АВЛИЁ ЧАЛАБИЙ, Авлиё Чалабий Муҳаммад Залли ибн Дарвиш (1611 — 1683) — туркиялик машҳур сайёҳ ва олим. Истанбулда заргар оиласида дунёга келган. У араб, форс ва юнон тилларини, тарих, география ва шеърият илми (поэтика)ни чуқур эгаллаган. Авлиё Чалабий бирмунча вақт Истанбулдаги Аё Сўфия масжидида ҳофизлик (қорилик) қилган. Сўнгра султон саройига хизматга олинади, лекин кўп ўтмай ҳарбий хизматга жўнатилади. У бир неча бор Турк армиясининг Азовга (1641) ва Венгрияга (1656) қилган юришларида қатнашган. А. Ч. Кичик Осиё, Курдистон, Сурия, Фаластин, Месопотамия, Миср ва Ҳабашистоннинг кўп жойларини кезиб чиққан (1640); у Жан. Россия (1665), Крим ва Кавказ, хусусан, Озарбайжон (1644—48), Украина (1656—58), Болқон я. о. (1656, 1680) бўйлаб саёҳат қилган. Бу мамлакатларнинг тарихи, иқтисодий, сиёсий аҳволи ва халқининг урф-одати ҳақидаги қимматли маълумотлар олимнинг «Сайёҳнинг тарихи» ёки «Саёҳатнома» асарида келтирилган. Асарнинг қўлёзмалари Туркия, Франция, Англия ва б. мамлакатларнинг қўлёзма асарлар фондларида сақланмоқда. «Саёҳатнома» 1897—1938 й. лар орасида 10 жилдда турк тилида нашр этилган. Унинг айрим қисмлари Ғарбий ва Шарқий Европа тилларига, Молдова ва Укра-инага оид қисмлари рус тилига таржима қилиниб, 1961, 1979, 1983 й. ларда нашр этилди.