БОБУРИЙЛАР ДАВЛАТИ

БОБУРИЙЛАР ДАВЛАТИ — Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган давлат (15261858). 1517 й. дан бошлаб Деҳли султонлигица ички низолар авж олиб, султонлик инқироэга юз тутди, маҳаллий ҳокимлар марказий ҳукуматга бўйсунмай қўйди. Лоҳурда Давлатхон, Дехлида Иброҳим Лўдий, Меварда Рано Санго мустақиллик эълон қилдилар. Бобур бундан фойдаланиб 1519 ва 1524 й. лари Кобулдан Панжобга юриш қилди ва катта ўлжалар олиб қайтди. 1525 й. Рано Санго ўз рақнби Иброҳим Лўдийни енгиш ва шу тариқа Шим. Ҳиндистонни қўлга киритиш мақсадида Бобур билан иттифоқ тузди. Бобур яна Ҳиндистонга юриб, 1525 й. кеч кузида Панжобни бўйсундирди. 1526 й. нинг апр. ойида эса Панипат ёнида бўлган жангда (қ. Панипат жанглари) Иброҳим Лўдийни енгиб, Агра ва Дехлини эгаллади. Бобур илгариги фотихлар сингари (мас, Маҳмуд Ғазнавий, Амир Темур ва б.) Ҳиндистонни ташлаб чиқмай, шу ерда қолишга қарор қилди. У 1527 й. нинг март ойида Сикри ёнида бўлган жангда Рано Сангони ҳам енгиб, бутун Шим. Ҳиндистонни бўйсундирди. Бобур 1530 й. дек. ойида вафот этди. У ўзи фатҳ этган мамлакатларни бетоб кунлари ўғилларига: Хиндистонни тўнғич ўғли Ҳумоюнта, Панжобни Комрон Мирзота, Кобул ва Қандаҳорни Аскарий Мирзога, Бадахшонни Ҳиндол Мирзота тақсимлаб берди. Ҳумоюн ўз мулкини кенгайтириш мақсадида 1534 й. Гужарот ва Бихарга юриш қидди. Ҳумоюн афғон сур қабиласининг нуфузли етакчиларидан Шерхон билан Чоуса ва Қунуж (Канауж) да бўлган жангларда мағлубиятга учраб, дастлаб Синд ва Қандаҳорга, у ердан эса Эронга шоҳ Таҳмасп ҳузурига қочди. Шундай қилиб, Шим. Ҳиндистон 1555 й. гача Шерхон ва унинг авлоди тасарруфида қолди. 1555 й. Ҳумоюн чиғатой, афғон, эрон, туркман ва кўчманчи ўзбек қабилаларидан катта қўшин тўплаб, Ҳиндистонга юриш қилди, ўша йилнинг июнь ойида Скандаршоҳ Сурни енгиб, Дехлини эгаллади. Лекин орадан бир йил ўтгач, Ҳумоюн сарой кутубхонаси зинапоясидан йиқилиб, фожиона ҳалок бўлди. 1556 й. тахтга унинг ҳали балоғатга етмаган угли Акбар ўтқазилди. Акбар (1542—1605) Бобурийлар давлати ҳукмронлигига қарши бош кўтарган Хему ва Скандар Сур устидан ғалаба қозонди, кейинчалик Бобурийлар давлатини бирмунча кенгайтиришга муваффақ бўлди. Акбар даврида Ҳиндукушдан жан. даги Годавари дарёсигача бўлган ерлар Бобурийлар давлати тасарруфига ўтди. Акбар марказий давлат аппаратини мустаҳкамлашга қаратилган бир қанча ислоҳотлар ўтказди. Ер солиғи, давлатни бошқариш тартиби хусусидаги қонунларни ишлаб чиқди. Биринчи қонунга биноан натурал солиқ пул солиғи б-н алмаштирилди. Бу тадбир давлатнинг молиявий аҳволини яхшилади. Акбар жизя, зиёратчилардан олинадиган солиқни, солиқ тўпловчиларнинг маоши (доруға)ни, чопар ҳамда амалдорлар учун тўланадиган йиғим (қўналға) ни, бозордан йиғиладиган бир қанча солиқ ва жарималарни бекор қилди. Акбар замонида ички ва ташқи савдо ривожланди. Денгиз орқали олиб бориладиган савдода Гужарот ва Бенгалия алоҳида ўрин эгаллади. Савдо йўлларида карвонсарой ва қудуклар бунёд этилиши савдони ривожлантирди. Акбар 16-а. нинг 60—70-й. ларида бир қатор ислоҳотлар ўтказди. Подшоҳ ҳокими мутлақ ҳисобланиб, унинг ҳузурида махсус вакиллик маҳкамаси ташкил этилди. Бу ислоҳот мамлакатни бирлаштириш ва давлатни марказлаштиришда муҳим роль ўйнади. Акбарнинг ўғли Жаҳонгиршоҳ (1605—27) отаси даврида жорий этилган феодал тартибларни мустаҳкамлади, Бобурийлар давлатини кенгайтириш сиёсатини давом эттирди. Жаҳонгир 1614 й. Меварни, 1615 й. Ассомни ва 1621 й. Кашмирдаги кичик Киштвора навоблигини босиб олди. Бангола вилоятидаги афғон қабилаларининг ғалаёнларини бартараф этиб, уларни бўйсундирди. 1624 й. дан бошлаб ҳокимият унинг ўқимишли ва тадбиркор хотини Hyp Жаҳон қўлига ўтди. Худди шу йиллардан бошлаб мамлакатда ички кураш янада кучайиб кетди. Бу курашни унинг ўғиллари Хуррам (Шоҳ Жаҳон) ва Хисрав Мирзо бошладилар. 1622 й. Хуррам отасига қарши қўзғолон кўтариб, охири таслим бўлди. У фақат отасининг вафотидан (1627) кейингина Шоҳ Жаҳон номи билан тахтга ўтирди. Шоҳ Жаҳон (1627—58) айрим маҳаллий мулкдорлар (Бундел ҳокими Жужҳар, Декан ҳокими Хон Жаҳон Лўдий ва б.) нинг қаршилигига дуч келди ва уларнинг исёнларини бостирди, 1632—36 й. ларда Декан ҳокимликларини бўйсундирди, 1638 й. да Қандаҳорни эгаллади. Бобурийлар давлатининг энг машҳур ҳукмдорларидан яна бири Аврангзеб Оламгирдир (1618—1707). У Декан ва Бижапурни бўйсундирди. Акбар, Шоҳ Жаҳон ва Аврангзеб ҳукмронлиги даврида Бобурийлар давлати тараққий этди. Мамлакат бирмунча марказлашди, иқтисод ва маданий ҳаёт ўсди.

Аврангзеб ҳукмронлигининг охирги йилларида Деканда маратҳалар, шим. да афғон қабилалари, Панжобда сикҳлар, Мевар ва Марварда ражпутлар қўзғолонлари туфайли Бобурийлар давлати оғир аҳволга тушиб қолди. Аврангзеб вафотидан сўнг ички курашлар кучайди. Ундан ташқари, европаликлар (Португалия, Дания, Голландия ва Англия)нинг босқинчилик сиёсати бошланди. Натижада мамлакат майдамайда давлатларга бўлиниб кетди. Бобурийлар давлати 1858 й. инглиз мустамлакачилари томонидан бутунлай тугатилди.

Маданияти. Бобурийлар давлати маҳаллий халқлар маданияти тарихида прогрессив роль ўйнаган; бу ерда ободончилик ва маданий турмушга катта эътибор берилган; кўплаб суғориш иншоотлари қурилган, янги ерлар ўзлаштирилган, боғроғлар бунёд этилган, шаҳарсозлик, ҳунармандчилик (қоғоз и. ч., заргарлик, кулолчилик, темирчилик, қандолатпазлик, тўқувчилик ва б.) тараққий этган. Тарихий ҳужжатларда газламанинг 100 га яқин номи келтирилганлиги мамлакатда тўқувчилик кенг кўламда тараққий этганлигини кўрсатади. Бобурийлар маҳаллий халқ билан тобора яқинлашиш сиёсатини олиб борганлар, идора қилишда маҳаллий урфодатларга риоя этганлар. Акбар мусулмон бўлмаган халқлардан олинадиган жизя солиғини бекор қилган, турлитуман динларга эътиқод қилувчи қабила ҳамда халқларни келищтириш мақсадида турли динлар ақидалари мажмуидан иборат умумий «Дини илоҳий» жорий этишга ҳаракат қилган.

Бобурийлар давлати билан Мовароуннаҳрдаги давлатлар ўртасида дастлабки расмий маданий алоқалар 16-а. 30-й. ларидан бошланган бўлсада, Бобур Ҳиндистонни забт этган вақтдаёқ кўплаб шоир, созанда, бастакор, хонанда, миниатюрачи рассомларни олиб кетган эди. 16-а. 2-ярмида шайбонийлардан Абдуллахон II Акбар саройига бир қанча миниатюрачи рассомлар (хусусан, Муҳаммад Мурод Самарқандий)ни, 1585 й. ўз элчилари (шоир Мушфиқий ва б.) ни юборган. 1613 й. Бухоро хони Имомқулихон Жаҳонгиршоҳ ҳузурига, Жаҳонгиршоҳ ҳам ўз навбатида Бухорога ўз элчилари (булар орасида ҳиндистонлик машҳур ҳаким Ҳозиқ ҳам бўлган) ни йўллаган. 1660 й. Б. д. га аштархонийлардан Абдулазизхон (1645—80)нинг, 1685 й. Бухорога Аврангзебнинг элчилари борган. Мовароуннаҳрдан элчилар ҳайъатида юборилган адабиёт ва санъат аҳлларидан ташқари турли сабаблар билан Бобурийлар давлатига келиб яшаб қолган шоирлар, меъмор ва миниатюра усталари кўп бўлган. Бобурийлар давлатида рўй берган ижтимоийиқтисодий ўзгаришлар, маданий алоқаларнинг кенгайиши натижасида илмфан, адабиёт, санъат, меъморлик тарақкий этган, астрономия юксалган. Деҳли, Жайпур ва б. шаҳарларда расадхоналар қурилган. Адабиётда халқ динийсектантлик ҳаракати ғоялари (турли диний эътиқоддаги халқлар тенглиги ва б.) ни тарғиб қилувчи «Бҳакти» поэзияси ривожланган. Мазкур оқимнинг йирик намояндаларидан бири Тулсидас (1532— 1624) машҳур «Рамаяна» достонини яратган. Айни вақтда Шим. Ҳиндистонда форсий ва туркий тилларда, Марказий Ҳиндистон (Декан) да урду тилида сарой поэзияси тараққий этган, қатор насрий ва назмий асарлар (Бобур, Байрамхон, Омулий, Соиб Табризий, Зебуннисо, Бедил, Мирзо Ғолиб ва б. нинг асарлари) яратилган. Ижодда ҳ«индмусулмон услуби» (шоирлар ўз асарларида Ҳиндистон табиат манзараларини, воқеаҳодисаларини тасвирласаларда, форстожик шеъриятининг анъанавий шакл ва образларидан фойдаланганлар) вужудга келган (Файзий, «Нал ва Даман»; Бедил, «Комде ва Мудан» ва б.), маҳаллий халклар билан мусулмон аҳоли ўртасидаги ўзаро дўстлик, муҳаббат гоялари тараннум этилган. Адабиётшуносликка доир муҳим асарлар (Бобур, «Аруз рисоласи», Алоуддавла ибн Яҳё Сайфий Ҳусайний, «Нафоис улмаосирот»; Ҳусайн Алихон Азимободий, «Наштари ишқ»; Шоҳнавозхон, «Маосир улумаро»; Бадриддин Кашмирий, «Равзат арризвон ва ҳадиқат алғилмон» ва б.) юзага келган. Мовароуннаҳр, Ҳиндистон ва Афғонистон тарихи, жуғрофияси, маданий алоқаларига бағишланган асарлар (Бобур, «Бобурнома»; Абулфазл Алломий, «Тарихи Акбаршоҳий»; Низомуддин Ахмад, «Табақоти Акбарий»; Мирзо Салим Жаҳонгир, «Тузуки Жаҳонгирий»; Жаҳонгиршоҳ, «Жаҳонгирнома»; Гулбаданбегим, «Ҳумоюннома»; Бадовуний, «Мунтахаб уттаворих»; Муҳаммад Мустаидхон Соқий, «Маосири Оламгирий» ва б.) яратилди. Ҳинд, араб ва туркий халқлар бадиий ва илмий адабиёти нодир ёдгорликлари таржимасига ҳам катта эътибор берилди. Хусусан, геометрияга доир Л«илаватий», «Атхарваведа» асарлари, «Маҳабҳарата», «Рамаяна» халқ достонлари (санскритчадан), Ёқут алҲамавийнит жуғрофияга оид «Муъжам улбулдон» асари (арабчадан), Камолиддин Дабирийнинг Ҳ«аёт улҳайвон» ва Бобурнинг «Бобурнома»си (эски ўзбек тилидан форс тилига) таржима қилинган.

16—18-а. лар мобайнида бобурийлар томонидан бунёд этилган қатор монументал иншоотлар, асосан Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон меъморлик услубларининг уйғунлашуви — янги «ҳиндмусулмон услуби» бўйича қурилган. Қурилиш материали сифатида оқ ва қора мармардан унумли фойдаланилган. Бинолар девори қимматбаҳо, рангли тошлар — ҳақиқ, марварид, садаф, каҳрабо, зумрад, ёқут ва б. ҳамда фил суяги билан безатилган. Қурилишга Мовароуннаҳр, Ҳиндистон, Эрон ва Туркия меъморлари бошчилик қилган. Бу давр меъморий ёдгорликларидан Ҳумоюн мақбараси (1565), Баланд дарвоза (1576), Тожмаҳал (1632—50), Олтин ибодатхона (1764—66) жаҳон аҳамиятига молик. ФотиҳпурСикри ш. қалъаси, Ажмир ва Оллоҳободдаги қалъалар, Матҳурадаги Говиндадева ибодатхонаси, Скандардаги Акбар ва Эътимодуддавла мақбаралари, Аградаги Лаъл қалъа, Моти масжид ва Аврангободдаги Бибика мақбараси ва б. Б. д. нинг йирик меъморлик обидаларидан ҳисобланади.

Бобурийлар давлатида миниатюра санъати қ(. Ҳиндисшон миниатюра мактаблари) кенг тараққий этган. Бобурийлар миниатюра мактаби (16-а. 2-ярми — 18-а.)га Камолиддин Беҳзоднкнт шогирдлари — термизлик Мирсаййид Али ва Хўжа Абдусамад Шерозийлар асос солган. Бу мактаб вакиллари дастлаб тарихий рисолалар (мас, «Достони амир Ҳамза» асари) га миниатюралар чизиш билан шуғулланганлар. Бу асарга бағишланган миниатюралар 12 жилд (1200 тасвир) ни ташкил этган. Кейинчалик тасвирий санъатда портрет ва анималистика жанрлари ҳам кенг тарқалган. Мирсаййид Али бошчилигидаги мусулмон ва ҳинд миниатюрачилари нарса, воқеа ва ҳодисалар манзарасини ҳаққоний ифодалашга ҳаракат қилганлар. Бобурийлар давлати миниатюра мактабига унинг сўнгги йилларида Ўрта осиёлик мусаввирлардан Фаррухбек, Муҳаммад Мурод Самарқандий, Муҳаммад Нодир Самарқандий, Оқо Ризо ибн Абулҳасан Бухорийлар раҳбарлик қилганлар. Улар «Бобурнома» (қ. «Бобурнома» расмлари), «Акбарнома», «Зафарнома», «Жоме аттаворих» каби асарларга нафис миниатюралар ишлаганлар. Муҳаммад Мурод ва Муҳаммад Нодир Самарқандийлар Ша«ҳаншоҳлик мураккаъи» («Империя альбоми») учун ишланган портретлар (Жаҳонгиршоҳ, Шоҳ Жаҳон, Шермуҳаммад Навоб, Шива Парвати ва б.), Мирсаййид Али мўйқаламига мансуб 80 дан ортиқ миниатюра лавҳалари Вена ва Лондон музейларида, Муҳаммад Муроднинг «Шоҳнома» (Хива нусхаси) қўлёзмасига ишлаган 115 та миниатюраси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақпанмоқда.

Бобурийлар давлатида мусиқа санъати ҳам юксак даражада тараққий этган. Бу даврда маҳаллий ҳинд мусиқаси Мовароуннаҳр ва Эрон мусиқа санъати анъаналари таъсирида янада бойиган. Тарихчи Хайдар Мирзо (1499—1551) нинг «Тарихи Рашидий» асарида айтилишича, бу ерда Мовароуннаҳр мусиқий асбобларидан торликамонли созлар кўпроқ тарқалган.

Ад.: Гулбаданбегим, Ҳумоюннома, Т., 1959; Неру Дж., Открытие Индии, М., 1955,Синха Н. К.,Банерджи А. Г., История Индии, М., 1954; Бартольд В. В., История изучения Востока в Европе и России, 2 изд., М., 1926; Низомиддинов И. Ғ., XVI—XVIII аерларда Ўрта Осиё — Ҳиндистон муносабатлари, Т., 1966; Индийские миниатюры XV1XVIII вв., М., 1971; Тюляев С. И., Искусство в Индии, М., 1968; Азимжонова С, Государство Бабура в Кабуле и в Индии, М., 1977.


Кирилл алифбосида мақола: БОБУРИЙЛАР ДАВЛАТИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



АМИР ТЕМУР
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БОБУР
АЛИШЕР НАВОИЙ
БУЮК БРИТАНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты