АГРАР ИСЛОҲОТЛАР

АГРАР ИСЛОҲОТЛАР, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар — давлатнинг ерга мулкчилик муносабатлари ва ерда хўжалик юритиш усулларини ўзгартиришга каратилган чора-тадбирлари мажмуи. Дастлаб Аграр ислоҳотлар концепцияси мақсад ва вазифалари, йўналиши, уни ўтказиш босқичлари аниқпаб олинади. Шунга асосланиб Аграр ислоҳотларни ўтказишнинг аниқ чора-тадбирлари белгиланади ва уларни давлат амалга оширади.

Тарихда Аграр ислоҳотларнинг 3 турини кўриш мумкин. Биринчиси — анъанавий (натурал, биқиқ, қолоқ) иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишни кўзловчи Аграр ислоҳотлар Улар жумласига 19—20-а. ларда Европа, Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатларидаги Аграр ислоҳотларни киритиш мумкин. Иккинчиси — бозор хўжалигидан тоталитар-режали тузумга ўтишни кўзлаган ва пролетариат диктатураси ёрдамида амалга оширилган Аграр ислоҳотлар Учинчиси — 90-й. лар бошидан собиқ социалистик мамлакатларда режали иқтисодиётдан қайта бозор муносабатларига ўтишга қаратилган Аграр ислоҳотлар

Биринчи тоифадаги ислоҳотлар қ. х. да товар и. ч. ни ўстириб, уни бозор изига солишни мўлжаллайди. Заминдорлар мулки бўлган ер уни экадиганларга — деҳқонларга ҳақ тўлаш шарти билан ёки бепул берилади, ерга деҳқонларнинг хусусий мулки ўрнатилади. Деҳқонлар табақалашиб, уларнинг бир қисми бойларга айланса, бошқа қисми ёлланма ишчиларга айланади. Аграр ислоҳотлар қишлоқ хўжалигида механизацияни қўллаб, бу соҳадан иш кучини сиқиб чиқаришга олиб келади. Аграр ислоҳотлар фермерлар синфини шакллантириб, уларнинг мавқеини мустаҳкамлайди. Иккинчи тоифадаги Аграр ислоҳотлар собиқ СССР, Монголия, Шарқий Европа давлатларида ва б. мамлакатларда амалга оширилган. Бундай ислоҳотлар натижасида ер тўла-тўкис ёки қисман хусусий мулкдорлар тасарруфидан чиқарилиб, давлат мулкига айлантирилади, мустақил деҳқон хўжалиги ўрнига давлат режасига биноан ишловчи давлат хўжалиги ва жамоа хўжаликлари барпо этилади, уларни ҳукумат тўла назорат қилади. Бу ислоҳотлар қишлоқдаги эркин бозор муносабатларини йўқотади, қ. х. да стимуллар сўна борганидан у инқирозга юз ўгиради, озиқ-овқат тақчиллиги доимий тус олади. Учинчи турдаги Аграр ислоҳотлар давлатлаштирилган қ. х. дан эркин бозор хужалигига ўтишни кўзда тутади, улар натижасида ерга давлат эгалиги қисман ёки тўла-тўкис бекор қилинади, ерни ижарага ишлатишга рухсат берилади, давлат ва жамоа хўжалигининг мулки деҳқонлар ўртасида бепул, қисмаи бепул, ёхуд ҳақини тўлаш шарти билан тақсимланади. Деҳқон (фермер) хўжалиги асосий хўжалик турига айлантирилади, бу хўжалик бозор талабига қараб ва ўз манфаатини кўзлаб иш юритади.

20-а. давомида Ўзбекистонда Аграр ислоҳотларнинг сўнгги икки тури амалга оширилди. Шўролар даврида ер-сувлар уларнинг эгаларидан тортиб олиниб, деҳқонларга берилди. Лекин тез орада улардан яна тортиб олиниб давлат мулкига айлантирилди. Бундай ислоҳотлар 1917—22 йларда ўтказилди. 1925—26 йларда ерсув ислоҳоти ўтказилди. Бу ислоҳотларда маҳаллий бойларга қарашли ерларнинг бир қисми ерсизларга бепул тақсимлаб берилди. Бундай ислоҳотлар натижасида бозорга ишловчи мустақил деҳқон ҳўжалиги ривожланди. Аммо бу узоққа бормади, чунки 20-й. лар ислоҳоти қишлоқни ёппасига жамоалаштириш билан якунланди. 1929—32 й. лар мобайнида деҳқон хўжалиги тамоман тугатилиб, ўрнига давлат ва жамоа хўжаликлари барпо этилди, қ. х. тоталитар-режали тизим гирдобида қолди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, янги мазмунга эга бўлган ислоҳотлар бошланди. Республикада туб Аграр ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратадиган қонунлар қабул қилинди. Жумладан, «Ер тўғрисида» (20.06.1990), «Ўзбекистонда тадбиркорлик тўғрисида» (15.02.1991), «Давлат тасарруфидан чикариш ва хусусийлаштириш тўғрисида» (19.11.1991), «Ижара тўғрисида» (19.11.1991), «Деҳқон хўжалиги тўғрисида» (3.07.1992), «Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида» (9.12.1992), «Ер солиғи тўғрисида» (6.05.1993) ва б. қонунлар ҳамда ҳукумат қарорлари қ. х. да кўп укладли иқтисодиёт пойдеворини яратишга йўл очди. 1998 й. апр. да чиқилган «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида», «Деҳқон хўжалиги тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида» қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси қабул қилинди. Қишлоқда мулкдорлар синфини шакллантириш сиёсатдаги муҳим йўналишга айланди. Ўзбекистонда бозор тизимини яратишга қаратилган янги Аи. давомида давлат ва жамоа хўжаликлари ерининг бир қисми (жами 500 минг га) аҳолига томорқа тарзида фойдаланиш учун берилди. Натижада 1996 й. аҳолининг томорқа хўжалигида ер 640 минг га ни ташкил этди. Янги Аграр ислоҳотлар иккинчи йўналиши — бу қишлоқни фермерлаштириш, яъни давлат ва жамоа хўжаликлари ўрнига деҳқон ва фермер хўжаликларини ташкил этишдан иборат. Ерга давлат мулки сақлангани ҳолда ер хўжалик юритиш учун меросга ўтиш шарти билан деҳқонларга берилди. 1996 й. жами 19,5 минг деҳқон ва фермер хўжалиги ишлади. Аграр ислоҳотларнинг учинчи йўналиши сақланиб қолган давлат ва жамоа хўжаликларида деҳқонларнинг улушбай мулкига ўтишдан иборат бўлди. Хўжаликлардаги мол-мулк пулга чақилиб, у деҳқонларга улуш (пай) қилиб берилди. Деҳқонлар умумий мулкдаги улушига қараб ҳақ оладиган бўлдилар.

Аграр ислоҳотлар Ўзбекистоннинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда янги мулкчилик ва бозорга мос хўжалик усулларини бунёд этиш йўналишида бормоқда.

Аҳмаджон Ўлмасов.


Кирилл алифбосида мақола: АГРАР ИСЛОҲОТЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ЎТИШ
БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИ
БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИ
Туш таъбири ўзбек тилида


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты