ХЎЖАЛИК НИЗОЛАРИ (ЎзРда) иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида тарафлар ўртасида келиб чиқувчи келишмовчиликлар. Юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини олган фуқаролар Хўжалик низолари билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларнинг субъектлари ҳисобланади. Хўжалик низоларининг қуйидаги турлари мавжуд: тузилиши назарда тутилган шартнома моддасидан келиб чиққан келишмовчиликлар ёки шартнома юзасидан келиб чиққан бўлиб, ҳал этиш учун хўжалик судига топшириш ҳақида тарафлар ўзаро келишган ихтилофлар; шартнома шартларини ўзгартириш ёки шартномани бекор қилиш ҳақидаги; мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги; мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки тегишли тарзда бажарилмаганлиги; мулкдор ёки молмулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан молмулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга оид; мулкдорнинг ёки молмулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуклари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилганлик; етказилган зарарни қоплаш; шаън, қадрқиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва б. низолар, давлат рўйхатига олишни рад этганлиги ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатига олишдан бош тортганлик устидан шикоят кабилар.
Хўжалик низоларини, асосан, хўжалик судлари кўриб чиқади. Хўжалик судларининг ваколат доираси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида (111модда) белгилаб берилган. Хўжалик низолари, шунингдек, ҳакамлар судита кўриш учун топширилиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси ХПК, 25модда).