БЕҲЗОД

БЕҲЗОД Камолиддин (1455— Ҳирот — 1536) —буюк миниатюрачи мусаввир, Шарқ уйғониш даври етук санъаткори. Ҳирот миниатюра мактаби асосчиси; музаҳҳиблар етакчиси, устози. «Иккинчи Моний» деган фахрий унвонга сазовор бўлган. Тарихчилардан Мирзо Муҳаммад Ҳайдар, Дўст Муҳаммад ва Қози Аҳмаднинг маълумотларига кўра, Беҳзодни Султон Ҳусайннинг китобдори Мирак Наққош ўз тарбиясига олган. Беҳзод мусаввирликни Пир Сайд Ахмад Табризийдан ўрганган, ўз ижодида мусаввир Халил Мирзо Шоҳрухий бадиий услубини давом эттириб, уни ривожлантирган ва камолга етказган, ёш мусаввир истеъдоди жуда тез шаклланган. Бунда Алишер Навоийнинг мураббийлик фаолияти ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Навоийнинг шахсий кутубхонасида ўша даврнинг етук санъаткорлари Мирак Наққош, Ҳожи Муҳаммад каби мусаввирлар, Ҳофиз Муҳаммад, Зайниддин Маҳмуд, Султон Муҳаммад Hyp каби хаттотлар ижод б-н банд бўлганлар. Беҳзод шу кутубхонада, айниқса, хаттот Султонали Машҳадий ва Ёрий Музаҳҳиб билан яқин ижодий ҳамкорликда бўлган. Беҳзод ижодининг мавзу доираси, қаҳрамонлари шу ерда—Навоий ва б. санъаткорлар ижоди таъсирида камол топган.

Беҳзод мусаввир сифатида танилгач, Султон Ҳусайн саройига хизматга чақирилган. 1487 й. Султон Ҳусайн фармони билан Беҳзод салтанат кутубхонасига раҳбар этиб тайинланган. Кейинчалик бу жой ўз даврининг бадиий академйясига айланади. Уни мутахассислар «Нигорхонайи Беҳюд» ёки «Беҳзод академияси» деб атаганлар (қ. Ҳирот минниатюра моктаби). Мусаввир Ҳиротда Навоий ва Султон Ҳусайн ҳаётлик даврида қизғин ижод билан банд бўдди, кўплаб мўътабар қўлёзмаларни яратишга раҳнамолик қилди, маълум қисмини нафис расмлар билан зийнатлашда шахсан иштирок этди, қатор замондошларининг—Навоий, Жомий, Султон Ҳусайн ва б. нинг чехракушой (портрет)ларини яратди, бир гуруҳёшларга рассомлик сирларини ўргатди.

1507—10 й. ларда Б. Ҳиротни эгаллаган Муҳаммад Шайбонийхон хизматида бўлди. Бу даврдан бизгача Беҳзод яратган Шайбонийхон портрети етиб келган. 1510 й. Ҳирот ш. сафавийлар қўлига ўтади. 1520 й. да Шоҳ Исмоил ёш шаҳзода Таҳмосибга расм ўргатиши учун Беҳзодни ўз салтанати пойтахти Табриз ш. га таклиф этади, 1522 й. эса махсус фармон билан рассомни ўз кутубхонасидаги китобат ахли (котиб, наққош, музахлиб, жадвалкаш, ҳалкор, заркўб, ложувардшўй ва б.)га мутасадди этиб тайинлайди. 1524 й. Шоҳ Исмоил вафотидан кейин Шоҳ Таҳмосиб даврида ҳам Беҳзод катта обру ва эътиборга эга бўлган. Табризда Б. Султон Муҳаммад, Оға Мирак ва Мир Мансур каби мусаввирлар билан ҳамкорликда ижод қилди. Қози Аҳмаднинг маълумотига кўра, Беҳзод ҳаётининг охирида она шахри Ҳиротга қайтган ва шу ерда вафот этган. Мусаввирнинг қабри Кўҳи Мухтор (Мурод тоғи; Афганистан худудида)нинг хушманзара жойида.

