ЮКЛАМА — ёрдамчи сўзларнинг бир тури; айрим гап бўлагига ёки гапга қўшимча маъно бериш учун қўлланади. Юклама тузилишига кўра 2 хил бўлади: Ю. қўшимча (қўшимча ҳолига келиб қолган Юклама: ми, чи, да, а, я) ва Юклама сўз (айрим сўз ҳолидаги Юклама: фақат, худди, нақ, ҳам). Ҳоз. ўзбек адабий тилида гапга ёки айрим сўзларга қўшилганда англатадиган маъноларига кўра Юкламанинг қуйидаги турлари фарқланади: сўроқ ва таажжуб Юклама лари (ми, чи, а, я), асосан, гапни сўроқ гапга айлантиради: Бу китобни ўқидингизми?; кучайтирув ва таъкид Юкламалари (ку, ҳам, у, ю, да, оқ, ки) гапга тасвирийлик бериб, сўз маъносини кучайтириш, шунингдек, таъкид маъносини қўшиш учун ишлатилади. Мас: Неча марта учрашай дедимку, вақтим бўлмади; айирув ва чегаралов Юкламалари (гина, фақат) турли сўзлар билан келиб, уларни ажратиб, чегаралаб кўрсатиш учун қўлланади. Мас: У фақат ўша воқеа ҳақида сўзларди; аниқлов Юкламалари (худди, нақ, қоқ) ўзи алоқадор бўлган гап бўлаги маъносини аниқлаш учун хизмат қилади. Мас: Ўғли отасининг худди ўзи. Юкламалар, шунингдек, тасдиқ, инкор, қистов каби маъноларни ифодалаш учун ҳам ишлатилади.
Неъмат Маҳкамов.