БАНКЛАР

БАНКЛАР (лот. Ьаnса — сарроф пештахтаси) — кредитмолия муассасалари; асосан, вақтинча бўш пул маблағларини тўплаш, корхоналарга ва умуман пулга муҳтожларга кредит, ссуда бериш, нақд пулсиз ҳисобкитобларини амалга ошириш, пул ва турли қимматбаҳо қоғозлар чиқариш, олтин ва чет эл валюталари билан боғлиқ операцияларни бажариш ва б. билан шуғулланади.

Банк ишининг асосий йўналишлари депозит (омонат) қабул қилиш, кредитлар бериш ва мижозларга кредит-ҳисоб хизмати кўрсатишни амалга ошириш ҳисобланади. Банклар кимматбаҳо қоғозларни сақлаш, сақлашга ўтказилган қимматбаҳо қоғозларни жорий бошқариш, биржа топшириқларини бажариш, сейфларни ижарага бериш каби пулли хизматлар ҳам кўрсатади. Турли иқтисодий хизматларни амалга оширувига кўра ҳоз. вақтда Банкларнинг қуйидаги асосий турлари фаолият кўрсатади: марказий (эмиссия) Б. ва тижорат Б.

Марказий Банклар («банкларнингбанки») (Миллий Банклар ва АҚШда Федерал резерв тизими) мамлакатнинг жами кредит тизимини назорат қилади, давлат пулкредит сиёсатини амалга оширади, накд пул ва қимматбаҳо қоғозлар эмиссияси б-н шуғулланади, мамлакатнинг олтинвалюта захираларини сақлайди, давлат ва тижорат Банкларга кредитлар беради.

Тижорат Банклар ўз навбатида универсал ва ихтисослашган Банкларга бўлинади. Ихтисослашган Банклар инвестиция Б., жамғарма (омонат) Банклар, махсус Банклар, кооператив Банклар ва б. дан иборат. Тижорат Банклар универсал Банклар бўлиб жисмоний ва юридик шахсларга хилма-хил банк хизматлари кўрсатади (депозитларни жалб этиш, вексель ҳисоби, кредит бериш, қимматбаҳо қоғозларни сотиш ва сотиб олиш). Бу Б. банк ва кредит тизимининг ўзагини ташкил этади. Универсал Банклар ҳамма турдаги асосий банк ҳаракатларини амалга оширади. Ихтисослашган Банклар бирон-бир фаолиятга, соҳага ва тармоққа хизмат кўрсатади. Инвестиция Банклар, асосан, эмиссиятаъсисчилик операциялар билан шуғулланади ва қимматбаҳо қоғозлар савдосини ўтказади. Махсус Банклар муайян мижозлар гуруҳига хизмат кўрсатади ёки айрим соҳаларда ихтисослашади (жамғарма, савдо, ташқи савдо, ипотека ва б.). Кооператив Банклар товар ишлаб чиқарувчилар томонидан пай асосида барпо этилади, таъсисчиларнинг кредит ва банк хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондиради. Тармоқ ва ҳудудий принциплар бўйича ташкил топади, тижорат Банкларнинг бир кўриниши ҳисобланади.

Мулк шаклига кура Банкларнинг қуйидаги турлари бор: давлат Банклар, давлат иштирокидаги аралаш Банклар, давлатлараро Банклар, халқаро Банклар, чет эл сармояси иштирокидаги Банклар, акциядорлик Банклар, Банкирлар уйи, кооператив Банклар, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш Б., коммунал Банклар, хусусий Банклар ва б.

Банклар ишининг дастлабки белгилари қулдорлик жамиятида пайдо бўлган. Улар асосан, савдогарларнинг пул б-н боғлиқ ҳисобкитоб ишларини бажарган жиро-банклар (мижозлар Ўртасида ҳисобкитобларни нақд пулсиз олиб борадиган банклар) шаклида вужудга келди. Шу билан бир қаторда махсус саррофхоналарда саррофлар пул алмаштириш ва йирик пулларни майдасига алмаштириб бериш ишлари б-н шуғулланган. Банкларнинг айрим белгиларига эга бўлган муассасалар ўрта асрларда Шим. Италия шаҳарларида, сўнгра Голландия ва Германиянинг савдо марказларида юзага келди.

