АЛМАШЛАБ ЭКИШ

АЛМАШЛАБ ЭКИШ — қ. х. экинларини далалар ва йиллар бўйича илмий асосланган навбатлаб экиш. Тупроқ унумдорлигини таъминлаш ва экинларнинг ҳосилдорлигини оширишнинг самарали тадбири ҳисобланади. Алмашлаб экиш — деҳқончилик тизимининг энг муҳим қисмидир. Экинларни тартиби билан белгиланган схемада ҳар бир далага экиш учун кетган вақт А. э. ротацияси дейилади; А. э. га киритилган экинларнинг гуруҳи рўйхати ва уларни навбатлаш тартиби ёки алмашлаб экиладиган экинлар билан банд бўладиган далаларнинг бир-бирига нисбати Алмашлаб экиш схемаси дейилади. Алмашлаб экиш жорий этилмай, бир ернинг ўзига бир хил экинлар сурункасига эқилган (якка зироатчилик)да тупроқнинг физик хусусиятлари ёмонлашади, экинлар ҳосилдорлиги пасаяди, ҳар хил касаллик ва зараркунандалар, шу шароитга мослашган бегона ўтлар кўпаяди (мас, полиз экинларида шумғия, ғўзада вилт, бошоқли ғалла экинларида қоракуя ва б.). Экинлар касалликлари, зараркунандаларига қарши курашда, далаларни бегона ўт босиб кетишини бартараф этишда Алмашлаб экиш синалган агротехник чора ҳисобланади. Алмашлаб экишни таснифлаш икки белгига асосланади. Буларнинг бири — А. э. да етиштириладиган қ. х. маҳсулоти (пахта, дон, озуқа, сабзавот ва б.)нинг асосий тури. Иккинчиси — биологик хусусияти, етиштириш технологияси ва тупроқ унумдорлигига кўрсатадиган таъсири жиҳатидан бир-биридан фарқ қиладиган экинлар гуруҳлари нисбати (дуккакли дон, донли ва техника экинлари, сабзавот-полиз экинлари, кўп йиллик ўтлар). Биринчи белгиси жиҳатидан Алмашлаб экиш далали, ем-хашак ва махсус Алмашлаб экиш бўлинади. Далали Алмашлаб экишда экин майдонининг ярмидан кўпроғи асосий (ғўза, дон экинлари, картошка ва б.) экинлар етиштиришга ажратилади. Ем-хашак Алмашлаб экишда ҳам экин майдонининг ярмидан кўпроғини ем-хашак экинлари эгаллайди. Махсус Алмашлаб экишда махсус агротехника, алоҳида суғориш усуллари ва б. ни талаб қиладиган экинлар етиштирилади. Уларга сабзавотлар, полиз экинлари, тамаки, шоли ва б. киради. Иккинчи белгиси жиҳатидан Алмашлаб экиш экинлар гуруҳи, асосий товар маҳсулоти, далалар сони, ротация муддати ва б. белгиларига кўра тур (тип)ларга бўлинади. Алмашлаб экишнинг ғўза — ғалла — беда; дон экинлари — тоза шудгор; дон экинлари — ўтлар — чопиқталаб экинлар; дон экинлари — ўтлар; ўтлар — чопиқ-талаб экинлар; чопиқталаб экинлар — сидератли экинлар; ўтлар — далали ва б. тур (тип)лари бор. А. э. турига қараб экин турлари билан банд далалар сони нисбати рақамлар билан ифодаланади. Мас, ғўза-беда Алмашлаб экиш 3: 7 нисбатида биринчи рақам бедапоя далаларини, иккинчиси ғўза далаларини кўрсатади (беда экин майдонининг 30,0%ни ташкил этади). Ўзбекистонда хўжаликнинг қайси соҳа бўйича ихтисослашгани ва тупроқ-иқлим шароитига кура Алмашлаб экишнинг ҳар хил схемаси қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистонда 1930—90-й. ларда жамоа ва давлат хўжаликларида 3:7 схемали донга ажратилган бир далали ғўза — беда Алмашлаб экиш, 3:4:1:2 схемали донга ажратилган бир далали ғўза—беда Алмашлаб экиш ва бўлакланган 1:2:1:2:1:3 схемали бедасиз турли экинлар — чопиқталаб экинлар Алмашлаб экиш қўлланилди. Алмашлаб экишнинг мазкур схемаларида ғўза салмоғи 60—70%ни ташкил этди. 90-й. лар бошидан Ўзбекистонда дон мустақиллигига эришиш учун суғориладиган майдоннинг катта қисми ғалла экинлари учун (1997 й. да карийб 1 млн. га) ажратилди. Натижада ғўза якказироатчилигига барҳам берилиб, айрим хўжаликларда ғўза-ғалла нисбати деярли тенг бўлиб қолди.

Пахтачилик А. э. да бошокли дон экинларини жойлаштириш бўйича тавсияларга биноан 1:2:7 схемасига кўра экинлар қуйидагича: 1 (ғалла): 2 (беда): 7 (ғўза) — ғўза 70% ёки 1:2:3:1:2 схемасида эса экинлар 1 (ғалла) : 2 (ғўза) : 3 (беда) : 1 (ғалла) : 2 (ғўза) — ғўза 40% жойлаштирилиб, Алмашлаб экиш даласида ғўза сал-моғини 10—20% камайтиришга эришилди. Тупроқ унумдорлиги паст, мелиоратив ҳолати ёмон ерларга 1:3:5 схемалари — 1 м (мелиоратив) : 3 (беда) : 5 (ғўза) ёки 1 м (мелиоратив): 3 (беда) : 4 (ғўза) : 1 (ғалла) – ғўза 44,4 – 55,5% бўлган намунавий тавсиялар берилди. Шоликор хўжаликларда Алмашлаб экишнинг уч, етти, тўққиз ва ўн далали схемалари қўлланилади. Тўққиз далали схемада 1-, 2-, 3далаларга шоли, 4далага ёзнинг иккинчи ярмида сидерат ёки дон учун мош, соя, ўрис нўхат (ёзнинг биринчи ярмида дала мелиоратив ҳолати яхшиланади), 5-, 6-, 7-далаларга шоли, 8далага беда билан дон учун баҳорги арпа, 9-далага икки йиллик беда экилади. Бу схемаларда шоли 66,6—70%ни ташкил этади. Сабзавотчиликда сабзавот экинлари А. э. нинг асосий бўғини кўп йиллик ва бир йиллик ўтлардир. Экишда беда ва б. дуккакли экинлардан кейин полиз экинлари, карам, пиёз, помидор экилади. Картошка, полиз экинлари, бодринг ва илдиз мевали экинлардан кейин эқилган карам ҳам мўл ҳосил беради. Бегона ўтлардан кўпроқ зарарланадиган пиёз, илдиз мевали сабзавот экинлари (сабзи, лавлаги, шолғом, турп), картошка, бодринг карамдан кейин эқилганда яхши самара беради. Сабзавот экинларини, одатда, илгари улар етиштирилган далага 3—4 йил оралатиб эқилгани маъқул.

Ўзбекистоннинг иқлим шароитида бир далага такрорий экин экиб, йил давомида икки марта ҳосил олиш мумкин. Мас, сабзавот экинларининг 8 да-лали алмашлаб экиш схемасида (3:4:1) 1-далага беда (биринчи йили беда маккажўхори ёки арпа билан бирга экилади), 2-далага беда (икки йиллик беда), 3-далага беда (уч йиллик беда), 4-далага ўртаги сабзавот (помидор, бодринг), 5-далага кечки сабзавот (кечки сабзавотдан олдин эртаги картошка экилади), 6-далага кечки картошка (кечки картошкадан олдин эртаги сабзавот экинларидан карам экилади), 7-далага сабзавот (пиёз), 8-далага кечки сабзавот (кечки сабзавотдан олдин эртаги картошка) экилади.

Алмашлаб экиш тизими қ. х. фанларининг янги ютуқлари ва тўпланган тажрибага мувофиқ такомиллаштириб борилади.

Ад.: Турсунхўжаев 3. С, Сорокин М., Ғўза — беда алмашлаб экиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш йўллари, Т., 1978; Гречихин В. Н. и др., Севообороты в хлопководстве: Опыт и проблемы, Т., 1982; Турсунходжаев 3. С, Болкунов Алмашлаб экиш, Научные основы хлопковых севооборотов, Т., 1987.

Абдураҳим Эрматов.


Кирилл алифбосида мақола: АЛМАШЛАБ ЭКИШ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БЕГОНА ЎТЛАР
АЛИШЕР НАВОИЙ
БЕРУНИЙ
БУЮК БРИТАНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты