ЗОҲИР (Зойир) Ахмад (1947.6.4, Афғонистон, Лағмон вилояти — 1980.6.4, Кобул) — афғон хонандаси, бастакор ва шоир, афғон мусиқий эстрадаси асосчиларидан. Ижодий фаолияти асо-сан Афғонистон давлат радиоси билан боғлиқ бўлган (1961—80). Мусиқа услубида Шарқ (айниқса, Ҳиндистон) ва Европа эстрада мусиқа йўналишлари ўзига хос тарзда уйғунлашиб кетган. Шу жумладан, 3. ўзининг ансамбли таркибида ҳинд анъанавий созларидан сетор, танпура, саруд, табла, Европа созларидан труба, гитара ва электрон клавишли чолғуларни моҳирона қўллаган. Бастакор сифатида 100 дан ортиқ қўшиқ яратган. Зоҳирнинг дилрабо асарлари ўзбек санъаткорлари ижодига ҳам катта таъсир этган. X. Лутфуллаев, Б. Ҳамдамов, Ш. Жўраев, Н. Абдуллаева, Ҳ. Исроилова, С. Қозиева, М. Сатторова, У. Отажонов ва б. 3. қўшиклари («Лайли, Лайли, Лайлижон», «Кажа-ке», «Боз омади», «Мара, мара, май бидеҳ», «Ёракиман», «Гули сангам» ва б.)ни ўзига хос услубда ижро этганлар.