Капитализмнинг вужудга келиши ва ривожланиши билан Банкларнинг аҳамияти ортиб кетди. Банк ишининг ҳозирги тамойиллари биринчи бўлиб 17-а. дан бошлаб Англияда, сўнгра бошқа мамлакатларда юзага кела бошлади. Шу даврдан бошлаб Банклар капитал ва тадбиркорликни ишга солишнинг махсус бир соҳасига айланди. Банкларнинг кўпайиши б-н ссуда капитали капиталнинг асосий шаклларидан бири бўлиб қолди. Астасекин Банклар йириклашиб, улар бажарадиган операциялар доираси кенгайиб борди. Банклар муомалага хусусий векселлар ўрнида ишлатиладиган кредит пуллари — банкнотлар (банк билетлари) чиқара бошлади. Кўпгина мамлакатларда чеклар билан амалга ошириладиган нақд пулсиз ҳисобкитоблар пайдо бўлди. Капитализмнинг ривожланиши билан кредит ва тўловларда воситачилик вазифасини бажарадиган муассасаларга талаб ортиб борди. Банклар бўш пул воситаларини йиғиб, уларни турли муддатларга ссудага берди, улар корхоналарнинг жорий ҳисоб варағини юритиб, корхоналар ўртасида ўзаро ҳисобкитобларни олиб борди. Аста-секин Банклар ўртасида энг йириклари пайдо бўлди. Айниқса, 19-а. охирига келиб Банклар ишлаб чиқаришнинг концентрацияланиши оқибатида Банкларнинг йириклашуви Банклар сонини қисқаришига ва банк монополияларининг вужудга келишига, улар ўртасида ўзаро рақобат курашининг кучайишига сабаб бўлди. Банклар тўлов ва кредит операцияларида воситачилик қилиш билан кифояланмай, саноат корхоналари акцияларини сотиб ола бошлади, уларнинг хўжаликлари ёки муассисларидан бирига айланди, янги корхоналар таъсис этишда хамкорлик қилди. Йирик Банклар ва саноат капиталининг бирга қўшилиб кетиши натижасида молия капитали ва молия олигархияси вужудга келди, бу олигархия мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида катта мавқени эгаллади.

Ҳоз. даврда кўпгина мамлакатларда кўплаб (мас, 90-й. лар бошида АҚШда 14,5 мингдан ортиқ банк бўлган) Банклар бўлишига қарамай, улардан 3—4 тасигина етакчи ўринда туради. Турли мамлакатлардаги йирик Банклар ниҳоятда сертармоқ бўлиб, ўз мамлакати доирасидагина эмас, шу билан бирга жаҳоннинг жуда кўп мамлакатларида бўлим ва филиалларига эга. Ривожланган мамлакатларда Банклар иқтисодиётни бошқариш ва рағбатлантириш муассасаси вазифаларини бажаради. Банклар пул капиталини иқтисодиётнинг соҳалари ва тармоқлари бўйича тақсимланишида қатнашиб, фонда нормасининг тенглашувини таъминлайди.

Ўзбекистонда биринчи банк муассасаси 1875 й. Тошкентда очилган Россия империяси давлат Банкларнинг филиали бўлган. 19-а. нинг охирида Туркистонда рус капитали иштирокидаги Ўрта Осиё акциядорлик банки (1881), Волгакама банки (1893), Рус-Хитой (Рус-Осиё) банки (1903), Азов-Дон савдо банки (1910), Нижний Новгород-Самара банки (1899), Полтава Ер банки (1901)нинг филиал, бўлим ва агентликлари фаолият олиб борди.

Октябрь тўнтаришидан сўнг барча Банклар совет ҳокимияти томонидан национализация қилинди. Ўзбекистонда банк тизими 1924 й. дан бошлаб собиқ СССР банк тизимининг таркибий қисми сифатида ташкил қилинди. 1992 й. га қадар СССР Давлат банки (1923; 1921 – 23 й. ларда РСФСР Давлат банки), СССР Қурилиш банки (1959; 1922 — 59 й. ларда СССР Савдо банки), СССР Ташқи савдо банки (1924)нинг Ўзбекистон идора (контора)лари республикадаги банк муассасалари ишига раҳбарлик қилди. СССРнинг парчаланишига қадар Ўзбекистонда мустақил банк тизимини яратиш мақсадларида 1991 й. 15 фев. да Республика Олий Кенгаши сессиясида республика ҳудудидаги Б. Фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди ва шу вақтдан бошлаб республиканинг ҳақиқий, мустақил банк тизими шакллана бошлади. Собиқ СССР Б. ининг республика идоралари мустақил Банклар сифатида ЎзР Марказий банки томонидан рўйхатга олинди.

Ўзбекистон Республикаси банк тизимини шакллантириш ва ривожлантириш стратегияси иқтисодиётни хўжалик юритишнинг бозор шароитларига босқичмабосқич ўтказиш дастурига мос келади. Ўтган даврда банк ислоҳотлари давомида миллий банк тизимининг 2 босқичли структураси (юқори босқичда — Марказий банк, қуйи босқичда — тижорат банклари) ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди; Б. нинг сони ва улар кўрсатадиган хизмат турлари кўпайди.

1995 — 96 й. ларда банк қонунчилиги янада такомиллашди. ЎзРнинг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги (1995 й. 21 дек.) Қонуни банк тизимининг ҳуқуқий асосларини тўлдирибгина қолмасдан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг алоҳида мақоми, мақсадлари, вазифалари ҳамда ваколатларини ҳам аниқ белгилаб берди. ЎзРнинг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» 1996 йил 25 апр. даги янги Қонуни эса тижорат Банклар фаолиятининг барча ҳуқуқий асосларини халқаро стандартлар даражасида белгилаб берди. Таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, 12 вилоят ва Тошкент ш. бошқармалари бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ЎзРнинг бош банки ҳисобланади (1992 й. сент. гача собиқ СССР Давлат банкининг Ўзбекистон бўлими).

Республикада банк тизимининг қуйи босқичини пайчилик, акциядорлик асосида, шунингдек чет эл капитали иштирокида ташкил этилган Банклар, уларнинг филиал ва ваколатхоналари, кооператив ва хусусий Банклар ташкил этади.

Банк соҳасини монополиядан чиқариш банк ислоҳотларининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Дастлабки босқичда бу асосан иқтисодиётнинг айрим соҳаларига хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган Банкларни тузиш йўли билан амалга оширилди. Ихтисослаштирилган Банкларнинг ташкил этилиши бозорга йўналтирилган банк тизимини яратиш йўлидаги зарурий ва табиий босқич бўлди.

1995 — 96 й. ларда «Асака» ихтисослаштирилган давлатакциядорлик тижорат банки, «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банки, «Тошкентижтимоийуйжойбанк» акциядорлик тижорат банки, «Узсаёҳатинвестбанк» Ўзбекистон акциядорлик тижорат инвестиция банки ва «Замин» ихтисослаштирилган давлат-акциядорлик ипотека банклари ташкил этилди. «Ўздеҳқонсаноатбанк» акциядорлик тижорат банки «Пахтабанк» ихтисослаштирилган акциядорлик тижорат банкига, «Ўзжамғармабанк» Халқ банкига айлантирилди.

Тижорат Банклар халқ хўжалигининг турли соҳаларидаги корхонаташкилотларини кредитлаш, молиялаш ва уларга ҳисобкитоб хизмати кўрсатишни амалга оширади. Бу Б. тўла мустақилдир. Уларнинг акциялари турли мулк шаклларига мансуб бўлган корхоналар, шунингдек жисмоний шахслар ўртасида тақсимланган. Тижорат Банкларнинг хусусий захиралари етишмай қолганда улар кредит ресурслари бозоридан зарур пул маблағларини сотиб олишлари мумкин.

ЎзРнинг барча минтақаларида 800 га яқин филиалларга эга бўлган 35 тижорат Банклар фаолият кўрсатади, улардан 5 таси чет эл капитали иштирокида, 11 таси хусусий банклардир (2000).

Хусусий Банкларнинг ҳуқуқий базасини ривожлантиришда Республика Президентининг 1997 й. 24 апр. даги «Хусусий тижорат банкларини ташкил қилишни рағбатлантириш чоратадбирлар тўғрисида» Фармони муҳим аҳамиятга эга бўлди. Фармонга кўра, республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган тижорат Банклар билан бир қаторда хусусий Банклар ҳам ташкил этила бошлади (муассис жисмоний шахслар ҳиссаси банк Устав капиталининг камида 50% ни ташкил этиши лозим). 1998 й. да 5 та хусусий («Алп Жамол», «Туркистон», «Истиқбол», «ХИФбанк» ва «Ўктамбанк») Б. га банк операцияларини амалга ошириш учун дастлабки рухсатнома берилди.

1995 й. 24 окт. да Ўзбекистон тижорат Банклар уюшмаси ташкил топди (унинг таркибига хусусий Банкларлар ҳам кирган).

Республикада 1992 й. дан «Ўзбанкаудит» — банклараро акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган аудиторлик фирмаси иш олиб боради. 1996 й. дан буён «Ўзбанкаудит» билан бир қаторда «Делойт энд Туш» ва «Эрнст энд Янг» каби 5 та халқаро аудиторлик консалтинг фирмаларига ҳамда «Холис» гуруҳи ва «Одил аудит» маҳаллий аудит фирмаларига ЎзР Марказий банки томонидан банк аудити ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли сертификатлар берилди. Улар банклар, кредит муассасалари, суғурта компаниялари, ташкилот ва корхоналарнинг буюртмаси билан уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширади (тафтиш қилади), холисона хулосалар беради, экспертизалар ўтказади.

Ҳоз. даврда Ўзбекистонда чет эл Банклар ва халқаро молия муассасалари капитали иштирокида қўшма Банклар фаолият кўрсатади. Улар жумласига Ўзбекистон — Голландия «Ўзприватбанк» ва «АБН Амробанк — Ўзбекистон Миллий банки акциядорлик жамияти», Ўзбекистон — Туркия «ЎТбанк», Ўзбекистон — Жан. Корея «ЎзДЭУбанк» киради. 13 та чет эл банки Тошкентда ўз ваколатхонасини очган. Булар каторида Дойче банк, Берлинер Банк, Мейбанк (Малайзия), Кредит Свисс (Швейцария), «Креди Коммерсиаль де Франс», «Сосьете Женераль» (Франция), Покистон Миллий банки, Чейз Манхэттен (АҚШ), «Российский кредит» ва «Сакура банк ЛТД» (Япония) банклари бор.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банкнинг доимий маслаҳатчилари хизматидан фойдаланади.

2000 й. 1 янв. да Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан мижозларга 529 млрд. сўмлик кредит қўйилмалари ажратилиб, шундан 237 млрд. сўми қисқа муддатли, 292 млрд. сўми ўрта ва узоқ муддатли кредитларни ташкил этди. Ўртача фоиз ставкаси қисқа муддатли кредитлар бўйича 33,7%, ўрта муддатли кредитлар бўйича 23%, узоқ муддатли кредитлар бўйича 13% дан иборат бўлди.

Файзулла Мумажонов.


Кирилл алифбосида мақола: БАНКЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БИРЖА
АЛИШЕР НАВОИЙ
БЕРУНИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты