АСАЛАРИСИМОНЛАР (Apidae) — наштарли пардақанотлилар туркумининг битта оиласи (айрим адабиётларда катта оиласи), 20 мингдан ортиқтўрни ўз ичига олади. Кўпчилик Асаларисимонлар ёпиқ уруғлилар гулидан нектар ва гулчанги йигади; танаси гулчангини йиғишга мослашган қалин туклар билан қопланган; орқа оёғи панжасининг биринчи бўғими кенгайиб гул чангини тўпловчи чуқурча-саватчани ҳосил қилади. Оғиз аппарати пастки жағлар ва пастки лабнинг ўзгаришидан ҳосил бўлган хартумдан иборат, лекин кемирувчи оғиз аппарати тузилишига хос белгилар — юқори лаб ва юқори жағларнинг сақланиб қолганлиги туфайли кемирувчи-сўрувчи оғиз аппарати деб аталади. Де-ярли барча Асаларисимонларнинг наштари бўлади. Айрим Асаларисимонлар (мас, асаларилар, пахмоқ арилар, галиктлар, қизил арилар, сариқ арилар, барг кемирувчилар) одамни чақиб олганида кучли оғриқ пайдо қилади. Кўпчилик Асаларисимонларнинг наштари одам терисини тешиб ўта олмайди. Асаларисимонлар ҳаёт кечиришига кўра якка яшовчилар, паразитлар ва жамоа бўлиб яшовчиларга бўлинади. Якка яшовчи Асаларисимонлар мустақил ин қуради, тухумдан чиққан қуртини гул нектари ва гул чанги аралашмасидан иборат озиқ билан боқади (коллетлар, андреналар, галиктлар, мелитталар, осмиялар). Айрим якка яшовчи Асаларисимонлар тупроққа, лой деворларга, жарликларга уя қуради, баъзан йирик колония ҳосил қилади (антофоралар). Майда Асаларисимонлар — цератинлар (Ceratina уруғи) буталар шохига, малина ва маймунжонга ўхшаш юмшоқ ўзакли ўсимликларнинг қуриган шохларига уя қуради. Йирик арракаш ари (Xylocopa) қуриган ёғочлар (тўнка, тахта)га ин қуради. Паразит Асаларисимонлар (Anthophora)нинг урғочиси ўз тухумларини бошқа арилар (андреналар, коллектлар, галиктлар) уясига қўяди. Жамоа бўлиб яшовчи Асаларисимонлар тузилиши ва бажарадиган вазифаларига биноан бир-биридан фарқ қиладиган индивидлардан ташкил топадиган оилани ҳосил қилади (тукли арилар, асаларилар, какку арилар). Тукли арилар ва асаларилар оиласи битта йирик она ари, жуда кўп вояга етмаган ишчи арилар, бир неча эркак арилардан иборат. Какку арилар пахмоқ арилар уясига кириб олиб, оналарини ўлдиради ва унинг катакчаларига ўз тухумини қўяди. Асаларисимонларнинг ҳаёти ёпиқ уруғлилар ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Эволюция давомида ўсимликлар билан Асаларисимонлар бир-бирига катта таъсир кўрсатган. Ариларда гулни чанглатиб, гул чанги ва нектарини йигишга имкон берадиган мослашув белгилари пайдо бўлган. Ўсимликларда эса чанглатувчи ҳашаротларни жалб киладиган белгилар (нектар ишлаб чикарувчи безлар, гул ранги, ҳиди) ривожланган. Асаларисимонлар гулларни чанглатиб, ўсимликларнинг ҳосилдорлигини оширишга ёрдам беради.