АРХАР

АРХАР, алқор, тоғ қўйи (Ovis) — жуфт туёқлилар туркумига мансуб ёввойи қўйларнинг умумий номи. Баъзан муфлон, аркал, арқор, уриал деб ҳам аталади. Архар Ўрта денгиз о. лари, Олд, Ўрта, Марказий ва Шим.-Шарқий Осиёнинг тоғлиқ ҳудудларида тарқалган. У тоғ ён бағирлари ва қоялар орасидаги бирмунча текис ва очиқ жойларда яшайди. Эркаклари урғочиларига нисбатан йирик (танаси уз. 110 — 120 см, бўйи 65 — 125 см, вазни 230 кг гача), шохи спиралсимон ёки ҳалқасимон буралган, узун (70 — 190 см), урғочиларининг шохи ингичка ёки бутунлай бўлмайди. Учта тури: Тяньшан қўйи (О. ammon karelini), Европа қўйи (О. musimon), Осиё қўйи (О. orientalis) ва 10 га яқин кенжа тури маълум. Ўрта Осиё, шу жумладан Ўзбекистонда Тяньшан қўйи ва Осиё қўйи учрайди. Тяньшан қўйи яқин вақтларгача Тяньшаннинг Фарғона тоғларигача бўлган қисмида, шу жумладан Угом, Пском, Чатқол, Талас ва Қирғиз тоғларида кенг тарқалган эди. Ҳозир асосан Чатқол қўриқхонасида сақланиб қолган, дарёларнинг юқори оқимида 2000 — 3000 м баландликда учрайди, тик қоялар яқинидаги рельефи нотекис бўлган жойларни яхши кўради. Баҳорга яқин тоғнинг пастроқ қисмига экин эқилган далаларга тушиб ўтлаши мумкин. Қўчқорининг шохлари спиралсимон буралган (уз. 120 см гача), вазни 60 — 106 кг (баъзан 200 кг гача), уз. 170 — 190 см; урғочисининг шохлари ингичка ва калта, вазни 50 — 54 кг, уз. 160 — 170 см. Осиё қўйи Тяньшан, Помир, Ҳимолай тоғларининг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистон ҳудудларида тарқалган. Ўзбекистонда бу тўрнинг Қизилқум қўйи, Северцов қўйи (О. orientalis severtzovi) Марказий ва Ғарбий Қизилқумнинг Амударё ва Сирдарё оралиғидаги паст тоғларида ҳамда Помир-Олайнинг Нурота, Оқтов, Молгузар тоғларида сақланиб қолган. Қўчқорининг уз. 130 см, бўйи 80 см, вазни 70 —125 кг, эркаги – I нинг шохи ҳалқа шаклида буралган (уз. 98 — 107 см), урғочисиники ингичка, калта, қиличсимон эгилган. Бўйнининг остки томонидаги ёли Тяньшан қўйиникига нисбатан бирмунча калта ва энсиз. Ўзбекистон ҳудудида бу кенжа тур Қизилқумнинг ҳамма паст тоғларида тарқалган эди. Чорва молларининг кўпайиши ва овланиш натижасида унинг ареали кескин қисқариб, ҳозир Нуротанинг ғарбий қисмида ва Марказий Қизилқумда сақланиб қолган. Қизилқум қўйини муҳофаза қилиш учун Нурота тоғларининг марказий қисмида 1972 й. қўриқхона ташкил этилган. Ҳозир қўйларнинг умумий сони 1000 тага етди. Бухоро қўйи, тожик қўйи (О. orientalis bocharensis) Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида, қўшни Афғонистон ва Покистонда тapqалган. Қўчқори бўйнининг остки қисмида қалин ва узун ёли бўлади, шохлари йирик, ҳалқа шаклида буралган (уз. 72 см гача), урғочиси кичикроқ, шохлари калта ва бир оз қайрилган. Бухоро қўйининг вазни қизилқум қўйидан камроқ бўлади. Ўзбекистонда Бухоро қўйининг иккита: боботоғ ва бойсун-кўҳитанг популяциялари мавжуд. Қўйлар 300 — 400 м дан 2200, баъзан 3000 м гача баландликда арча ўсадиган очиқ тоғ ён бағирларида яшайди. Бухоро қўйини муҳофаза қилиш учун Сурхон қўриқхонаси ташкил этилган. Устюрт қўйи, аркал (О. orientalis arcal) Манқишлоқ ярим ороли, Каспий денгизининг жарлик соҳиллари, Қорабўғозкўл, Қорақумнинг паст тоғлари ва ўнгирликлари ҳамда Орол денгизининг ғарбий қисмида тарқалган. Ўзбекистонда Қорақалпоғистон ҳудудининг Устюрт қисмида учрайди. Кўчқорининг вазни 58 — 79 кг, танасининг уз. 121 – 147 см, бўйи 77 – 98 см; шохларининг уз. 92 см гача, бошининг икки ёнида чала ўрама ҳосил қилади. Урғочиси эркагига нисбатан кичикроқ, вазни 36 — 56 кг, шохлари ингичка ва нисбатан калта (уз. 25 — 30 см). Эркагининг бўйни остида қалин ёли бўлади, тум-шуғи остида калин юнги (соқоли) бўлиши билан бошқа кенжа турлардан фарқ қилади. Устюрт қўйи чўл шароитига мослашган, Қорақум тоғларининг одам ва йиртқич ҳайвонлар ўтолмайдиган тик қияликлари ва жарликлари устида яшайди. Ёзда кечаси ўтлайди, шўрланган булоқ суви билан қаноатланади, қишда ва баҳорда кўпинча кундузи ўтлаб, кўлмак бўлиб қолган ёмғир сувидан ичади. Манқишлоқ ва Устюртнинг ўзлаштирилиши, браконьерлик туфайли Устюрт қўйининг сони кескин камайиб кетган, ҳозир бир неча юз қўй Қорақалпоғистон ҳудудида сақланиб қолган. Устюрт қўйини овлаш ман қилинган. Архарлар пода бўлиб яшайди. Бўғозлик даври 5 ойга яқин. Май — июнда битта, баъзан иккита бола туғади. Қўзиси 2,5 — 3 ёшда вояга етади. Архар хонаки қўйларнинг авлод боши ҳисобланади. Архарни меринос қўйлари билан дурагайлаб ма-йин жунли Қозоғистон архар мериноси чикарилган. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Ад.: Богданов О. П., Редкие животные Узбекистана, Т., 1990.

Очил Мавлонов, Мубошир Мусаев.


Кирилл алифбосида мақола: АРХАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БУЮК БРИТАНИЯ
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты