ва гилли шўр жинслар тўпланиб қолган. Мирзачўл тўртламчи даврдаги альп тектоник ҳаракатлари натижасида чўккан. Голоцен эпохасида янги тектоник ҳаракатлардан Сирдарёнинг 1-, ва 2-кўҳна қайирлари пайдо бўлиши б-н 3-кўҳна қайирда сизот сувлари пасайиб, тупроқ ва устки қатламлар вужудга келган. Ерлар суғорилганда ана шу қатламдаги тузлар ер юзасига чиқиб қолади. Мирзачўлнинг ер юзаси текислик, шим. ва шим.-ғарбга қия. Жан. қисмида чуқур жарликлар, Сирдарё водийсида қолдиқ ўзанлар ва ўрқирлар бор. Марказий ва шим. қисмлари текис. Сирдарёга 6—20 м чуқурлиқдаги жарлик ҳосил қилиб тушади. Мирзачўлни жан.-шаркдан шим.-ғарбга Еттисой, Сардоба, Қорақарой, Шўрўзак каби ўзансимон пастликлар — Сирдарёнинг эски ўзанлари кесиб ўтган. Бу пастликларнинг энг кенг жойи 18 км, чуқ. 9—10 м. Иқлими континентал. Уртача йиллик т-ра шимолий қисмида 12,5, жан. да 15,Г. Июлнинг ўртачи т-раси 26 — 30°, янв. ники 0,8—4°. Ёзи ниҳоятда иссиқ (баъзан 40—47°). Йиллик ёғин миқдори 200—300 мм, тоғ олди қисмида 310—428 мм, кўпроқ баҳорда ёғади. Текисликка Бекобод шамолининг таъсири кучли (баъзан шамолнинг тезлиги 46 м/ сек. га етади), буғланишни кучайтиради, шўрланиш жараёнини тезлаштиради. Туркистон ва Молгузар тоғларидан Сангзор дарёси, Зоминсув, Хўжамушкентсой, Пишағарсой, Работсой ва б. оқиб тушади. Бу сойлар баҳорда тўлиб оқади. Сирдарё қайирларида кўл ва ботқоқликлар кўп. Кўлларнинг суви шўр. Мирзачўлда сизот сувлари тоғ олди текисликларида 20—120 м, текислик қисмида эса 0,3 м чуқурликда, шўрлиги 30 г/л дан ортиқ, таркибида хлорид тузлари кўп. Марказий қисмида сизот сувларининг оқими ниҳоятда секин ва анча шўр. Мирзачўл даги пролювиал текисликларда типик бўз, марказий ва тоғ олди қисмларида оч бўз, ўзансимон пастликларда шўрхок, шўртоб, дарё водийсида аллювиал-ўтлоқи, ўтлоқи, ўтлоқиботқоқ тупроқлар тарқалган. Марказий қисмидаги оч бўз тупроқларнинг устки қатлами (1—3 м) шўрланмаган, остки қатламдаги қумоқ ва қумлоқ ётқизиқдар кучли шўрланган.
Мирзачўл тупроқлари жуда шўр ва сизот сувлари юза бўлганидан махсус мелиоратив тадбирлар амалга оширилади. Мирзачўлнинг шўрланмаган ерларида қўнғирбош, ранг, оққурай, коврак, қизил бурган, шўрланган ерларида оқ шувоқ, оқ жусан, кейреук, юлғун, шўрхокларда сарисазан шохилак, қорабароқ, ажриқ, курмак ўсади.
Кўпгина археологик топилмалар Мирзачўлда қад. да деҳқончилик қилинганидан дарак беради. Қад. да қазилган Ўримбойўғуз ва Эски Туятортар каналларнинг қолдиқлари ҳозиргача сақланиб қолган. Мирзачўлда 1895 й. да уз. 84 км бўлган канал қурилган ва 7600 га ер суғорилган.
1913 й. Князариқ (ҳоз. Дўстлик канали) ишга туширилган. 1911 й. суғориладиган ерларнинг майд. 12 минг га бўлган. 1910 й. дан 1914 й. гача 95 минг га ер ўзлаштирилиб, шундан 60 минг га ер шўрланиш ва ботқоқланиш натижасида ишдан чиққан. Имкон қадар кўпроқ пахта хом ашёси етиштириш ва уни метрополияга ташиб кетиш мақсадида Москва, Петроград ва б. шаҳарлардан техника ва мутахассислар кела бошлади. Суғориладиган ерлар майдони 1921 й. да 20 минг га, 1924 й. да 50 минг га, 1928 й. д 67 минг га гача етди. Мирзачўлга республиканинг аҳолиси зич туманларидан оилалар кўчириб келтирилди, янги йирик совхозлар (1924 й. да «Пахтакор», 1929 й. «Малик», 1927 й. да «Боё-вут») ташкил этилди. 1939—40 й. ларда 60 минг га шўр босган ва ботқоқлашган ерлар ўзлаштирилиб, экин майдонига айлантирилди. 1941 й. дасуғориладиган ерлар майд. 90 минг га бўлди. Қайроққум сув омбори қурилиши б-н М. нинг сув билан таъминланиши яхшиланди. 1956 й. суғориладиган ерлар 205,5 минг га га етди. «Бошмирзачўлқурилиш» («Главголодностеп-строй») ташкилоти тузилди. Бу лойиҳага мувофиқ, асосий канал узайтирилди ва кенгайтирилди. Жан. Мирзачўл канали, Қайир ва Марказий Мирзачўл коллекторлари ишга туширилди. Шўрўзак, Сардоба ва б. коллекторларнинг иши яхшиланди. Мирзачўлда ерларнинг шўрини ювиш сизот сувларининг юзасини пасайтириш бўйича кўп ишлар амалга оширилди. Мирзачўлда Гулистон, Янгиер шаҳарлари ва б. аҳоли пунктлари вужудга келди.