АЙБЛАНУВЧИ — ЎзР ЖПКда белгиланган тартибда Айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилиниши хакида айблов қарори чиқарилган шахс. Бундай қарор терговчи ёки прокурор томонидан чикарилади (Кодекснинг 45-, 361-моддалари). Ушбу Кодекс 46-моддаси 1-қисмининг талабига кўра А. ўзининг нимада айбланаётганини билиш; ўзига қўйилган айблов юзасидан ва ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари бўйича кўрсатув ва тушунтириш бериш; ўз она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш; ҳимоячига эга бўлиш ва у билан ҳоли учрашиш (қ. Адвокат, Адвокатура); ҳуқуқларини ҳимоя қилишни шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад этиш; далиллар такдим қилиш; терговчи ёки суриштирувчининг рухсати б-н тергов ҳаракатларида иштирок этиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш ва ундан керакли маълумотларни ёзиб олиш; терговчи ёки прокурор томонидан жиноят ишининг тугатилганлигига норозилик билдириш ва суд муҳокамаси ўтказишни талаб қилиш (84-, 421-моддалар); биринчи инстанция ва кассация инстанцияси судининг мажлисларида, суднинг рухсати билан эса, назорат инстанцияси суди мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари устидан шикоятлар бериш (498—500-, 510-моддалар); суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва у ҳакда ўз мулоҳазаларини билдириш (426-, 427-моддалар); иш бўйича келтирилган протестлар, кассация шикоятларидан хабардор бўлиш ва уларга эътирозлар билдириш (505-модда) ҳуқуқига эгадир.
Айбланувчи: суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; дастлабки тергов ва суд муҳокамасида иштирок этишдан бош тортмаслиги; далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва б. қонунга хилоф ҳаракатлар б-н ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмаслиги; ўзига нисбатан танланган эҳтиёт чорасидан келиб чиқадиган талабларни бажариши; гувоҳлантириш, экспертиза учун тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарорлари ва суднинг ажримлари ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал қарорлар ижро этилишига тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт. Айбланувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек ўзининг айбдор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас (46-модданинг 2-,3-қисмлари).
Айбланувчига нисбатан тергов органлари иш судга ўтгунча турли эҳтиёт чораларини шу жумладан, тилхат билан очикда қолдириш, кафиллик ва ш. к. ни қўлланиши мумкин. Айбланувчи судга берилгандан сўнг суд қарори билан жазога ҳукм қилинса, маҳкум деб аталади.