ЕТТИУРУҒ — ўзбек қипчоқлар таркибидаги йирик уруғлар гуруҳи. Асосан, Зарафшон дарёсининг ўрта оқимида, қисман Тошкент воҳасида яшаган. Еттиуруғ қозоқ ва қирғизлар таркибида ҳам бор. Е. ойтамғали, қўштамғали, сирғали, қамчили, жувонли, саманотли, чўмичли уруғларидан иборат бўлган. Еттиуруғ таркибидаги бу уруғ номлари ўзбекларнинг бошқа йирик қабилалари таркибида ҳам учрайди. Mac, ойтамғали қўнғирот, дўрмон, қурамада; қўштамғали-найман, юз, Сурхондарё вилоятида яшовчи чағатой ва б. қабилаларда. Еттиуруғ ўзбек халқи таркибига сингиб кетган.