АСТРОФИЗИКА (остро… ва физика) — астрономиянинг энг катта бўлимларидан бири. Осмон жисмларининг физик тузилиши ва хусусиятларини, кимёвий таркибини, пайдо бўлиши, ривожланиши ва тақдирини, юза ва ички қатламларида рўй бераётган физик жараёнлар табиатини ҳамда улар орасидаги муҳитнинг физик хусусиятларини ўрганади. 19-а. иккинчи ярмида фотография, фотометрия ва спектрал таҳлилнинг ривожланиши ва астрономик кузатишларда қўлланиши Астрофизиканинг жадал ривожланишига имкон берди. Астрофизика амалий ва назарий қисмлардан иборат. Амалий Астрофизика осмон жисмлари ва улар орасидаги муҳитни тадқиқ этиш усуллари ва воситаларини ишлаб чиқиш ва уларни астрономик кузатишларга тадбиқ этиш, осмон ёритқичлари ёруғлигини ва спектрини ўлчашлардан олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва ёритқичларнинг физик кўрсаткичларини топиш ва ривожланиш қонуниятларини ўрганиш каби масалалар билан шуғулланади. Назарий Астрофизика кузатув маълумотлари асосида эришилган фундаментал натижаларнинг физик табиатини тушунтириш, ўрганилаётган объект моделини тузиш, физик параметрларининг вақт давомида ўзгариш қонуниятларини топиш билан бирга модел билан реал объектни бир-бирига мос келтиришга интилади. Ҳоз. замон А. си кўп тўлқинли фан бўлиб, у электромагнит нурланиш спектрининг барча диапазонларда (гамма, рентген, ультрабинафша, оптик, инфрақизил ва радиотўлқинларда) тадқиқотлар олиб бормоқда.
Астрофизика тадқиқот объектлари, восита ва усулларига кўра қуйидаги бўлимлардан ташкил топган: Қуёш физикаси, сайёралар физикаси, метеор, астероидва кометалар физикаси, ўзгарувчан юлдузлар физикаси, юлдузлар эволюцияси ва «физикаси, Галактика астрономияси, юлдузлараро муҳит физикаси, Галактикадан ташки астрономия, плазма А. си, релятивистик Астрофизика, гамма астрономия, рентген астрономияси, ультрабинафша астрономия, инфрақизил Астрофизика, аст-рофотометрия, астроколориметрия, астроспектроскопия, нейтрино астрономияси ва б. Охирги бир неча ўн йил мобайнида Астрофизиканинг энг катта йўналиши ҳисобланиб келинган радиоастрономия кучли радиотелескоплар ёрдамида фундаментал аҳамиятга эга бўлган турли радиоманбалар (пульсарлар, квазарлар, радиогалактикалар ва ҳ. к.)ни топиб, уларнинг тузилиши ва радионурланиш механизмларини ўрганиб чиқди. Ҳозир у А. дан ажралиб, астрономия бўлимларидан бирига айланган. Астрофизика фани физика, механика, геофизика, кимё билан ва шунингдек астрономиянинг бошқа бўлимларидан юлдузлар астрономияси, космогония ҳамда космология б-н богликдир. Астрофизика физиканинг турли хил муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради. Мас, умумий нисбийлик назариясида башорат қилинган нўрнинг гравитацион майдонда эгилиши ёки релятивистик тезликларда фазо ва вақтнинг ҳамда модда хусусиятларининг ўзгариши, эле-ментар зарраларнинг ҳосил бўлиши ва ўзаро тўқнашувлари, ядровий реакция ва б. кўплаб масалалар шулар жумласига киради. Осмон ёритқичи нури Ер атмосфера орқали ўтаётганда у миқдорий ва сифатий ўзгаришларга дучор бўлади. Бу ўзгаришларни ҳисобга олишда Астрофизика геофизик маълумотларга таянади.
Коинот моддаси асосан плазма ҳолатда. Космик шароитда плазманинг ионланиш даражаси жуда юқори бўлиб, Куёш тожи, юлдузлар ядро қисмида, қайноқ газ туманларида деярли тўла ионланиш ҳолатида бўлади. Космик плазма эволюцияси авваламбор магнит майдон тузилиши ва кучланганлигига боғлиқ. Куёш доғлари, унинг атмосферасидаги тож туйнуклари, пульсарлардан келаётган импульс даври уларнинг ўз ўки атрофида айланиш даврларига тенглиги, зичлиги катта ҳамда ўлчами эса кичик қатор компакт юлдузлар яқинида содир бўлаётган фаол жараёнлар ва б. жиcмнинг магнит майдони табиати билан тушунтирилади. Барча юлдузларнинг кимёвий таркиби деярли бир хил, яъни 70% водороддан, 27% гелийдан таркиб топган. Кимёвий элементларнинг пайдо бўлиши Коинот ривожланишининг дастлаб-ки босқичлари ва юлдузларда рўй берадиган фалокатли жараёнлар билан боғлиқ. А. Коинотнинг кимёвий эволюцияси билан ҳам шуғулланади.
Астрофизикада кузатишлар расадхоналарда олиб борилади. Астрофизикада кейинги бир неча ўн йилларда қилинган энг буюк кашфиётлар: 1963 й. «чақалоқ» галактикалар — квазарлар, 1967 й. ўз ўқи атрофида айланиш даври 2 секунддан кичик бўлган радиоманбалар — пульсарлар, 1965 й. Коинотнинг кенгайиши билан боғлиқ реликтив нурланиш, 1973 й. «Скайлаб» номли космик ст-яда (АҚШ) ўрнатилган рентген телескоп ёрдамида Қуёшнинг рентген нурланиши, 1975 и. қўшалоқ юлдузларда маълум давр билан кучли рентген чақнаши хусусиятига эга бўлган барстерлар кашф этилган. Уму-ман олганда 70-й. ларда ўнлаб космик рентген нурланиш манбалари очилди. Уларнинг кўпчилиги айнан қўшалоқ юлдуз ташкил этувчиларидан бири эканлиги аниқланди. Мас, Оққуш X—I (Оққуш юлдуз туркумига кирадиган биринчи рентген нур манбаи) ёки Чаён X—I. Рентген нур манбалари Галактикамиз марказида жуда куп ва зич жойлашгани аниқланди. Гамма нур манбаларни ахтариш давом этмоқда. Космик аппаратлар Қуёшнинг ультрабинафша нурини ўрганишга ёрдам беради. Қуёш спектрининг бу қисмида кучли эмиссион чизиқлар борлиги кашф этилди. Улар орасида водороднинг Лайман альфа чизиғи, ионланган гелийнинг резонанс чизиқлари ва С, N, О ва Si ионларининг чизиқлари бор. Кейинги 20 йилда Куёшни текширишлар энг салмоқли бўлди. 70-й. лар охирида Қуёш шари қобиғининг 5 мин. ли давр билан сиқилиб-кенгайиб туриши, яъни пульсацияланиши кашф этилди. Бу кашфиёт Куёшнинг ички қатламларини ўрганишга кенг имкониятлар очиб берди. 80-й. лар охирларида Куёшнинг тўла энергияси Куёш фаоллиги билан синхрон ҳолда 11 йиллик давр билан ўзгариб туриши кашф этилди. Бу ўзгаришлар Куёш юзига унинг ички катламларидан чиқибботиб турадиган магнит май-донлар билан боғлиқяиги аниқланди. Бу кашфиётлар юлдузларда ҳам шундай жараёнлар бормикан, деган муаммони қўйди. Қуёш сингари фаолликка эга бир неча юлдузларнинг пульсацияланиши Астрофизиканинг текшириш режаларида турибди. Космонавтика А. ни фазода экспериментлар ҳам ўтказа оладиган фанга айлантирди.
Ўзбекистонда Астрофизиканинг Куёш физикаси ва ўзгарувчан юлдузлар физикаси, Галактика астрономияси, юлдузлар эволюцияси ва физикаси ҳамда Галактикадан ташки астрономия бўлимлари бўйича и. т. лар олиб борилади. Астрофизик тадқикртлар асосан Ўзбекистон ФА Астрономия инситутида, ЎзМУ Астрономия кафедраси ва Тошкент педагогика унверситетида бажарилади. Кузатув маълумотлари эса асосан Китоб астрономик расадхоналари мажмуасининг Майданак тоғ расадхонасида, Астрономия ин-ти Кумбел филиали стяси ва Тошкент ҳудудида бажарилади. Қуёш атмосферасидаги доғлар ва уларнинг гуруҳлари, турли чақнашлар ҳамда тож туйнуклари табиати ўрганилади. Қуёш физикасининг гелиосейсмология йўналишида унинг ички тузилиши муаммоси бўйича IRIS ва TON халқаро дастурлари доирасида и. т. олиб борилади. Юлдузлар физикаси йўналишларида эса охирги чорак аср давомида бажарилган кузатишлар натижасида Сомон йўлида қатор «чақалоқ» юлдузлар ва уларнинг гуруҳ сифатида пайдо бўлган жойлари топилиб тадқиқ қилинган ҳамда бир қанча зич қўшалоқ юлдузларнинг физик хусусиятлари ўрганилган. Галактика астрономияси соҳасида 20 га яқин турли юлдузлар тўдаларининг кинематикаси ва тузилишига оид тадқиқотлар ҳамда Галактикамиз ташкил этувчиларининг эволюцияси ва бенда кўринмас масса эффекти ўрганилган. Галактикадан ташқи астрономия йўналишида галактикалар глобал эволюциясининг коллапс даври учун биринчи бор ночизиқли ностационар моделлари тузилиб, уларнинг гравитацион беқарорлиги, спирал ва эллиптик галактикаларнинг пайдо бўлиши муаммолари ўрганилмоқда ҳамда заряд йиғувчи кучли матрица ёрдамида Майданак расадхонасида квазарлар мониторинги бажарилмоқда.
Ад. Масевич А. Г. Дутуков Астрофизика, Эволюция звёзд. Теория и наблюдения, М., 1988; Нуриддинов С. Н., Сомон йўли физикаси, Т., 1989.
Салоҳиддин Нуриддинов, Исроил Сатторов.