ЮҚОРИ БОСМА — матн ва расмларни кўпайтиришнинг асосий матбаа усулларидан бири. Бунда қолипнинг босувчи ва оралиқ (пробел) элементлари турли (баландпаст) сатҳларда (бир текисликда эмас) жойлашади. Валлардаги бўёқ элементларга, улардан эса босилаётган сиртга ўтади. Юқори босма учун босма қолипларини ясаш нисбатан осон, босиш сифати яхши ва иш унумдорлиги юқори бўлади. Юқори босма усулидан 1000 йилдан кўпроқ вақтдан бери фойдаланилади. Дастлабки босма қолиплари текис ва силлиқ сиртли ясси тахталардан иборат бўлган. Улардаги тасвирлар оралиқ элементларни ўйиб олиш йўли билан тайёрланган. Ҳоз. босма қолиплар металлдан қуйиб, пластмасса ёки резинадан пресслаб тайёрланади. Юқори босма газета, журнал, китоблар, кўп бўёқли расмлар ва бошқаларни босишда қўлланади (қ. Полиграфия).