БОЛАЛАР ВА ЎСМИРЛАР ГИГИЕНАСИ — гигиенанинг бир соҳаси; гўдакликдан бошлаб j то 17—18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Ҳаёт шароити, ўқувтарбия ва меҳнатнинг ўсаётган организмнинг камол топиши ва саломатлигига қандай таъсир қилишини ўрганиш ва шунга асосланиб, ёш авлоднинг соғлом ўсишига ҳамда ҳар томонлама тўғри ривожланишига ёрдам берадиган гигиена тадбирларини ишлаб чиқиш Болалар ва ўсмирлар гигиенаси ва ў. г. вазифасидир. Унинг тавсияномалари шахсий, яъни ҳар бир айрим болага ва муайян болалар гуруҳига тааллуқпи бўлиши мумкин. Болалар ва ўсмирлар гигиенаси ва ў. г. ташқи муҳит омилларининг бола организмига, унинг ҳаёт фаолиятига, таълимтарбиясига таъсирини ўрганади, ўсаётган авлоднинг баркамол ҳамда жисмоний ва маънавий жиҳатдан уйғун ривожланиши учун зарур бўлган чоратадбирларни ишлаб чиқади.
Болалар ва ўсмирлар соғлиғини ўрганиш ва сақлаш. Бунинг учун биологик ва ижтимоий омиллар, ташқи муҳит ҳамда умумий тараққиёт қонунларининг болалар ва ўсмирлар организмига таъсирини ўрганиш талаб этилади. Ҳар бир ёшга оид касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш эса касалликнинг олдини олиш чоратадбирларини белгилаш ва ҳаётга татбиқ этиш имконини беради. Ҳоз. ёш авлоднинг соғлиғини белгиланган муддатда текшира бориш (тиббий кўрикдан ўтказиш) билан бирга антропометрик усулларни қўллаш орқали уларнинг жисмоний ривожланиши аниқланади.
Шахсий гигиена қоидаларига болалар жуда ёшлигиданоқ одатланиши зарур. Болада асосий физиологик жараёнлар — уйқу, уйғоқлик, овқатланиш (эмиш) нинг ўз вақтида алмашиниб туриши айниқса боланинг биринчи ёшида катта аҳамиятга эга. Ҳар куни маълум соатларда овқатланиш (эмиш), ухлаш ва ш. к. боланинг ўсиши ва ривожланишига, айниқса нерв системасига яхши таъсир қилади. Болани ҳамиша маълум вақтда (ҳар 3—3,5 соатда) эмизиш тартибига амал қилиш лозим. Ёш бола ҳамиша маълум вақтда ухлаб, маълум вақгда уйғониши учун қулай шароит яратиш, ухлаганида уни тинч қўйиш, уйғоқлигида эса кўрув ва эшитув аъзоларига турли йўллар билан таъсир этиш (катталарнинг гапсўзлари, рангли, жарангдор ўйинчоқларга бола диққатини жалб қилиш), гавда вазиятини ўзгартириб туриш (болани вақтвақти билан қўлга олиш ёки қорни билан ётқизиб қўйиш) керак. Бола нечоғли ёш бўлса, организми дам олиш ва ухлашга шунча кўп эҳтиёж сезади. Уни очиқ ҳавода (қишда ҳам) ҳар куни камида 2 соат сайр қилдириш, ўйнатиш зарур. Шунда қон кислородга ёлчиб, организмдаги алмашинув жараёнлари бир маромда кечади.
Болалар ва ўсмирлар фаолияти гигиенаси. Бунда болаларнинг соғлиғига қараб иш фаолиятини белгилаш ва астасекин ошира бориш ҳамда чарчашнинг олдини олиш тадбирларини кўриш асосий масала ҳисобланади. Шунга асосан ясли, боғча, мактаб ёшидаги болаларнинг ёшига мое келадиган кун тартиби жорий қилинади. Ўсиб келаётган организмнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, мактаб ўқувчиларининг машғулот тартиби уларнинг ёшига қараб турлича белгиланади. Уйда дарс тайёрлашга ажратилган вақт 1синф ўқувчилари учун 1 — 1,5 соат, 3—4 синф ўқувчилари учун 1,5—2 соат, 5—6 синф ўқувчилари учун 2 соат, 7—8 синф ўқувчилари учун 2,5—3 соат, 9—10 синф ўқувчилари учун 3—4 соат бўлиши керак. Бола дарс тайёрлаган вақтда ҳар 40—45 мин. дан кейин 10—15 мин. дам олиши зарур. Болалар дарс тайёрлаб чарчамаслиги учун машгулотлардан кейин турли ўйин, спорт, фойдали меҳнат б-н шуғулланишлари яхши натижа беради.
Ташқи муҳит гигиенаси. Болалар ва ўсмирлар гигиенаси ва ў. г. нинг бу қисмида болалар ва ўсмирлар муассасалари лойиҳасини тузиш ва куришда гигиена тадбирларини кўзда тутиш, жумладан уларни аҳоли яшайдиган жойларга қуриш, хоналар ёруғ ва иссиқ бўлиши, санитариятехника иншоотлари тўғри қурилиши, тоза ҳаво, ичимлик сув ҳамда болалар учун мўлжалланган жиҳозлар билан таъминланиши керак.
Болалар ва ўсмирларнинг овқатланиш гигиенаси. Бунда озиқовқат маҳсулотларининг аҳамияти, болалар муассасалари (болалар уйлари, санаторийлар, ташкил қилинган саёҳат ва юришлар)да овқатланиш тартиби ўрганилади ҳамда ўсиш даврида энергия сарфи меъёри ишлаб чиқилади. Болаларга тўйимли, мазали ва хилмахил овқат бериш, овқатда оқсил, ёғ, углевод, витамин, минерал тузлар етарли бўлиши керак. Тўғри овқатланиш боланинг турли касалликларга чидамини оширади, ақлий, жисмоний ва меҳнат қобилияти баркамол бўлишини таъминлайди. Мактабгача тарбия ёшидаги ва мактаб ёшидаги болалар 4 — 4,5 соатда овқатланиши керак. Нонуштада суткали калориянинг тахм. 25%ини берадиган оқсилларга бой сабзавот, гуручдан пиширилган овқатлар, тушлик суткали калориянинг 35— 40%ни, кечки овқат суткали калориянинг тахм. 20—25%ини ташкил этиши ва бирмунча енгил сутли, сабзавотли ҳамда ёрмадан пиширилган овқатлардан иборат бўлиши лозим. Суткали калориянинг қолган 10—15%ни иккинчи нонуштадан ёки тушликдан кейин истеъмол қилган маъқул.
Болалар ва ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш. Болалар ва ўсмирлар гигиенаси ва ў. г. нинг бу қисмида тиббий хизмат кўрсатишни илмий нуқтаи назардан ишлаб чиқиш ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар кўриш мўлжалланган. Саломатлиги заифлашиб қолган, нимжон (ревматизм, тонзиллит, сил интоксикацияси билан оғриган), шунингдек касалликдан тузалиб келаётган болалар учун болалар поликлиникаси ёки мактаб врачи иштирокида алоҳида тартиб тузилади; ана шундай касалликларни бошдан кечирган асабий болаларнинг ўқишини давом эттириши ҳамда саломатлигини тиклай бориши учун махсус шароит яратилади (санаторий мактаблари ва б.). Бундай муассасаларда ўқиш билан бирга шифобахш бадантарбия, физиотерапия, махсус парҳез, соф ҳаводан кўпроқ баҳраманд бўлиш каби даво усуллари қўлланилади. Болани ёшлигидан бошлаб тўғри уюштирилган жисмоний тарбия ва чиниқтириш тизимига ўргата бориш катта аҳамиятга эга. Ҳаётининг биринчи ойларида массаж ва жисмоний машклар б-н бирга тоза ҳаводан баҳраманд қилиш, кейинчалик эса сочиқни ҳўллаб баданни артиш, чўмилиш, каттароқ ёшдаги болаларни душга тушириб ёки устидан сув қуйиб чўмилтириш бола организмининг касалликка чидамини оширади ва бақувват қилади. Бу тадбирлар мунтазам бўлиши ва врач билан маслаҳатлашиб олинганидан кейингина татбиқ этилиши керак. Болалар ва ўсмирлар муассасаларида ҳамма гигиена мезонлари ва тавсияномаларига риоя қилинишини шаҳар ва қишлоқ туманларининг санитарияэпидемиология ст-яларидаги санитария врачлари назорат қилиб туради.
Акмал Султонов.