АНЖИР

АНЖИР (Ficus carica L.) — тутдошлар (анжиргуллилар) оиласига мансуб субтропик мева тури. Туркия, Жазоир, Европанинг жан. да, АҚШда катта майдонларни эгаллайди, Кавказ, Ўрта Осиё, Қримда ҳам етиштирилади. Ёввойи ҳолда Ўрта денгиз бўйи, Кичик Осиё, Эрон, Шим.-ғарбий Ҳиндистонда ўсади. Анжир жуда қадимдан маданийлаштирилган ўсимлик ҳисобланади (Осиёда 5 минг йилдан, Европада камида 2 минг йилдан бери). Ботаник тавсифи. Анжир дарахтининг бўйи 4 — 10 м, шохлари калин, ёйилиб ўсади, новда, барг ва мевасида сутсимон шира бор. Барги йирик, 3 — 7 бўлмали, баъзан бўлмасиз, тўқ яшил, орқасида туклари бор. Бир йилда 2 — 3 марта гуллайди (апр. — май, июнь — июль, авг.). Майда бир жинсли гуллардан иборат тўпгули бўлажак «мева» ичида бўлиб, майда бластофага арилар ёрдамида чангланади, баъзилари эса чангланмасдан (партеногенез) ва уруғ тугмасдан мева қилади. Мевасида 20 — 24% қанд, 0,5 — 4,2% пектин моддалари, 3,4 — 7,4% клечатка, 0,1% гача органик кислоталар, каротин, кальций, темир, фосфор ва б. бор.

Биологик хусусиятлари. Анжир асосан бир йиллик пишган новда қаламчаларидан кўпайтирилади. 2 — 3 ёшдан мева тугиб, 7 — 10 ёшда ғарқ ҳосилга киради, 50 — 80 йил мева беради, 150 — 200 йилгача яшайди. Бир тупи 50 кг гача мева қилади. Анжир бир мавсумда икки марта ҳосил беради. Биринчи ҳосил (хоки анжир) анча кам бўлиб июнь — июль ойларида, иккинчиси (асосий) ҳосил сент. ойида пишади. Хўжалик аҳамияти. Ҳўллигича ёки қоқи ҳамда консерва ҳолида истеъмол қилинади, жем, мураббо тайёрланади. Халқ амалиётида Анжир барги узум ва меваларни қуритишда ишқор сифатида, «сути» тери касалликларини (кал, сўгал, темиратки), чаён ва ари чаққан жойларни даволашда ишлатилади. Агротехникаси. Анжир тўплари совуққа чидамсиз бўлганидан Ўзбекистон шароитида қишда кўмилиб, баҳорда очилади. Анжир намга анча талабчан, енгил ва серунум тупроқда яхши ўсади. Шўрланган ёки шағалли тупроқларда деярли ўсмайди. Анжир тупига 3 — 4 та асосий танали бута кўринишида шакл берилади. Ёзда бир-икки марта шу йили чиққан қалинлаштирувчи новдалар, ғовлаган новдалар, қуриган шохлар кесиб ташланади. Анжирзор боғлар вегетация даврида 9—10 марта суғорилади. Ўзбекистонда кадета, сариқ анжир, қора анжир, чапла ва б. навлари кўп экилади. Навлари. Кадота. Меваси ўртача (35 — 40 г), думалоқ-нок шаклида, сарғиш, сал тилимли. Эти оч сариқ, жигарранг товланади, юмшоқ, ширин. Тупи 45 — 50 кг ҳосил беради. 30% қоқи тушади, қоқи таркибида 71 — 72% қанд бўлади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари учун р-нлаштирилган. Сариқ А. Жайдари нав. Меваси йирик (50 — 60 г), сариқ, ясси, сал тилимли. Эти серсув, юмшоқ, ширин. 25% қоқи тушади, қоқининг таркибида 63 — 70% қанд бўлади. Тупи 40 — 50 кг ҳосил беради. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларида тарқалган бўлиб, анжирзорнинг 80 — 90% ини ташкил этади. Қора А. Меваси ўртача (35 — 45 г), нок шаклида, тўқ бинафша рангда, тилимли. Эти сарғиш, юмшоқ, ширин. Тупи 40 — 50 кг ҳосил беради. 30 — 35% қоқи тушади, қоқи таркибида 70 — 72% қанд бўлади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари учун р-нлаштирилган. Чапла. Меваси ўртача (35 — 45 г), думалоқ-нок шаклида, оч жигарранг, сал тилимли, сийрак тук билан қопланган. Эти юмшоқ, ширин, ичи ҳавол. 28 — 30% қоқи тушади, қоқи таркибида 70 — 75% қанд бўлади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари учун р-нлаштирилган.

Ад.:Рибаков Анжир,Остроухова С. А., Ўзбекистон мевачилиги, Т., 1967.

Рихсивой Жўраев.


Кирилл алифбосида мақола: АНЖИР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БУЮК БРИТАНИЯ
АФРИКА
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты