БАЛИҚЛАР

БАЛИҚЛАР (Pisces) — умуртқалилар кенжа типининг катта синфи, жуда кенг тарқалган. Тузилиши, ҳаёт кечириши ва экологик хусусияти сув муҳитига жуда яхши мосланган. Сувда тез сузадиган Балиқларнинг танаси чўзиқ суйри шаклда бўлганидан сувнинг қаршилигига камроқ учрайди. Секин сузадиган Балиқларнинг танаси япалоқ бўлади. Скелети тоғайдан (тоғайли б.) ёки суякдан (суякли Балиқлар) иборат. Жағлари яхши ривожланган. Балиқлар танасини тўлқинсимон букиб ва ёзиб ҳаракатланади. Жуфт ва тоқ сузгичлари ҳаракатланаётгаида танани бошқариш ва мувозанатини сақлаш вазифасини бажаради. Танаси кичикроқ ёки япалоқ шаклда бўлган Балиқлар жуфт сузгич қанотларини эшкак каби сувга уриши ёки тўлқинсимон ҳаракатланиши туфайли сузади. Балиқларнинг танасини букиш хусусияти умуртқалар сонига ва териси сиртидаги тангачалар каттакичиклигига боғлиқ. Балиқлар умуртқалари 16 тадан (ой балиқларда) 400 тагача (Янги Зеландия камар балиғида). Бош скелети яхши ривожланган, юз скелети тил ости ёйи ва бештача жабра ёйидан ташкил топган жағлардан иборат. Бош мияси ҳар хил даражада ривожланган. Акулаларца олдинги мия, мияча ва ҳидлов бўлими бўлади. Суякли балиқларнинг олдинги мияси кичик, ўрта мия ва мияча нисбатан йирикроқ, икки хил нафас олувчиларнинг мия ярим шарлари ривожланган, миячаси эса кичик бўлади. Бош миясидан ўн жуфт нервлар чиқади. Таъм билиш органлари яхши ривожланган. Эшитиш органлари ички қулоқдан иборат, Балиқлар ҳар хил товушларни, шу жумладан ультратовуш тўлқинларини яхши эшитади. Урчиш даврида кўпчилик Балиқлар сузгич пуфак ёрдамида товуш чиқариш хусусиятига эга. Одатда 1 м гача масофадаги нарсаларни ажрата олади. Лекин кўздаги ўроқсимон ўсимтанинг қисқариши, кўз гавҳарининг ўзгариши туфайли 12 м гача узоқликдаги нарсаларни ажрата олиши мумкин. Сувнинг чуқур қатламларида ва ғор сувларида яшовчи Балиқларнинг кўзлари йўқолиб кетган. Балиқлар ён чизиқ органлари ёрдамида яхши ориентация қила олади. Асосий нафас олиш органлари — жабралари умрбод сақланади. Айрим Балиқларда (полиптерус, цератод) жабра билан бир қаторда атмосфера ҳавосидан қўшимча нафас олиш органи — ўпка ҳам ривожланган. Анабас, гурами каби лабиринтли Балиқлар биринчи жабра ёйининг устида кичик бўшлиқ мавжуд. Балиқ ютган ҳаводаги кислород ана шу бўшлиқда жойлашган шилимшиқ парда б-н қопланган юпқа суяк пластинкалар орқали капилляр томирларга ўтиб, қонни оксидлантиради. Балиқларнинг юраги икки камерали, яъни қоринча ва бўлмадан, қон айланиш системаси эса битта туташ доирадан иборат. Икки хил нафас олувчи Балиқларнинг юраги 3 камерали, юрак бўлмаси чала тўсиқ ёрдамида чап ва ўнг камераларга бўлинган. Кўпчилик Балиқларнинг буйраги, ҳазм системаси ривожланган. Йиртқич Балиқларнинг ичаги калта, ўтхўрлариники узун. Мас, ўтхўр дўнг пешона балиғининг ичаги танасига нисбатан 13 марта узунроқ. Жигар ва меъда ости безлари бор. Кўпгина Балиқлар ичагида овқат ҳазм қилишда иштирок этадиган пилорик ўсимтаси бўлади. Акула ва осётрсимонлар ичагида спирал клапани бор. Кўпчилик Балиқларнинг алоҳида анал ва сийдиктаносил тешиклари бўлади. Акулалар ва икки хил нафас олувчиларда клапани бўлади. Айириш органлари — мезонефросдан иборат. Мезонефрос умуртқа поғонаси ёнига ўрнашган. Балиқлар айрим жинсли, баъзи турлари (тош олабуғаси) гермафродит. Балиқлар турли ёшда вояга етади. Гамбузия ва тезсузар Балиқлар бир йилда, орол мўйловдори ва бакра балиқ 12 — 14 ёшда, белуга 20 ёшда вояга етади. Кета ва горбуша каби Балиқлар ҳаёти давомида бир марта увилдириқ ташлайди. Кўпчилик Балиқлар (елец, нозайло) кўп йиллар давомида ҳар йили бир мартадан, бошқалари (зоғора, оқ кумуш, товон балиқ) йилига бир неча марта увилдириқ ташлайди. Айрим Балиқлар (чўртан, оқ қайроқ) баҳорда, кўпчилик Балиқлар (зоғора, оқ кумуш, мўйловдор ва б.) баҳор — ёз ойларида, баъзилари (гулмой) кузда урчийди. Налим ва рипус қишда увилдириқ ташлайди. Тухумлари бир нечтадан (айрим акулалар) 300 млн. гача (ойбалиқ) етади. Бир қанча Балиқлар (гамбузия, айрим тоғайли Балиқлар) тирик туғиб кўпаяди. Балиқлар ҳар хил катталикда бўлади. Филиппин ороллари яқинида тарқалган пондако танасининг уз. 1 — 1,5 см, оғирлиги 1,5 г бўлса, энг йирик кит акуласининг уз. 15 — 20 м га, оғирлиги 12 — 14 т га етади. Балиқларнинг ёшини тангачалари ва баъзи суякларидаги йиллик ҳалқачаларига қараб аниқланади. Балиқлар 1 — 2 йилдан (тезсузарлар) 100 — 120 йилгача (белуга) умр кўради. Амударё ва Сирдарёда тарқалган лаққа балиқ 50 — 60 йилга яқин яшайди. Озиқланиш усулига кўра Б. нинг оғзи ва тишлари ҳар хил тузилган. Балиқларнинг фақат жағларида эмас, балки тил, танглай ва ҳалқумида ҳам тишлари бўлади (чўртан, карас). Балиқларнинг тухумдан чиққан чавоқлари дастлаб сариқлик халтачаси ҳисобига озиқланади, кейинчалик сув ўтлари ва бир ҳужайрали ҳайвонлар билан озиқлана бошлайди. Йиртқич Балиқлар (лаққа, чўртан, олабуга) бошқа Балиқлар ҳамда жониворларни ейди. Зоғора, мой, мўйловдор Балиқлар ўсимлик ва хайвонлардан иборат аралаш озиқлар б-н озиқланади. Балиқларнинг ҳар хил рангда бўлиши улар терисидаги пигментли ҳужайралар — хромотофорларга боғлиқ. Хромотофорлар нерв таъсирида ташқи муҳит рангига мос равишда рангини ўзгартириш хусусиятига эга. Бу ҳодиса Б. нинг душманлардан сақланишида катта аҳамият касб этади.

Балиқлар тана ҳарорати беқарор, совуққон жониворлардир. Тана ҳарорати деярли сув ҳароратига яқин, баъзан 0,5 — Г ортиқроқ бўлади. Серҳаракат Балиқлар тана ҳарорати муҳит таъсирида бир оз кўтарилиши, мас, тез сузаётган тунецда тана ҳарорати сувникидан 10° гача юқори бўлиши мумкин. Балиқлар ҳар хил ҳароратли сувда яшашга мослашган. Тропик сувларда яшовчи балиқлар 31» гача бўлган сувларда, карп тишли балиқ Калифорниянинг 52° ли қайнар булоқларида ҳаёт кечиради.

Балиқлар ҳоз. умуртқалилар орасида энг хилма-хил ҳайвонлар бўлиб, барча хордалиларнинг деярли ярмини, яъни 20000 дан ортиқ турни ўз ичига олади. Балиқлар 2 синфга: тоғайли ва суякли Балиқларга ажратилади. Кўпчилик турлари (96%) суякли Балиқларга киради. Озиқланиш усулига кўра плантофаглар, бентофаглар, детритофаглар, фитофаглар ва йиртқичларга; кўпайишига биноан увилдириқ ташловчи ва тирик туғувчиларга; яшаш муҳитига кўра денгиз ва чучук сув балиқларига; ҳаёт кечириш хусусиятига биноан ўткинчи ва ўтроқ Б. га ажратилади. Ўткинчи Балиқлар (лососсимонлар, бакра, дарё угори) ҳаётининг бир қисмини денгизда, бошқа қисмини дарёда ўтказади.

Балиқлар бениҳоя катта иқтисодий аҳамиятга эга. Ҳар йили денгиз ва океанлардан бир неча ўн млн. тонна Б. овланади. Овланган Балиқларнинг бир қисми тўғридантўғри овқатга ишлатилади, асосий қисми қайта ишланиб, тузланган, дудланган, музлатилган ёки консерва ҳолида истеъмол қилинади. Балиқлардан балиқ мойи ва балиқ уни каби маҳсулотлар ҳам тайёрланади.

Ўзбекистон сув ҳавзаларида Балиқларнинг 106 тури тарқалган. Ўзбекистоннинг барча сув ҳавзаларидан 80-й. ларда ҳар йили 300 — 350 минг т Б. овланган. Кейинги йилларда Орол денгизида сув сатҳининг пасайиб кетиши, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида экологик ҳолатнинг кескин ёмонлашуви оқибатида бу сув ҳавзаларидан Балиқлар овлаш кескин камайиб кетди. Ўзбекистон Қизил китобига Балиқларнинг 5 тури киритилган. Балиқларни ўрганадиган фан ихтиология деб аталади. (қ. Балиқчилик).


Кирилл алифбосида мақола: БАЛИҚЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
Туш таъбири ўзбек тилида
АЛИШЕР НАВОИЙ
БИОЛОГИЯ
Исмлар. Энг чиройли ва машҳур исмлар.


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты