ЗАМАХШАРИЙ

ЗАМАХШАРИЙ (нисбаси; тўлиқ исмшарифи Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Ахмад) (1075.18.3, Хоразм, Замахшар қишлоғи — 1144, ҳоз. Кўҳна Урганч) — тилшунос, адиб, тафсир ва ҳадис олими. Оиласи исломнинг муьтазила таълимотига эътиқод қўйган бўлиб, 3. дунёқараши диндор, тақводор отасининг таъсирида шаклланган, дастлабки билимини ҳам ўз отасидан олган. 3. илмфаннинг турли соҳалари, айниқса, араб тили ва адабиётини, диний илмларни, шунингдек, ўша даврда илм ахли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллайди. Устози — тил, луғат ва адабиёт соҳасида машҳур олим Абу Мудар Исфахоний (1113 й. Марвда вафот этган) дан илм ўрганади. Талабалик ёшига етгач, билимини янада ошириш, ҳар томонлама камол топтириш мақсадида Бухорога йўл олади. Бу ерда у шайх улислом Абумансур Наср Ҳорисий, Абусаъд Шаққоний ва Абулхаттоб ибн Абулбатр каби олимлардан сабоқ олади. Бухорода ўқишни тугатгач, бир неча йил Хоразмшоҳлар хизматида бўлиб, котиблик билан шуғулланади, ҳукмдорларга яқинлашишга уринади. Бироқ қобилияти, илми, фазилатига яраша бирор мансаб ва муносиб эътибор кўрмагач, ўзга юртларга сафар қилади. Марв, Нишопур, Исфаҳон, Дамашқ, Бағдод ва Ҳижозда, 2 марта Маккада бўлади. Бу ерда илмий ишларини давом эттириб, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари ва урфодатларини чуқур ўрганади, минтақа географиясига оид хилмахил маълумотларни тўплайди. 3. кўп асарларини Маккада ёзади. Шу боисдан у Жоруллоҳ («Аллоҳнинг қўшниси») деган шарафли лақабга муяссар бўлган. 3. араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид 50 дан ортиқ асарлар яратган. Уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Замахшарийнинг «АлМуфассал» («Грамматика бўйича муфассал китоб», 1121) асари араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган. Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимдаким Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга 5 минг кумуш танга ва сарупо совға қилишни ваъда берган. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга сазовор бўлишган. «АлМуфассал»нинг ихчамлаштирилиб, мухтасар ҳолатга келтирилган нусхаси «АлУнмузаж» («Намуна») номи билан аталади. Грамматикага оид асарларидан «Шарҳ абйат китоб Сибавайҳ» («Сибавайҳ китобининг шарҳи») — араб тилшуноси Сибавайҳ (796 й. вафот этган) нинг китобига ёзилган мукаммал шархдир. Замахшарийнинг Отсиз Хоразмшоҳга бағишлаб ёзилган «Муқаддимат уладаб» («Адаб илмига муқаддима», 1137) асаридаги арабча сўзлар остида форсий ва туркий таржималарнинг берилиши ўзбек тарихий лексикологияси учун қимматлидир. Асар 5 катта қисмга бўлинган бўлиб — отлар, феъллар, боғловчилар, от ўзгаришлари ва феъл ўзгаришлари ҳақида баҳс юритади. Ушбу асарда 3. ўша давр араб тилининг истеъмолда бўлган барча сўзлари, ибораларини қамрашга интилган, уларнинг этимологиясига катта эътибор берган. Асар арабчадан форс, чиғатой, мўғул ва турк тилларига, биринчи марта 1706 й. Хўжа Исҳоқ афанди томонидан усмонли турк тилига таржима қилинган. 3. асарларида услубшунослик ва шеършунослик ҳақида ҳам фикр юритилган; бадиий тасвир воситаларига қисқа, аниқ ва нозик изоҳлар берилган. Мае, киноя б-н таъриз санъатлари орасидаги фарқ кўрсатиб берилган. 3500 га яқин араб мақолларини тўплаб, уларни изохлаган («АлМустақсо филамсол» — «Камолга етган макрллар»). «Китоб алжибол валамкина валмийоҳ» («Тоғлар, жойлар ва сувлар ҳақида китоб») асарида географик жойлар, тоғлар ва денгизларга дойр қимматли маълумотлар келтирилган. Замахшарийнинг бу асари Ғарб олимлари ўртасида хам машҳур бўлган, 1856 й. голландиялик арабшунос олим Сальверда де Граве томонидан мукаммал тадқиқ қилинган ҳолда нашр этилган. «Асос албалоғат» («Нотиқлик асослари») асари луғатшуносликка бағишланган. Унда араб тилининг фасоҳати, мукаммаллиги ҳақида сўз боради. Фикрни чиройли ибора ва сўзлар билан ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш учун киши фасоҳат, балоғат илмларидан яхши хабардор бўлиши керак. Бунинг учун сўзни тўғри, ўз ўрнида ишлатиш, қоидага мувофиқ сўзлаш ва ёзиш ҳам керак бўлган. Бу асарда адабиётнинг асосий қисмлари, фразеологик сўз бирикмалари, уларнинг амалда тадбиқ этиш йўллари чуқур таҳлил этилган. «Алфоиқфи ғариб алҳадис» («Ғариб ҳадислар ҳақида қимматли китоб») асари ҳадисда учрайдиган, маъносини англаш қийин бўлган иборалар, сўзлар ҳақида. «Атвоқ уззаҳаб филмавоъиз валхутаб» («Хутбалар ва ваъзлар баёнида олтин шодалар») — насиҳатомуз мақолалар тўпламидан иборат. «Рабийъ улаброр ва нусус улахйар» («Эзгулар баҳори ва яхшилар баёни») асарида адабиёт, тарих ва б. фанларга оид ҳикоялар, латифалар, суҳбатларнинг энг саралари жамланган. Замахшарийнинг аруз вазни ҳақида баҳс юритувчи «АлҚустос филаруз» («Арузда ўлчов») асари муҳим манбалардан ҳисобланади. «Мақомат» («Мақомлар») — 50 мақомдан иборат бўлиб, қофияли наср — сажъ услубининг нозик намуналарини ўзида мужассам этган муҳим асардир. 3. ҳикматли сўзлардан иборат «Навобиғ улкалим» («Нозик иборалар»); дидактик рухдаги «Аннасоуҳ уссиғор вал баволиғ улкибор» («Кичикларга насиҳатлар ва улуғлар етуклиги») ҳамда лирик ва фалсафий шеърлар, қасида, фахрия, назмий мактубларни ўз ичига олган «Девон узЗамахшарий» каби асарлар ҳам яратган. «АлКашшоф ан ҳақоиқ иттанзийл ва уйун илақовийл фи вужуҳ иттаъвийл» («Қуръон ҳақиқатлари ва уни шархлаш орқали сўзлар кўзларини очиш», 1132—34) асари Қуръон тафсирига бағишланган. Дунёнинг турли қўлёзма хазиналарида «АлКашшоф»нинг 100 га яқин қўлёзмалари ва асарнинг ўзига битилган 20 дан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар мавжуд. Қоҳирадаги машҳур АлАзҳар дорилфунунининг талабалари ҳам бошқа тафсирлар билан бир қаторда Замахшарийнинг ушбу асари асосида Қуръон ўрганадилар. Асарларининг қўлёзмалари Германия, Миср, Туркия, Эрон, Франция ва Россияда сақланади. 3. асарлари немис, француз ва б. тилларда нашр этилган. Замондошлари Абусамад Муҳаммад Самъоний, Ёқут Ҳамавий, Жамолиддин Қифтий 3. ижодига юксак баҳо берганлар.

3. ижодининг айрим томонларини шарқ (А. 3. Валидий, Муҳаммад Козимбек), ўзбек (А. Рустамов, У. Турсунов, У. Уватов, 3. Исломов, М. Ҳакимжонов ва б.), рус (Крачковский, Боровков ва б.), ғарб (Броккельман, Зайончковский ва б.) олимлари тадқиқ этганлар. Тошкент кўчаларидан бирига, мактаб, жоме масжидига 3. номи берилган.

Ад.: Рустамов А., Маҳмуд Замахшарий, Т., 1971; Уватов У., Нозик иборалар, Т., 1992; Уватов У., Маҳмуд азЗамахшарий, Т., 1995; Маънавият юлдузлари, Т., 2001.

Алибек Рустамов, Убайдулло Уватов.


Кирилл алифбосида мақола: ЗАМАХШАРИЙ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: З ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИБН СИНО
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ
АЛИШЕР НАВОИЙ
ЯПОНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты