АБРБАНДИ (форс-тож.) — атлас, шойи танда ипларига гул (нақш) солиш усули. Бу усул қўл меҳнатига асосланган: нақшдор қилиб бўяладиган танда ипларини олдин қатқозиққа ўраб, ҳар 40 — 50 — 60 ливити бир қат қилиб қатланади. Унинг орасига абрбанди чўпса солиб, қўлқозиқларга таранг тортиб боғлаб, ливитлари ёзилади. Кейин танданинг юзи бўйлаб гуллар чизилади. Бу гуллар бир неча рангда бўлиши ва ҳар бир ранг алоҳида босқичма босқич бўялиши лозим: ливитларнинг бир рангда бўяладиган жойлари очиқ қолдирилиб, бошқа жойлари абр иплар билан ўраб бўғилади ва бўёққа солиб бир неча минут сақланади. Ипакка ранг яхши сингиши учун аччиқтош эритмаси (аччиққозон)га солиб олинади ва қуритилади. Сўнг бўёқ ичган ливитлар бўғилади, бошқа ливитлари ечилиб, иккинчи хил бўёққа бўяладиганлари очиқ қолдирилиб, бошқалари яна маҳкам бўғилиб, бўёққа солинади ва ҳ. к. Танда ипининг абр бўғилмай қолган, аммо майда гуллар тушадиган жойи коса бўёқда бўялади. Танданинг ҳаммаси бўялиб, аччиқтошга солиниб қуритилгач, жуфтланган ливитлар қайта тортилади. Гул берилган нахлар (энига) ёзилади ва матонинг бутун гули тўлиқ шакл олади. Гул солинган тандага гула кўтариб, тиғдан ўтказилгандан сўнг, тўқиш учун дастгоҳга солинади.