ЕТТИШАҲАР УЙҒУР ДАВЛАТИ — Хитойдаги Манжур империясига қарши миллий озодлик кураши даврида Шарқий Туркистонда вужудга келган давлат (1864—78). Унинг ҳудуди ҳоз. Шинжонг Уйғур Мухтор Ўлкасининг Қулжа (Или султонлиги), Олтой, Чугучак вилоятларидан ташқари 7 шаҳарни (Қашқар, Ёркент, Хўтан, Кучар, Оқсу, Қорашаҳар, Турфан) ўз ичига олганлигидан мазкур мамлакат Е. у. д. деб номланган.
1864 й. мустақиллик учун Манжур империясига қарши халқ қўзғолонлари бошланиб кетган. Қашқарда Сиддиқбек бошчилигидаги қўзғолончилар Қўқон хонлигилан Ёркент хонлигининг тахт ворисларидан бирини юборишни сўрайди. Алимқул собиқ Ёркент хони Бурқониддин хожанинг набираси Жаҳонгир хожанинг ўғли Бузрук хожани ва унга Ёқуббек қушбегини ҳарбий маслаҳатчи қилиб тайинлаб, 50 га яқин одамни Қашқарга жўнатади. Бузрук хожа 1865 й. янв. да Қашқарга етиб келиши б-н ўзини хон деб эълон қилади. Аммо Бузрук хожанинг қобилиятсизлигидан фойдаланиб, аста-секин ҳокимиятни ўз қўлига олади. У бошда Бузрук хожа номидан иш юритиб, Ёркент, Хўтан, Кучар хонликларини бирлаштиради. 1870 й. Урумчи хонлиги қўшилиб, Еттишаҳар уйғур давлати яна ҳам кенгаяди. Мустақилликка эришгандан сўнг мазкур давлатда халқларнинг иқтисодий аҳволи юксалиб, савдо-тижорат ривожланди. Эски тарихий обидалар таъмирланиб, янги бинолар, карвонсаройлар, ҳарбий иншоотлар қурилади. 1877 й. Урумчи вилоятини эгаллаган манжурлар катта қўшин билан уруш бошлайди. Ёқуббек русларнинг орқа томондан қужум қилиб қолишидан ташвишланиб бир қисм кучни Қашқар атрофида қолдириб, Қорашаҳарга келиб, қўшинга қўмондонлик қилади. Аммо у кўп ўтмасдан хоинлар томонидан заҳар бериб ўлдирилади. Ёқуббекнинг катта ўғли Бекқулибек хоин Ниёзбек қўшинларини тор-мор қилиб, Ҳокимхон тўра қўшинларига зарба берган бўлсада, манжурларни бутунлай енголмайди. 1878 й. Е. у. д. тугатилади.
Ад.: Ходжаев А., Цинская империя, Джунгария и Восточный Туркестан, М., 1979; Исиев Д. А., Уйгурское государство Йэттишар, М., 1981.
Абдухолиқ Айтбоев.