АСТРОНОМИЯ

АСТРОНОМИЯ (остро… ва юн. nomos — қонун) — Коинот жисмлари ва уларнинг системалари пайдо бўлишини тарақкиёти ва тузилишини, кўринма ва ҳақиқий ҳаракатларини, кимёвий таркиби ва физик ҳолатини, Коинотнинг бир бутун умумий қонуниятларини ўрганувчи фан. А. юлдузлар, сайёралар ва уларнинг йўлдошларини, сайёралараро ва юлдузлараро майда жисмлар (астероидлар, кометалар, метеор жисмлар ва ҳ. к.)ни, газ ва чанг туманликларини, улардаги физикавий муҳитни сунъий космик жисмларни (вазиятлари, ҳаракатлари, орбиталарини) ўрганади, шунингдек осмон жисмларини кузатиш натижаларини инсоннинг моддий ҳаётий талабларига қўллаш усулларини ишлаб чиқади. Жумладан, вақтни аниқлаш, жойнинг координаталарини топиш, сайёраларнинг ҳаракатини, сунъий йўлдошларни кузатиш асосида текшириш ва унинг асосида зилзилалар қонуниятларини ўрганиш, космик аппаратларни Коинот жисмларига нисбатан ориентирлаш ва б. қатор ишлар шулар жумласига киради.

Астрономия ҳозир тадкиқ соҳаси ва усулига кўра 7 бўлимта ажратилади: астрометрия, астрофизика, радиоастрономия, осмон механикаси, юлдузлар астрономияси, космогония ва космология. Буларнинг ҳар бири ўз навбатида бир қанча соҳаларни ўз ичига олади.

Астрономия тарихининг катта қисми кузатиш маълумотларини тўплаш билан банд бўлган. Мил. ав. 6-а. га келиб, мисрликлар ва бобилликлар тажрибага асосланиб Қуёш ва Ой тутилишларини, уларнинг даврий такрорланиб туришини олдиндан айтиб бера олганлар. Пифагор асарларида Ернинг шарсимонлиги ҳақида ёзилган, ўнинг мактаби эса Ер ва барча ёритқичлар марказий олов атрофида айланади, деган дастлабки космологиялардан бирини яратди. Аристотель олам марказида Ер бўлган сис-темадир, деган ғояни илгари сурди. Мил. ав. 3-а. дан бошлаб юнон фанининг маркази Искандарияга кўчди. Эратосфен градус ўлчаш деб ном олган усул билан Ернинг ўлчамларини аниқлади. Гиппарх 1028 та юлдузнинг осмон сферасидаги вазиятларини ўз ичига олган ва бизгача етиб келган дастлабки юлдуз жадвалларидан бирини яратди. У йилнинг давомийлигини катта аниқлик билан ўлчади, Ойгача бўлган масофани икки фоиздан кам хато билан аниқлади, фанга географик координаталар — кенглама ва узунлама тушунчаларини киритди. Гиппарх таълимотини Птолемейнинг «Альмагест» асаридан биламиз. Птолемей фанга олам тузилишининг геоцентрик системаси номи билан кирган системани яратди. Унда Қуёш, Ой ва сайёраларнинг кўринма ҳаракати айланалар бўйлаб текис ҳаракатдан иборат, ҳаракатсиз Ер эса оламнинг марказига жойлашган, деб тушунтирилар эди. Бу система оламнинг ҳақиқий тузилишини акс эттирмаса ҳам ўз даври учун илғор бўлган. Бу система ёритқичларнинг осмондаги вазиятларини (ўша даврдаги кузатиш аниклигида) олдиндан айтиб бериш имконини бе-рар эди. Шу сабабли, у фанда бир ярим минг йилча яшади. Архимеднинг айтишича, оламнинг маркази Қуёш, унинг атрофида Ер ва сайёралар айланади. Бу фақат 16-а. дагина ишлаб чиқилган гелиоцентрик системани олдиндан айтиб бериш эди.

Астрономия билан Туркистонда мил. ав. ҳам фаол шуғулланганлар. Уларнинг излари мўғул ва араб истилолари сабабли де-ярли йўқ бўлиб кетган. Ҳозиргача сақланиб қолганлари ичида Хоразмдаги Қўй қирилган калъа мисол бўлиб, уни етарли даражада астрономик асбоб деса бўлади. Қалъа иншоотлари ёрдамида вақтни аниқлаш, фаслларнинг кириб келиш пайтини қайд этиш, экватор ва эклиптика текисликлари орасидаги бурчакни ўлчаш, йил давомийлигини аниқлаш ва б. ҳаёт тақозо этган амалий масалалар ҳал этилган. 8—9-а. ларда Муҳаммад Хоразмий, Ахмад ал-Фарғоний, Аббос Жавҳарий, Аҳмад Марвазий ва б. олимлар Астрономия билан жиддий шуғулландилар. Араб халифалиги даврида ва ундан кейин Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Ўрта Осиё олимлари Астрономиянинг ривожланишида ҳам катта роль ўйнадилар. Қоҳира, Дамашқ, Бағдодда расадхоналар пайдо бўлиб, уларда Ибн Юнус, Ал-Батоний, Абу Вафо ва б. ишлаган. Абул Вафо фақат Шарқдагина эмас, ҳатто Ғарбда ҳам шуҳрат қозонган машҳур астрономик асарнинг муаллифидир. 10-а. да Ал-Сўфи биринчи бўлиб Андромеда туманлигита эътибор бериб, унинг юлдузлардан фарқ этишини тавсифлаб берган. Абу Райҳон Бе-руний Астрономиянинг ҳамма масалаларини ўз ичига олган 40 га яқин астрономик рисола ёзган. Унинг қисқартириб хронология деб аталувчи «ал-Осар ал-боқия анил-қурун ал-холия» («Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар») номли асарида юнон, румлик, яҳудий, араб, суғдий ва б. турли халқларнинг йил ҳисоби усуллари батафсил қиёсий баён қилинган. Беруний бир қанча даврларни ўзаро солиштириб тавсиф қилган ва бир даврдан иккинчисига ўтишнинг амалий йўлларини кўрсатиб берган. Фанда «Ҳиндистон», «Геодезия» номи билан машҳур бўлган асарларида Беруний Астрономиянинг бир қанча масалаларига яқиндан ёндашиб, географик координаталарни, Ернинг ўлчамларини ва вақтни аниқлаш усулларини кенг баён этди. Беруний Астрономиянинг амалий масалаларини ҳал қилиш жараёнида бир қанча янги астрономик асбобларни, жумладан ўз астролябиясинк ихтиро қилган. Ёритқичларнинг кўринма ҳаракатларини ўрганишда Беруний геоцентрик ва гелиоцентрик системалар бир хил кучга эга, деган ғоят муҳим фикрни ўртага ташлаган. Астрономияда Берунийнинг издоши Умар Хайём эди. У коинотнинг чексизлигига оид жуда кўп янги ғояларни илгари сурган. Умар Хайём ҳозир қўлланилаётган Григорий тақвимидан ҳам аниқ бўлган Қуёш тақвимини ишлаб чиққан. Ибн Сино ҳам Астрономияга оид асарлар ёзган. 12—14-а. ларда туркистонлик олимлар — Маҳмуд Чағминий, Муҳаммад Нажиб Бакрон, Абу Сулаймон Баноқатий ва б. олимлар Астрономия соҳаларида ижод этганлар. 14-а. да Мароға ш. да ўша замоннинг энг яхши астрономик асбоблари билан жиҳозланган расадхонада Озарбайжоннинг машҳур олими Насриддин Тусий ишлаган. Мароға расадхонасида ижод қилинган қатор асарлар, жумладан «Зижи Элхоний» Европада ва Шаркда кенг тарқалган. Ўз даврининг деярли барча масалалари баёни билан берилган Астрономияга оид кенг астрономик жадваллар шарқда «зиж» деб аталган. Астрономиянинг 15-а. даги тараққиёти Самарқанд яқинига ўша замондаги энг мукаммал асбоблар билан жиҳозланган улкан расадхона қурган Улуғбек номи билан боғлиқ. Расадхонанинг асосий ва энг катта асбоби радиуси 40,2 м ли Фахрий секстанти эди. Самарқанд астрономлари Улуғбек раҳбарлигида ёзган «Зижи Кўрагоний» ёки «Улуғбек зижи» деб аталувчи асосий асар, айниқса, ундаги 1018 юлдуз вазияти келтирилган жадвал дунёга машҳур. «Улуғбек зижи» асосан Самарқанд расадхонасида олиб борилган кузатишлар заминида тузилган ва Гиппарх жадвалидан кейин юлдузларнинг вазияти анча аник белгиланган иккинчи оригинал тўла жадвалдир. Улуғбекнинг кўзга кўринган сафдошларидан Ғиёсиддин Жамшид Коший Европа олимларининг бир қанча кашфиётларини улардан анча илгари кўра билган. Европа фанини Самарқанд олимларининг асарлари билан таништиришда Кошийнинг хизматлари жуда катта. Самарқанд расадхонасида ижод қилган аст-рономлар қаторида Улуғбекнинг устози, Шаркда «ўз даврининг Афлотуни» номи билан машҳур бўлган Салоҳиддин Мусо ибн Муҳаммад Қозизода Румий, шунингдек «ўз даврининг Птолемейи» номини олган Али Кушчининг хизматлари катта. Самарқанд олимларининг асарлари Европада 1648 й. дан бошлаб чоп қилиниб келмоқда. Ўша даврда христиан дини мафкураси хукмронлик қилган Европада Астрономия тараққиёти тўхтаб колган эди. 16-а. да Астрономия ва бутун табиатшунослик фанлари тараққиётида ин-Килобий кашфиётлар қилинди. Улардан бири машҳур поляк олими Николай Коперник номи билан боғлиқ. 1543 й. да унинг «Осмон сферасининг айланишлари ҳақида» асари нашр қилинди. Коперник бу асарида Қуёш системаси тузилиши ҳақида тўғри тасаввур берди. Астрономиянинг кейинги тараққиёти сайёраларнинг Қуёш атрофида айланиш конунларини кашф қилган И. Кеплер номи б-н боғлиқ. Кеплер конунлари Тихо Брагенинг сайёраларни, аввало, Марсни кўп йиллар давомида кузатишларига асосланган. Бу даврда астрономик асбоблар бирмунча такомиллашди. Юлдузлар вазиятини оптик асбобларсиз ўлчашда 17а. иккинчи ярмида поляк олими Ян Гевелий энг катта аниқликка эришди. 17-а. да Астрономияда оптик асбоблар қўллана бошланди. Бунгача бўлган давр осмон геометрияси ва кинематикасини ўрганиш билан характерланади. 1609—10 й. ларда итальян олими Галилео Галилей астрономик кузатишларда ўзи ясаган телескопии қўллади. Галилейнинг кашфиётлари Коперник системасини илмий далиллар билан қувватлаб, унинг янада оммалашувига ёрдам берди ва Астрономияда космик жисмлар физикасини ўрганувчи янги бўлимнинг манбаи бўлиб қолди. Галилей Ой сиртини ва Венера фазаларини кузатиб, сайёра ва уларнинг йўлдошлари табиати Ерга ўхшаш деган хулосага келди. Телескопик Астрономиянинг тараққиёти билан бир қаторда назарий Астрономия ҳам тез ривожланди. Бунга И. Кеплер ва И. Ньютонасос солган. Ньютон бутун олам тортишиш қонунини очиб, осмон жисмларининг турли-туман ҳаракатларини тушунтиришда унинг универсаллигини кўрсатиб берди. Ньютоннинг осмон механикасига доир конунлари осмон жисмларининг массаларини аниқлаш ва уларнинг ҳаракатига ўзаро таъсирини ҳисобга олиш имконини берди. Шундан бошлаб назарий Астрономия ва осмон механикасининг тараққиёти жадал кетмоқда. Ҳисобларга караб Нептуннинг очилиши Ньютон конуни ёрдамида қилинган катор буюк кашфиётларга ёркин мисолдир. Астрономиянинг кейинги тараққиёти амалий масалаларни ҳал қилишга мўлжалланган давлат расадхоналарининг ташкил топиши билан боғлиқ. Францияда (1665 й., Париж), Англияда (1676 и., Гринвич) ва Россияда (1692 й.) биринчи расадхоналар курилди. Расадхоналар замонавий телескоплар билан таъминланган бўлиб, уларда географик координаталарни аниқлашдан ташқари, барча астрономик ҳодисалар кузатилган. 17 — 18-а. ларда Астрономияда табиатшунослик тараққиётига кучли таъсир қилган бир канча кашфиётлар қилинди. 1675 й. да О. К. Рёмер ёруғликнинг таркалиш тезлигини Юпитер йўлдошларининг тўсилишини кузатишдан аниқлади. 1718 й. да Э. Галлей юлдузларнинг хусусий ҳаракатини топди. 1725—28 й. ларда Ж. Брадлей ёруғлик аберрациясини очди. 1755 й. да И. Кант «Табиатнинг умумий тарихи ва осмон механикаси» номли асарида биринчи бўлиб табиат эволюциясини тушунтирувчи ғояни муҳокамага ташлади. 1761 й. да М. Ломоносов Венера атм. сини кашф қилиб, сайёраларда ҳам газ қобиғи бўлиши мумкинлигини исботлади. 1796 й. да П. Лаплас бу ғояни математик усулда асослаб берди. 1871 й. да В. Гершель кузатиш йўли билан янги сайёра — Уранни топди. Бундан ташқа-ри, у Куёш системасининг юлдузлара-ро ҳаракатини кашф қилди. 1835—38 й. ларда В. Я. Струве ва Ф. В. Бессел баъзи юлдузларгача бўлган масофаларни ўлчадилар. 1801 й. да Италияда Д. Лиацци биринчи астероид — Церерани кашф килди Бу билан кичик сайёраларни очиш шдқикотлари бошлаб беридди. 1846 й. да У. Ж. Леверье Ураннинг орбитадан че-кипишини ўрганиб, чекиниш сабабчиси — Нептуннинг вазиятини ҳисоблаб чиқди. Шунга асосан И. Г. Галле Берлинда Нептунии топди. 1847 й. да В. Я. Струве юлдузлараро муҳитда ёруғликнинг ютилишини ҳисоблаб, Астрономия тараққиётига ҳисса қўшди. 19-а. иккинчи ярмида фотография, фотометрия ва спектрал анализнинг кўлланиши космик жисмларни ўрганиш имконини янада кенгайтирди. Туркистонда 17—19-а. лар оралиғида ҳам Астрономия билан шуғулланилган. Бунда асосан жойларнинг географик координаталарини аниқлаш ва хариталар тузиш билан машғул бўлинган. 1873 й. да Тошкентда астрономия расадхонаси ташкил этилади ва унга бир канча телескоплар ўрнатилади. Бу ерда дастлаб Астрономия билан бир каторда метеорология, геофизика, геодезия ва сейсмология соҳаларида ҳам тадқиқотлар олиб борилди, Туркистон ҳудудида бир неча минг жойларнинг аниқ координаталари аниқланди. Чоржўй, кейинчалик Китоб ш. лари яқинида халқаро кенглик ст-яси ташкил этилди. 1966 й. да бу расадхона заминида Астрономия инти ташкил килиниб, тадкикотлар кўлами янада кенгайтирилди ва замонавийлаштирилди.

Америкада улкан телескопларнинг ихтиро қилиниши юлдузлараро муҳитни чуқурроқ ўрганиш имконини берди. Астрономияда янги олинган маълумотлар асосида бир канча гипотезалар яратилди. Арман олими В. А. Амбарцумян юлдузлар ассоциацияси ҳақида ғоят муҳим назарияни яратди. Унга кўра, юлдузлар ўта зич объектлардан отилиб чиқиб пайдо бўлади. 20-а. нинг 30-й. ларида Астрономиянинг радиоастрономия деб аталувчи янги тармоғи пайдо бўлиб, дастлаб ёритқичлардан келадиган радионурларни ўрганиш еки радиолокацион тадқиқ асосида космик жисмлар ҳақида маълумот ола бошланди. Радиоастрономия айниқса 2-жаҳон урушидан сўнг ихтиро қилинган ўта сезгир радиоасбобларни қўлланиш билан жадал ривожланди. Астрономия тараққиётининг янги боскичи Ер, Ой ва айрим сайёраларнинг сунъий йўлдошларини, шунингдек Венера, Марс, Юпитер, Сатурн ва узоқ космосга космик ст-яларни учириш билан боғлиқ. Аввал астрономлар фақат кузатиш натижаларидангина фойдаланган бўлсалар, эндиликда бевосита тажриба ўтказиш имкониятига эга бўлдилар. Ойга ва айрим сайёраларга тадқиқотчи ст-ялар қўндирилиб, уларнинг табиатини яқиндан ўрганиш мумкин бўлди.

