АНАЛИТИК КИМЁ — моддалар таркибини аниқлаш усуллари ҳақидаги фан. У сифат анализи ва миқдорий анализга бўлинади. Аналитик кимёнинг вужудга келиши ва ривожланиши турли и. ч. соҳаларининг пайдо бўлиши ва тараққий этиши билан боғлиқ. Миқдорий анализ рудалар ва тайёр маҳсулотлар таркибидаги олтин, кумуш ва б. Металларнинг миқдорини аниқлашдан иборат бўлган эди; кейинроқ бориб, у илмий асосда йўлга қўйилди. Ҳоз. замон кимёсининг туғилиш даври (17-а. ўртаси — 18-а. охири)да Аналитик кимё моддаларнинг кимёвий таркибини ўрганадиган фан деб ҳисобланарди. 17-а. ўрталарида Р. Бойль сувли эритмалардаги анорганик моддаларнинг миқдорий анализига асос солди. 19-а. бошида Ж. Гей-Люссак ҳажмий анализни, ўша асрнинг ўртасида эса Р. Бунзен ва Р. Кирхгоф спектрал анализ асосларини ишлаб чиқишди ва ҳ. к. 20-а. да Аналитик кимёга физик ва физик-кимёвий усуллар (мас, колориметрия, рентген, люминесценция, электрон микроскопия, электр анализ усуллари ва б.) тобора кўпроқ жорий этилди. Шу билан бир вақтда Аналитик кимё амалий мақсадларда кенг қўлланила бошлади. Текшириш объектига кўра А. к. ни анорганик моддалар анализи ва органик моддалар анализига бўлиш расм бўлган. Анорганик моддаларнинг сифат анализида эритмадаги ионларни топиш учун, одатда, яхши сезиладиган ҳар хил (ранг ҳосил бўлиши ёки эритма рангининг кескин ўзгариши, газ ажралиб чиқиши каби жараёнлар билан борадиган) реакциялардан фойдаланилади. Органик моддаларнинг сифат анализида эса мах-сус усуллар қўлланилади (қ. Элементар анализ, функционал анализ). Оддий модда ёки бирор бирикмадаги элементнинг миқдорини аниқлашда унинг бирор физик хоссаси (мас, оғирлиги, ҳажми, зичлиги, нур синдириш кўрсаткичи, электр ўтказувчанлиги, сирт таранглиги ва ҳ. к.) ўлчанади. Элемент ёки моддалар миқдори ва ўлчанадиган физик хоссалар ўртасида аналитик ёки график ифодаланган маълум функционал боғлиқлик бўлиши керак. Вазний анализ ва титрлаш усуллари модда миқдори билан унинг оғирлиги ёки ҳажми орасида тўғри пропорционал боғлиқлик сақланишига асосланади. Спектрал усулларда (қ. Спектрал анализ) элемент миқдори билан аналитик спектр чизиқларининг равшанлик даражаси ўртасидаги пропорционал боғлиқликка маълум чегарада риоя қилинади. Фотометрик анализда эса модданинг концентрацияси билан нўрнинг ютилиши ўртасидаги пропорционал боғлиқлик эътиборга олинади. Элемент (модда) миқдорини ўлчашдан аввал, одатда, у бойитилади ва аниқланадиган элемент қулай бирикма ҳолида ажратиб олинади. Кўпчилик усуллар селектив ва сезгир бўлмаганлиги учун моддаларнинг миқдорини ўлчашда уларни гуруҳларга бўлиб, айрим элементларни чўктириб, ҳайдаб, экстракциялаб ажратиш катта аҳамиятга эга. Бирга бўладиган кўпчилик ионларнинг чўкишига ва экстракцияланишига йўл қўймаслик учун уларни барқарор комплекс ионларга айлантириш мумкин. Аниқланадиган элементни эритмадан электролиз қилиб эркин ҳолда ёки оксид ҳолида ажратиб олса бўлади. Маълум шароитни танлаб, бир хил элементларни электродда чўктириб, бошқаларини эса эритмада қол-диришга эришилади. Кўпчилик металларнинг оз миқдорини ажратиб олиш учун ички электролиз усули қўлланилади. Энг қулай ажратиш усулларидан бири хроматография ҳисобланади. Органик анализда элементлар миқдорини аниқлаш учун модда аввал СО2, Н2О, N2, NH3 ва ҳ. к. гача парчаланади. Кейинчалик уларнинг миқдори анорганик анализ усулларида аниқланади. Миқдорий элементар анализ бирикманинг брутто-формуласини аниқлаш имкониятини беради. Органик бирикмаларнинг структура формуласини аниқлаш учун функционал анализ ўтказилади. Унда ҳар қайси функционал гуруҳ учун тавсифли реакциялардан фойдаланилади. Табиат ва саноат объектларидаги элементларнинг ниҳоятда оз миқдорини аниқлаш зарур бўлгани учун аналитик усуллар (микрокимёвий, ультрамикрокимёвий ва яриммикрокимёвий усуллар)нинг сезгирлигини ошириш йўлида и. т. ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистонда Аналитик кимё к-. ни ривожлантиришга Ш. Т. Толипов, Н. А. Парпиев ва б. олимлар катта ҳисса қўшдилар. Ад: Миркомилов а М., Аналитик кимё, Т., 1996.
Нусрат Парпиев.