АФРОСИЁБ ДЕВОРИЙ РАСМЛАРИ

АФРОСИЁБ ДЕВОРИЙ РАСМЛАРИ — Афросиёбда археологик қазилмалар натижасида топилган маҳобатли рангтасвирнинг ноёб намуналари. Дастлабки намуналари археолог В. Вяткин томонидан очилган (1913). Кейинги қазишлар даври (1965—68)да ўзбек археологлари 30 га яқин сарой хонасини очишга муваффақ бўлганлар, бу хоналарнинг кўплари деворий расмлар, нақшлар билан безатилган. Шулардан катта (11×11 м) ва кичик (7×7 м) хоналардаги расмлар бирмунча яхши сақланган. Хоналардан бирида эркак ва аёл арк олдида ўтирган ҳолда тасвирланган. Катта хона деворларига ишланган расмлар деталларга бойлиги, сақланиб қолган суғд ёзувлари билан аҳамиятли. Хона деворларига ишланган расмларда тўй маросими, Суғд ҳукмдорининг хорижий давлатларнинг элчиларини қабул қилиши, бу элчиларнинг йўлдаги саргузаштлари, йиртқич ҳайвонлар билан олишув, ов манзаралари, афсонавий маҳлуқлар тасвирланган. Сақланиб қолган расмлар таҳлили ўрта аср маҳобатли тасвирий санъатининг ғоявий бадиий йўналиши, рассомнинг иш усуллари ва воситалари ҳақида, тафсилотларга бой маиший саҳналар, этник кўринишлар ўша давр ҳақида фикр юритиш имконини беради. Рассом деворни 3 қисмга бўлиб, 2 четки қисмидан энсиз нақш ҳошияси ажратиб олган, асосий қисмга мавзули тасвир ишлаган, воқеаларни юқоридан кузатаётгандай акс эттирган. Афросиёб деворий расмлари ягона бир мазмунга бўйсундирилган: марказда суғд ҳукмдори Вархумон туради, анъаналарга кўра рассом уни бошқаларга нисбатан йирик кўринишда (бутун девор баландлигида, 5—6 м) тасвирлаб, ҳукмдорнинг буюклигини эътироф этади, унга абадийлик, қаҳрамонлик бахш этади. Афросиёб деворий расмлари Ўрта Осиёда араблар истилосига қадар маҳобатли рангтасвирнинг ривожланганлигини, Самарқанд унинг маркази бўлганлигини кўрсатади.

Ад.: Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И., Очерки искусства Средней Азии, М., 1982.


Кирилл алифбосида мақола: АФРОСИЁБ ДЕВОРИЙ РАСМЛАРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
АМАЛИЙ САНЪАТ
ЭРОН
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты