БОЗОР

БОЗОР — 1) сотувчилар билан харидорлар ўртасидаги товар айирбошлаш муносабатлари; и. ч. билан истеъмолни ўзаро боғловчи механизм. Б. объекти нафлиги бор товар ва хизматлар, субъекти эса Бозор иштирокчилари (сотувчи ва харидорлар) бўлиб, улар фирмалар, уй хўжаликлари, давлатнинг ташкилот, идоралари ва б. дан иборат. Бозор иштирокчилари товар ва хизматларни пул воситасида айирбошлаш юзасидан муносабатларга киришадилар. Бозорда товарлар билан олдисотди муносабатлари товар и. ч., товар айирбошлаш ва пул муомаласи қонунларига биноан амалга оширилади. Бозор иштирокчилари сотувчи ҳамда харидор мақомига эга бўладилар. Бозорда 2 жараён амалга ошади: бири — товарларни сотиш, бунда товар пулга алмашади, яъни Т—П; иккинчиси — товарни харид этиш, пулни товарга айирбошлаш, яъни П—Т. Айирбошлаш ихтиёрий ва эркин шаклланган нархларда олиб борилади. Бозор иқтисодиётда и. ч. ни истеъмол билан боғлаш (яратилган товарлар ва хизматлар Бозорга чикали, у ерда сотилгач, истеъмолга келиб тушади); кийматнинг товар шаклидан пул шаклига айлантириш; и. ч. нинг узлуксизлигини таъминлаш (яратилган товарлар ва хизматлар Бозорда сотилгач, тушган пулга и. ч. учун зарур иқтисодий ресурелар, чунончи асбобускуналар, машиналар, ёкилғи, иш кучи сотиб олиниб, и. ч. ни давом эттириш имконияти яратилади.); иқтисодиётни тартиблаш (нимани, қандай и. ч., ким учун и. ч.); мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш сингари вазифаларни бажаради. Бунда талаб ва таклиф, шунга мувофикнарлиинг ўзгаришига қараб и. ч. юритилади. Талаб ошиб нарх ўсса, и. ч. кўпаяди, аксинча, таклиф ошиб талаб камайса, и. ч. қисқаради.

Бозор ўз иштирокчилари мавқеига қараб эркин ва монопол Бозорга ажралади. Эркин Бозорда сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам кўп бўлиб, нархлар талаб ва таклиф негизида шаклланади. Монопол Бозорда озчилик сотувчиларнинг ҳукмронлиги ўрнатилган бўлиб, нархлар фақат шуларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бундай Бозорлар рақоботнинг сустлиги ёки умуман бўлмаслиги билан ажралиб туради.

Айирбошлаш объектининг моддий шакли жиҳатидан олганда истеъмол товарлари ва хизматлар, ресурслар, меҳнат, молия, интеллектуал товарлар, қуроласлаҳа, и. ч. воситалари, инвестиция, қимматли қоғозлар, илмий ғоялар, техникавий ишланмалар ва меҳнат (иш кучи) Бозор лари мавжуд. Бозор ўз қамров доирасига қараб маҳаллий, минтақавий, миллий ва жаҳон Бозор ларига бўлинади. Товарларнинг четдан келишкелмаслигига қараб очиқ Бозор, ёпиқ Бозор (ички Бозор) сингари турлари учрайди. Олдисотди микдори, яъни товар айланмаси ҳажмининг ўзгаришига қараб кенгаювчи Бозор ватораювчи Бозорга бўлинади.

Амал қилиш тарзи жиҳатдан тартибсиз (стихияли), режали ташкил этилган ва бошқариладиган Бозорлар мавжуд. Стихияли Бозордан тартибли, режали ташкил этилган Бозорга ўтиш маданийлашган жамиятга хос. Ҳозир ҳеч бир мамлакатда тартибсиз Бозор ҳукмрон эмас, аксинча бошқариладиган Бозор етакчи мавқега эга. Иқтисодиёт ўсган сари Б. турлари кўпаяди, чунки сотиладиган товарлар ва хизматлар хилмахил бўлиб боради, харидор ҳам ўз даромади, диди, умуман талабэҳтиёжига қараб табақалашади, Бозорда сотиладиган товарлар ва хизматлар суммаси ортиб боради.

2). Савдо-сотиққилинадиган муайян жой, майдон. Б. лар қад. Рим ва Юнонистоннинг Милет, Пергам ва б. шаҳарларида тўғри тўртбурчакли майдонда 3 ёки 4 томони қатор устунли савдо расталари ва омборлар, ибодатхоналар, устахоналар ва б. дан иборат бўлган. Бозор майдонлари шаҳар мажмуа (агора, форум)ларининг бир қисми ҳисобланган. Ҳар бир мамлакат Б. ларининг меъморлиги ва қурилиши иқлим шароити, иқтисоди, географик ўрни ва савдо соҳасидаги анъаналар б-н боғлиқ бўлган. Ўрта Ер денгизи ҳавзасида қадимда очиқ майдонларда, Шарқда эса усти ёпиқ Бозорлар ривожланган («суқ», «асвок», «чорсу»; Туркия ва Эронда «хон», «бедистон» номи билан юритилган).

Европада Бозорлар махсус режа асосида қурилган (Париждаги марказий Бозор, 1850 ва б.). Россияда ихтисослашган Бозор («Гостиний двор»)лар асосан, 1—2 қаватли, олд томони кўпинча равоқлар ёки устунлар қаторидан иборат бостирма бўлган (СанктПетербургдаги Бозор, 1761 — 85; Ярославлдаги Бозор, 1813—18 ва б.).

Ўрта Осиё ҳудудидаги Бухоро, Самарқанд, Пойкенд, Урганч, Хива, Марв, Нумижкат, Исфижоб, Уштуркат, Чағониён каби шаҳарларда савдо-сотиқ қадимдан ривожланган. Айниқса, ўрта асрларга келиб нафақат шаҳарларда, балки жуда кўп йирик қишлоқларда ҳам тим, токи, чорсу деб номланган гавжум бозорлар бўлган (Қарноб чўл ёқасидаги, Нарпай туманидаги катта қишлоқ Тим деб аталади. 10-а. да бу манзил катта савдо маркази бўлган, унинг тими сақпанмаган). Гумбазли тимлар энг гавжум чорраҳачорсуларда жойлашгани учун ҳам шаҳарнинг меъморий қиёфасини белгилаган. Енгил ёғоч томли, устунайвонли тимлар ҳам кўп бўлган. Чорраҳаларда қурилган тим, чорсу намуналарини Самарқанд ва Шаҳрисабз (17-а.), Хива (Оллоқулихон тими), Бухоро (Абдуллахон тилш)даги тимлар мисолида кузатиш мумкин. Самарқанд чорсу Бозори атрофида мискарлик, кулолчилик, сангтарошлик, маҳсидўзлик, нажжорлик, саҳҳофлик, заргарлик каби дўконлар жойлашган. Чорсу Бозори гумбазли қилиб қурилган. Савдо дўконларида матолар, улардан тикилган кийим-кечаклар сотилган. Расталарда эса ҳўл мевалар ва анвойи ширинликлар кўп бўлган. Шаҳрисабздаги улкан гумбазли Чорсу Бозори (1598—1602)нинг тўрт томонида қўш табақали дарвозаси бор эди. Гумбаз остидаги савдо расталари бўйлаб тўрт бурчакли хоналар жойлашган. Бозор ларда савдо расталари муайян моллар ёки ҳунармандчилик маҳсулотларига мўлжалланган. Баъзан маҳсулот шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилиб харидорларга сотилган. Мае, Бухоро заргарлар растаси (Тоқи Заргарон), Саррофлар растаси (Токи Саррофон), Мискарлар растаси (Тоқи Мискарон) ва б. Ўрта асрда Тошкентнинг марказий Бозор ида 3 мингдан ортиқ дўкон махсус расталарга жойлашган. Хоразм воҳасидаги Хива Бозор ида 260 дўкон, Урганчда 300, Қўнғиротда 315, Хўжайлида 150 га яқин дўкон бўлган. Шаҳар ва қишлоқларда муайян кунга белгиланган (сешанба, чоршанба, жума каби) катта Бозорлар бўлиб, уларга бутун Марказий Осиё ва чет эллардан савдогарлар келган. Бозорда савдогар, дўкондор, косиб, деҳқон ва майда бозорчилар савдо қилишган.

Бозор дўконларини энг бой савдогар ва қунармандлар эгаллаган. Бундай Бозор лардаги йирик карвонсаройлар ва омбор (каппон)лар улгуржи савдо марказлари ҳисобланган. Карвонсаройларнинг сонига қараб ҳатто савдо-сотиқнинг ҳажми белгиланган (мас, Тошкентда 45, Бухорода 50 га яқин, Самарқандда 25, Хива ва Қўқонда 10 дан ортиқ карвонсаройлар бўлганини ва уларда савдо-сотиқ анча ривожланганлиги ёзма манбалардан маълум). Карвонсаройларда ва савдо расталарида савдо ишларида хизмат қиладиган қоровул, ҳаммол, фаррош, юк ташувчи ва жойлаштирувчи мардикорлар кўп бўлган. Йирик савдогарлар махсус мирзоларни сақлаган. Мирзолар барча савдо ишларини, айниқса улгуржи савдони расмийлаштиришда бевосита иштирок қилган. Ҳисобкитоб ишларини косид бошқарган. Йирик савдогарлар махсус жамоага бириккан. Уни жамоа аъзоларининг энг обрўли катта савдогарлар орасидан сайланган оқсоқол карвонбоши бошқарган. Жамоага савдогарлар табақасининг йирик намояндалари кирган. Ўз навбатида айрим савдо расталари бирикиб шу растадаги дўконлардан ўзининг оқсоқолини (баъзи жойларда раис ҳам дейилади) сайлаганлар. Оқсоқол савдо тартиблари ва қоидаларига амал қилинишини кузатиб, харидорлар ва савдогарлар орасидаги можаронинг ҳал қилинишига, баъзан ташкаридан келган молнинг дўконлар орасида одилона тарқатилишига бош бўлган.

Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги б-н Россия ўртасидаги савдо алоқалари айниқса Закаспий т. й. қурилгач, анча ривожланган. Тошкентдаги Эски жўва Б. и карвонлар келибкетадиган йирик савдо маркази бўлган. Шаҳарнинг барча дарвозаларидаги йўллар Б. га келиб тақалган. Атрофида карвонсарой, омборхона, устахоналар, дўконлар ва б. жойлашган. 19-а. 2-ярмидан бошлаб бу ерда саноатчи бойлар ўз дўконлари, омборлари ва идораларини қуришган. Фарғона водийсида ўзининг катталиги ва савдо айланмаси жиҳатидан Қўқон Б. и алоҳида ажралиб туради. Ўзининг ободонлиги ва қулайлиги билан Бухоро Бозор минтақада биринчи ўринда турган. Ипак газламалари билан бутун Шарқда танилган Марғилонда қаторқатор тизилган дўконлар (кўча бўйлаб 2,5 км гача чўзилган)да савдо-сотиқ қилинган.

Ўрта Осиёда мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши хусусий мулкчиликни қайта тиклаб, савдо эркинлигига кенг йўл очиб берди. Жумладан Ўзбекистонда Бозор иқтисодиётининг ҳаётга татбиқ қилиниши анъанавий савдони янги замонавий услуб ва воситалар билан бойитиб, мамлакат ижтимоийиқтисодий ва маданий ривожига катта йўл очиб берди. Мустақил Ўзбекистон барча чет эл мамлакатлари билан ўз манфаатига қараб эркин, сиёсий, иқтисодий, маданий ва савдо алоқаларини ўрнатди ва бу соҳада янгиянги йўлларни топишда тинмай изланмоқда. ЎзРда Бозор фаолиятини ривожлантириш йўлида жуда кўп янги савдо уюшмалари, концерн ва фирмалар пайдо бўлмоқда, давр талабига жавоб бера оладиган истеъдодли ишбилармонлар сафи кўпаймоқда. Бозорлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Андижон каби йирик шаҳарларнинг марказида меъморий ечимлари ўзига хос миллий анъаналар асосида яратилмоқда. Бозорлар шаҳарни боғлаб турувчи асосий шоҳкўчалар, йирик савдо иншоотлари мажмуаси ва турар жой массивлари, т. й., автовокзал яқинида ва микрорайонлар марказида жойлаштирилмоқда. Бозорлар анъанавий қатор устунли бостирмалар, гумбазли, тоқ ва тим, соябонсимон, ойнабанд услубида барпо этилмоқда. Буларда сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш мақсадида савдо расталарининг атрофида дўконлар, маданиймаиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мужассамлаштирилган ҳолда қурилмоқда. Бозор ҳудудида кўп тармоқли савдо дўконлари, чойхона, деҳқонлар меҳмонхонаси, музлаткичли омборхоналар, юк кўтаргич, нонвойхона ва б. мавжуд. Тошкентдаги «Эски жўва», «Олой», «Қўйлиқ» Б. лари, Бухоро бозори, Самарқанддаги С«иёб», Ургутдаги «Ургут» ва б. анъанавий ва замонавий меъморликни ўзида мужассамлантирган энг йирик Бозор лардан.

Ҳозир Ўзбекистонда Бозор асосий сотиладиган маҳсулотларга кўра деҳқон бозори (к х. маҳсулотлари), буюм Бозори, улгуржи Бозор, мол (чорва моллари) Бозор каби асосий турларга бўлинади.

Ад:. Тўхлиев Н., Осиё ва бозор, Т., 1992; Ўлмасов А., Иқтисодиёт асослари, Т., 1997.

Аҳмаджон Ўлмасов, Муҳаммадамин Расулов, Ҳамза Убайдуллаев.


Кирилл алифбосида мақола: БОЗОР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИ
АЛИШЕР НАВОИЙ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
Туш таъбири ўзбек тилида


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты