АСТРОМЕТРИЯ (остро… ва юн. metreo — ўлчайман) — астрономия бўлимларидан бири. Осмон жисмлари вазиятларини ва ўзига хос хусусий ҳаракатларини аниқлаш, улар оралигидаги бурчакни ўлчаш ва Ер юзидаги жойларнинг географик координаталарини ҳамда азимутнк белгилаш, вақтни ўлчаш, осмон жисмлари диаметрларини ва улар сиртидаги деталларнинг ўзаро узоқлигини аниқлаш каби масалалар б-н шуғулланади. Асосий бўлимлари: фундаментал Астрометрия, фотографик ва меридиан А., сферик астрономия, вақт ва географик кенглик хизмати. Астрометриянинг ҳамма соҳаларида олиб бориладиган кузатиш ишлари астрономик асбоблар ёрдамида бажарилади; шунинг учун астрономик асбобларга тегишли хатоларни ўрганиш ва уларнинг қийматини топиш Астрометрия билан боғлиқ муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Фундаментал Астрометриянинг асосий вазифаси — осмон ёритқичларининг координатларини, муҳим астрономик доимийликни аниқлаш, юлдуз каталогларини тузиш. Осмон ёритқичларининг координатлари одатда меридиан доира ёки пассаж ҳамда вертикал доира деб аталадиган махсус кузатиш асбоблари ёрдамида аниқланади. Бундай кузатишлар ҳар бир ёритқичнинг меридиандан ўтиш вақтида олиб борилади. Ёритқичларнинг координатларини аниқлашда икки хил йўл тутиш мумкин:
1) мутлақ усул; бунда ёритқичлар координатларидан тортиб ҳамма зарур маълумотлар янгидан, ҳеч қандай эски кузатишларга асосланмасдан топилади;
2) нисбий ёки дифференциал усулда эса ёритқичларнинг координатлари олдинги вазиятлари яхши маълум бўлган бир қатор юлдузларга нисбатан кузатилади. Шундай йўл билан аниқланган координатлар юлдуз каталогларида берилади. Астрономиянинг жуда кўп масалаларини ҳал этишда юлдузларнинг аниқ координатларидан ташқари яна уларнинг ўзига хос хусусий ҳаракатлари ҳам маълум бўлиши керак. Шунинг учун Астрометриянинг яна бир муҳим вазифаси бир канча юлдузларнинг осмон сферасида деярли вақт ўзгармай қоладиган координата тизимида аниқланган вазиятлари ва хусусий ҳаракатлари берилган фундаментал каталог тузишдан иборат. Юлдузларнинг хусусий ҳаракатларини аниқлашда фундаментал каталоглар муҳим ўрин тутади. Астрометрия даги энг огир масалалардан бири хатолик ҳисобланади. Энг яхши фундаментал каталогларда келтириладиган юлдуз координатларининг аниқлиги ±0,1».
Астрономия тарихида биринчи юлдуз каталоглари Хитой астрономи Ши Шен (мил. ав. 4-а.) ва юнон олими Гиппарх томонидан (мил. ав. 2-а.) тузилган. 15-а. да Улуғбек раҳбарлигида тузилган каталогда 1018 та юлдузнинг вазияти келтирилган.
18-а. биринчи ярмига келиб Астрометрия вазифаларини аниқроқ ечишга мосланиб махсус оптик асбоблар ясалди. Мас, Пулково астрономия расадхонасига ўрнатилган ана шундай оптик асбоблар мутлақ каталоглар тузишда катта роль ўйнади. Кейинчалик Германия ва б. давлатларда қатор расадхоналар, жумладан Тошкент расадхонаси кузатишларига асосланган фундаментал каталоглар, мас, ФКЗ, ФК4, ФК5 тузилди. Астрономия дои-мийларидан бири Қуёш параллаксини аниқлаш Астрометриянинг муҳим вазифаларидандир; чунки астрономик бирликни ифодаловчи бу катталик сайёра ва юлдузларгача бўлган масофаларни ўлчашда асос қилиб олинади. Прецессия, нутация ва аберрацияни аниқлаш ҳам Астрометрия вазифаларидан ҳисобланади. Олис юлдузларнинг вазияти ва хусусий харакатлари фотографик Астрометрия усулларидан фойдаланиб аниқланади. Бунинг учун астрограф ёрдамида осмоннинг маълум қисмлари фотосуратга олинади. Олинган фотосурат — астронегативда чиққан юлдузларни махсус асбоблар ёрдамида ўлчаш йўли билан уларнинг вазиятларини шу астронегативда бор бўлган ва аниқ координатлари каталогларда берилган бир қатор ёруғ юлдузларга нисбатан ҳисоблаб топилади. Бундай масалани ечишда астронегативдаги тўғри бурчакли координаталар тизи-мидан осмондаги сферик координаталар тизимига ўтиш муҳим ўрин ту-тади. Юлдузларнинг хусусий ҳаракатларини фотографик Астрометрия усулидан фойдаланиб топиш учун оралигида 20—30 й. вақт ўтган ва марказлари бир-бирига мос келадиган икки астронегатив бирга ўлчанади. Сўнгра ҳисоблаш ёрдамида ўлчанган натижалардан ҳар бир юлдузнинг йиллик хусусий ҳаракати сферик координаталар тизимида топилади. Фотографик Астрометрия ёрдамида аниқланган натижалар одатда меридиан кузатишлардан олинган натижалардан 1,5 — 2 марта аниқроқ бўлади. Лекин бундай аниқликка эришиш учун фотографик Астрометрияга хос бўлган бир қатор хатоликларни назарда тутиб иш кўрилади.
Жаҳонда бажарилган энг катта Астрометрия ишлари сифатида 1933—38 й. ларда Тошкентдаги ва б. расадхоналарда биргаликда тузилган «Геодезия юлдузлари каталоги» ни кўрсатиш мумкин. «Хира юлдузлар каталоги» А. соҳасидаги яна бир катта иш бўлиб, уни тузишда бир неча расадхоналарнинг, жумладан Ўзбекистон ФА Астрономия ин-ти қатнашиши ҳам кўзда тутилган. Юз йиллар давомида осмон сферасида сезиларли даражада силжимайдиган галактикаларга таянган координаталар тизимидаги «Хира юлдузлар каталоги»да кузатиш дастурига киритилган ҳамма юлдузларнинг вазиятлари ва хусусий ҳаракатлари берилиши керак. Бу ишни янада кенгроқ олиб бориш мақсадида осмоннинг жан. ярим шаридаги юлдузлар Чили ва Боливиядаги расадхоналарда мунтазам кузатилмоқда. Астрометрияга доир тадқиқотларда Ўзбекистон ФА Астрономия ин-ти ва ТошДУ астрономия кафедраси фаол қатнашади.
Абдусалом Латипов.