Ўзбекистонда Астрономиянинг энг илғор соҳалари бўйича тадқиқотлар олиб борилган. Кейинги чорак аср давомида ўзбекистонлик астрономлар астрометрия, астрофизика, хусусан, Қуёш ва ностационар юлдузлар физикаси, юлдузлар ва Галактика астрономияси, Галактикадан ташқи астрономия соҳаларидаги тадқиқотлари билан муҳим ютуқларга эришдилар. Галактикамизнинг 50 мингдан ортиқ юлдузлари ва уларнинг 20 га яқин тўдалари хусусий ҳаракатларини кузатув ёрдамида ўлчаб-ҳисоблаб топдилар, тўдалар тузилиши ва аъзолари аниқланди. Булар асосида Галактикамизнинг ўлчамларини, Қуёшнинг Галактикадаги ўрнини ва унинг ядросига нисбатан айланиш тезлигини ҳаракат йўналиши — апексини, шунингдек Галактиканинг қатор кине-матик параметрларини аниқладилар. Ер сунъий йўлдошлари учирилгандан бошлаб шу кунга қадар уларни ва сайёраларни кузатиш, тадқиқ этишнинг барча халқаро дастурларида (СОПРОГ, ВЕГА, Планета, Стационар, Фобос, GPS, PRARE ва б. да) қатнашиб, эътиборли илмий натижаларга эришилади. 1960 й. дан бошлаб Халқаро астрономия иттифоқи тавсия этган 20 та астероиднинг вазиятлари ва ҳаракатларини текшириб, осмонда инерциал системани тузиш каби халқаро муаммога тошкентлик ва китоблик астрономлар салмоқли ҳисса қўшдилар. 1985—86 й. ларда Ўзбекистон ФА Астрономия ин-ти ТошДУ астрономлари билан ҳамкорликда Галлей кометасини кузатиш бўйича Халқаро дастурда қатнашиб, кузатув маълумотлари сифати ва ҳажми билан биринчи ўринни эгалладилар ва бу билан учирилган космик аппаратнинг комета атмосфераси ичидан ўтишини таъминладилар. Ютуқлардан яна бири Қашқадарё вилоятининг Майданак тоғида расадхона қурилиши бўлиб, у бугунги кунда халқаро расадхонага айланиши билан боғлиқ. Майданакда бажарилган кўп йиллик кузатиш ишлари асосида юлдузларнинг туғилиш «ўчоқлари» топилди, турли ностационар ва ўзгарувчан юлдузлар, фуорлар, зич қўшалоқ юлдузлар ҳамда Сомон йўлининг махсус қисмлари ўрганилиб, зарур фотометрик, спектрал маълумотлар тўпланди ва таҳлил қилинди. Майданакда бажарилаётган кузатувлар АҚШ, Россия, Украина, Франция, Германия, Литва ва б. давлатлар астрономлари билан ҳамкорликда олиб бориляпти. Қуёш физикаси соҳасида Қуёш доғлари ва б. қатор фаол элементлари, турли чақнашлар, рентген ва радиодиапазонлардаги фаол жараёнлар чуқур таҳлил қилинган. Ҳозир эса бу соҳанинг гелиосейсмология йўналиши жадал ривожланмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятининг Қумбел тоғида (Чимён яқинида) Тошкент астрономия ин-тининг станцияси очилиб, унда Қуёш тебранишлари ИРИС халқаро дастури доирасида кузатилмоқда. Ин-тнинг Тошкент ҳудудида бу тебранишлар ТОН халқаро дастури бўйича заряд йиғувчи кучли матрица ёрдамида кузатилиб тахлил қилинмоқда. Натижада Қуёшнинг ички тузилишига оид муҳим маълумотлар олинмоқда.

Ўзбекистонда кейинги чорак асрда Астрономияга доир назарий тадқиқотлар ҳам йўлга қўйилган. Улардастлаб 1971—81 й. ларда Тошкент астрономия ин-тида олиб борилди, кейинги йилларда эса ТошДУда давом эттиридди. 1981 й. га келиб ТошДУ (ҳоз. ЎзМУ)да Астрономия мутахассислиги очилиб, 1987 й. А. кафедраси ташкил этидди. Бу кафедра бугунга қадар 200 га яқин мутахассис чиқарди. Назарий тадқиқотлар, асосан, астрофизика, юлдуз астрономияси ва Галактикадан ташқи астрономия соҳаларида олиб боридди. Хусусан, Галактикамиз тожидаги куринмас масса миқдори ва унинг диск ва сфера ташкил этувчилари эволюциясига таъсири ночизиқли ностационар ҳолда аналитик ўрганилди. Халқасимон галактикалар модели тузилиб, уларни синфларга ажратиш усули ишлаб чиқилди. Юлдузларнинг бир неча шарсимон тўдалари ва галактикаларнинг 10 дан ортиқ сферик тўдалари учун тезликлар анизотропияси параметри қийматлари кўринма зичлик функцияси асосида аниқланди. Коинотнинг энг «қари» объектларидан бир тури ҳисобланувчи эллиптик галактикаларнинг пайдо бўлиши муаммоси биринчи бор назарий моделларда тадқиқ қилинди. Бу назария натижалари анча кейин АҚШ, Ҳиндистон ва Мексика назариётчилари томонидан ўта кучли компьютер ёрдамида тажриба ўтказиш йўли билан тасдикланди. Ҳозир бундай назарий ишлар Тошкент астрономия ин-тида ҳам олиб борилиб, юқоридаги усул спирал галактикаларга қўлланилмоқда ва уларнинг пульсация ҳолати ночизиқли ностационар моделлари тузилмоқда.

Салоҳиддин Нуриддинов, Абдумажид Раҳимов.


Кирилл алифбосида мақола: АСТРОНОМИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АСТРОФИЗИКА
БИОЛОГИЯ
БЕРУНИЙ
АСТЕРОИДЛАР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты