ЁНУВЧИ АРАЛАШМА — двигателларда ёнилғи билан ҳаво (оксиген)нинг маълум нисбатдаги аралашмаси. Ёнувчи аралашма карбюраторли ички ёнув двигатели (ИЁД) да цилиндрдан ташқарида (карбюраторда) бензин буғлари билан ҳаво (оксиген)дан, газ б-н ишлайдиган ИЁД да газ билан ҳаводан, дизель двигателларида цилиндрга киритилган қисилишидан қизиган ҳаво б-н унга пуркалган дизель ёнилғисидан ҳосил бўлади. Ёнувчи аралашма таркибидаги 1 кг ёнилғига тўғри келадиган ҳаво (оксиген) миқдорига қараб, меъёрдаги (1:15), суюқ (1:18), суюқлашган (1:16,5), қуюклашган (1:13) ва қуюқ(1:12) хилларга бўлинади. Бу миқдор ИЁДга тушадиган юк (нагрузка)га қараб танланади. Мас, двигателни ишга туширишда қуюқ, ортиқча юк б-н ишлашда (тепаликка кўтарилишда) қуюклашган, текис йўлда бир маромда ҳаракатланишда меъёрдаги (нормал), пастликка тушишда суюқлашган ва салт ишлашда суюқ Ёнувчи аралашма ҳосил қилинади. Автотрактор двигателларида совуқ двигателни ишга туширишда сўриладиган ҳаво йўлини тўсиб (заслонка ёрдамида), бошқа ҳолларда эса акселератор тепкиси (педали)ни босиб бўшатиб Ёнувчи аралашма миқдори ростланади.