АЙБЛОВ (ҳуқуқда) — муайян жиноий қилмишни содир этганликда айбланиб, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган шахснинг айбдорлигини исботлаш мақсадида қилинган ҳаракат. А. шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги терговчи ёки прокурорнинг қарорида баён қилинади (ЎзР ЖПК, 361-модда).
Айбловни ўзгартириш, тугатиш, тўлдириш ва тугатилган Айбловни кайта тиклаш тартиблари ушбу Кодекснинг 362 – ва 363-моддаларида назарда тутилган. Айблов уч хил бўлиб Айбловни — 1) судда кўрилаётган жиноят ишида қатнашаётган прокурор давлат номидан (қ. Прокурор. Ушбу Кодекснинг 409-моддаси),
2) жамоат бирлашмалари ва жамоалар суд муҳокамасида жамоат айбловчиси тариқасида иштирок этиш учун юборган ва-кил — жамоат номидан (қ. Жамоат айбловчиси. Ушбу Кодекснинг 42-моддаси) ва
3) жабрланувчи шахсан ўзи ёки вакили орқали (қ. Жабрланувчи, Жабрланувчининг вакили. Ушбу Кодекс 55-модда 1-қисми) қувватлаши мумкин. Прокурор давлат айбловчиси тариқасида суд мажлисида аниқланган ҳолатларга қараб Айбловни қувватлаш, ўзгартириш ёки Айбловдан воз кечиш ҳуқуқига эга. Прокурор (давлат айбловчиси) Айбловни қувватлаш, ўзгартириш ва ундан воз кечиш хусусида ўз фикрини судга ёзма тариқасида топшириши лозим. Жамоат айбловчиси Айбловнинг исботлангани ҳақида судда фикр беришга ва Айбловдан воз кечишга ҳақли. Жамоат бирлашмаси, жамоа ўзи йўллаган жамоат айбловчисини хоҳлаган вақтда чақириб олишга ёки уни бошқа вакил б-н алмаштиришга ҳақли. Агар жамоат айбловчиси чақириб олинган бўлса, вакил юборган жамоат бирлашмаси ёки жамоа жамоат Айблов идан воз кечган ҳисобланади.