ЁҒОЧ СМОЛАСИ, ёғоч қатрони — ёғочни қуруқ ҳайдаб ёки газлаштириб (қ. Газлаш) олинадиган маҳсулот; ёпишқоқ, ранги қўнғирдан тортиб қорагача, ўткир ҳидли модда. Термик қайта ишланган ёгочни сувли дистиллятда тиндириб олинадиган тиндирилган, шу дистиллятда эриган ҳолатда бўладиган эритилган, сувли дистиллятда экстракция йўли билан олинадиган экстракцион Ёғоч смоласи бор. Зичлиги 1,0—1,15 г/см3. Ё. сдан ёғочга шимдириш (креозот), рудани бойитиш (флотация) ва б. мақсадларда ишлатиладиган моддалар олинади.