Ўрта Шаркда 17-а. гача рассомчиликда асосий тараққиёт йўналишини белгилаб берган Беҳзод ижоди унинг замондошлари томонидан юқори баҳоланган. Беҳзод ўзидан олдинги рассомлар анъаналарини давом эттирди ва бойитди. Асарларининг тархи мураккаб, эркин ҳаракатларга бой, ёрқин, жозибадор ранглардан тузилган бўлиб, улар ўзаро уйғун. Табиат жонли, ҳаёт манзаралари аниқ ва ҳаққоний, ишонарли ва таъсирчан тасвирланган. Чизиқлар ниҳоятда нозик, ранглар нафис ишланган. Портретларида инсон маънавий қиёфаси, руҳи, ҳистуйғулари, хулқатворини акс эттиришга аҳамият берган.

Саъдийнинг «Бўстон» асари қўлёзмаси (1478, Дублиндаги Честер Битти кутубхонасида) расмлари; Атторнинг «Мантиқ уттайр» асари қўлёзмасига (1483, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида) 1487 й. чизилган расмлар; Навоийнинг Х«амса» қўлёзмасига (1485, Оксфорддаги Бодли кутубхонаси ва Манчестердаги Жон Рейландс кутубхонасида) ишланган 13 расмнинг «Пайғамбар ўз саҳобалари билан», «Хожа Абдуллоҳ Ансорий дарвишлар билан суҳбатда», «Моний Бахромга Дилоромнинг расмини кўрсатмоқда» ва б. миниатюралар Беҳзодга нисбат берилади. Саъдийнинг «Бўстон» асарининг Миср нусхаси (1488, Қоҳирадаги Миллий кутубхонада) расмлари (қўлёзмани хаттот Султонали Машҳадий кўчирган, нақшларни Ёрий Музаҳқиб яратган)—12 расмдан 6 тасида Беҳзод имзоси бор: «Султон Ҳусайн саройида зиёфат» (қўш расм), «Доро ва отбоқарлар», «Масжиддаги баҳс», «Олимлар суҳбати», «Зулайҳонинг Юсуфга илтижоси» номли расмлар Беҳзод томонидан яратилган; Шарафуддин Али Яздийнинг За«фарнома» асари қўлёзмасининг (1467, АҚШ, Балтимордаги Жон Хопкинс унтида) хаттот Шерали кўчирган нусхасидаги 12 миниатюранинг 8 таси (15-а. 90-й.

лари) Б. асаридир. Расмларда расмий қабул, жанг лавҳалари, қалъа қамали билан бир қаторда Самарқанддаги Бибихоним маежиди қурилишини тасвирловчи қўшалоқ расм ҳам мавжуд; Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарининг хаттот Султон Мухаммед Hyp кўчирган нусхасига (1528, Ҳирот, Теҳрондаги Салтанат кутубхонасида) Беҳзод расмлар чизган; Низомийнинг «Хамса» асари нусхасига (1442, Лондондаги Британия музейида) 1493—1535 й. лар давомида ишланган 19 миниатюрадан 3 таси Беҳзод ижоди маҳсули: «Лайли ва Мажнун қабилалари жанги», «Суворийлар жанги» ва «Баҳром Гўрнинг аждар билан олишуви». Буларда «Саварраху алабд Беҳзод» деган ёзув бор. Низомийнинг «Хамса» асари нусхасидаги (1494, Лондондаги Британия музейида) 22 расмдан 7 тасида Беҳзод номи қайд этилган; Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Лайли ва Мажнун» достони қўлёзмасига (1495т СанктПетербургдаги СалтиковШчедрин номидаги халқ кутубхонасида) Беҳзод «Лайли ва Мажнун мактабда», «Дўстлари ва отаси Мажнунга насиҳат қилмоқцалар» номли расмларни чизган; Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Лайли ва Мажнун» достонининг Султон Муҳаммад Ҳиравий кўчирган қўлёзмаси (СанктПетербург) да Беҳзодга нисбат берилган «Мадрасадаги баҳс», «Лайли ва Мажнун мактабда», «Лайли ва Мажнун саҳрода», «Мажнун Лайлининг ити билан» ва «Мажнуннинг элчиси Лайли ҳузурида» номли миниатюралар бор; Саъдийнинг «Гулистон» асари қўлёзмасининг (1486, Гарварддаги Фогг санъат музейида, собиқ Ротшильд мажмуасидан) хаттот Султонали Машҳадий кўчирган нусхасига Беҳзод 2 расм ишлаган; Амир Хусрав Дехлавийнинг «Хамса» асари қўлёзмасидаги (1495, Дублиндаги Честер Битти кутубхонасида) 13 расмнинг 4 тасида Беҳзод асарларига хос хусусиятлар мавжуд; «Султон Ҳусайн боғда» қўшалоқ расм (1485—90, Теҳрондаги Гулистон музейи, мураққада); «Чол ва йигит» расми (НьюЙоркдаги Кеворкян мажмуасида); «Туялар олишуви» расми (Теҳрондаги Гулистон музейида); Султон Ҳусайн портрети (Швециядаги Ф. Мартин мажмуасида); Муҳаммад Шайбонийхон портрети (Тимкен Бурнет мажмуасида); Абдураҳмон Жомий портрети (Эрондаги Ризо кутубхонасида); «Султон Ҳусайн ва Алишер Навоий» қўшалоқрасм (СанктПетербургда). Булардан ташқари, Беҳзод асарлари жаҳрн ку Хаварнақ қасрининг қурилиши (Низомийнинг «Хамса» асарига Беҳзод ишлаган миниатюра). тубхоналари, қўлёзма фондлари, музейлари ва шахсий мажмуаларда ҳам мавжуд. Устод санъаткор сифатида Б. Ҳирот ва Табризда қатор шогирдларни тарбиялаб етказди. Унинг шогирдлари Беҳзод анъаналарини бутун Ўрта Шарққа ёйдилар. Беҳзод анъаналари кейинги давр рассомлари ижодига ижобий таъсир кўрсатди (қ. Беҳзод миниатюра мактаби).

Беҳзод ижоди ва мероси санъатшунослар, рассомлар томонидан кенг ўрганилади. Беҳзод номини абадийлаштириб, Ўзбекистон Президента Ислом Каримовнинг фармони (1997 й. 23 янв.)га биноан Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди; Миллий рассомлик ва дизайн институтита Беҳзод номи берилди.

ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг қарори (1997 й. 23 дек.)га биноан, Тошкент, Самарқанд ш. ларида ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО ҳомийлигида Беҳзод таваллудининг 545 й. лиги кенг нишонланди (2000 й. нояб.), унинг ва издошларининг ижодини ўрганиш, меросига оид ашёларни тўплашга ҳамда Тошкент ш. да Беҳзод номидаги мемориал боғ барпо этишга киришилди. 2000 й. 23 нояб. да Тошкентда Темурийлар тарихи давлат музейида Беҳзодга бағишлаб Буюк Британия, Туркия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистон санъатшунос олимлари иштирокида халқаро илмий конференция ўтказилди. Юбилей муносабати билан Беҳзод ҳаёти ва ижодига бағишланган бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, «Камолиддин Беҳзод» ҳужжатли фильми яратилди (2 қисмли, 2000).

Ад:. Норқулов Н., Камолиддин Беҳзод, Т., 1964; Алишер Навоий достонларига ишланган расмлар (Альбом муаллифи Ҳамид Сулаймон), Т., 1970; Норқулов Н., Низомитдинов И., Миниатюра тарихидан лавҳалар, Т., 1970;Усмонов А., Камолиддин Беҳзод ва унинг наққошлик мактаби, Т., 1977; Камалиддин Бехзад: К 525 летию со дня рождения. Материалы научной конференции, Т., 1984; Ашрафи М. М., Бехзад и развитие бухарской школы 16в., Душанбе, 1987; Усмонов О., МадраимовА., Камолиддин Беҳзод, Т., 2000; Кўзиев Т., Беҳзод ва тамаддун. Т., 2000.

Абдумажид Мадраимов.


Кирилл алифбосида мақола: БЕҲЗОД ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



АЛИШЕР НАВОИЙ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУЮК БРИТАНИЯ
ФРАНЦИЯ
Исмлар маъноси. Энг оммабоп исмлар тўплами.


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты