БОҒ ТУЗИШ САНЪАТИ

БОҒ ТУЗИШ САНЪАТИ, боғдорлик санъати — хиёбон, боғ, парк, чорбоғ ва б. кўкаламзорлаштирилган жойлар яратиш санъати. Меъморий режаси, таркибидаги кўшклари, ҳовузлари, хилмахил дарахтлари, чаманлари билан меъморликда алоҳида ўрин тутади. Доим ўз тусини ўзгартириб турувчи йирик довдарахтларнинг табиат ҳамда бадиий ижод билан уйғунлашуви Боғ тузиш санъатининг ўзига хос хусусиятидир. Боғ тузиш санъатида маҳаллий иклим, бўртма тасвир, ҳайкаллар, кичик шакллар меъморлиги ва б. муҳим роль ўйнайди, шулар билан довдарахтлар, турли иншоотлар, сув ҳавзалари, хиёбонлар ҳамда ҳар хил гул ва ўсимликлар экиш, уларни парвариш қилиш асосий мезон ҳисобланади. Боғ тузиш санъатида яратиладиган рангбаранг мужассамотларни 2 асосий турга — мунтазам ва манзарали (табиий манзарага тақлидан) боғларга ажратиш мумкин. Улар дастлаб сарой, қўрғон, ибодатхоналар таркибий қисми сифатида яратилган. Қад. Мисрда боғлар мунтазамлиги билан ажралиб турган; мужассамот маркази бўлган бош бино тўғри хиёбон орқали дарвоза билан боғланиб, боғ ҳудудини (ҳар бирида ҳовуз бўлган) тенг икки бўлакка ажратган. Қад. Месопотамияда ривож топган манзарали боғлар (мил. ав. 7-а.) ўзаро зиналар билан боғланган тепаликларда бунёд этилган (дунёдаги етти мўъжизанинг бири бўлган Семирамида осма боғлари), сайр этиш ва ов қилишга мўлжалланган йирик қўриқхоналари ҳам бўлган. Юнонистонда қурилган ибодатхоналар атрофи симметрик тарзда экилган дарахтлар билан ўралган. Мил. ав. 5-а. даёқ қатор устунлар ва ҳайкаллар билан безатилган мунтазам боғлар барпо этиш расм бўлган. Бундай боғларда жангларда ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига спорт мусобақалари ўтказилган. Қад. Рим Б. т. еда устунлар қатори билан ўралган, табиат манзаралари ва меъморий шакллар ўзаро боғланган, сунъий сув ҳавзалари, фавворалар қурилиб, шунингдек дарахт ва буталар, ҳайкаллар, кичик шаклдаги кўшк ва перголалар бунёд этилиб, поғонасимон гулчирмашгичлар ва ўсимликлар билан қопланган боғлар муҳим роль ўйнаган.

Ўрта Осиё халқлари Боғ тузиш санъатида қад. тажриба ва анъаналарга эга. Дастлабки боғлар меъморлиги асосан хом ғишт, пахса ва синчкор иморатлардан иборат бўлган, даврлар ўтиши билан бузилиб кетган. Ўзбек достонларида, қад. миниатюра расмларидаги турли жаннатмакон боғлар, улар ўртасидаги ажойиб кўшккошона, ҳовуз-фавворалар таърифидан қад. боғлар тузилишини ўрганиш мумкин.

Араб сайёҳлари Ўрта Осиё шаҳарлари боғларга бурканганлигини кўриб ҳайратда қолганлар, ҳатто Самарқанд ш. ни Араб халифалигининг энг гўзал боғи деб таърифлаганлар. Муҳаммад Наршахийнинг «Бухоро тарихи» (10 — 11-а. лар)да Мансур ибн Нуҳ (961 — 976) давридаги Бухоро боғлари ҳақида қисқа маълумот қолдирган: «Жўйи Мулиённинг жаннатни эслатувчи гўзал мақомидан кўра яхшироқ бирор жой ва манзил Бухорода йўқ эди. Чунки унинг ҳамма жойи саройлар, боғлар, гулзорлар ва бўстонлар билан қопланган. Доимий оқиб турувчи сувлар 6н таъминланган. Унинг чаманзорлари бир-бирларига туташиб кетган ва уларнинг ораларидан ариқлар ўтиб, минг тарафга қараб оқар эди». Наршахий яна Малик Шамсулмулк (11-а.) Бухоронинг Иброҳим дарвозаси яқинида Шамсобод номли гўзал боғлар, қасрлар меъморий мажмуоти яратганини ёзади.

Амир Темур даврида барпо этилган Самарқанд атрофидаги богларнинг тузилиши ўзига хос бўлган. Боғлар икки хил кўринишда барпо этилган. Бир тоифадаги боғлар мунтазам режа асосида барпо қилинган бўлиб, гул ва довдарахтлар аниқ тартиб билан ўтқазилган. Бу турдаги боғлар тепа ён бағрида зинапоясимон қилиб барпо қилинган. Иккинчи тоифадаги боғлар қўриқхонага ўхшаш бўлиб, табиий дарахтзорлардан фойдаланилган, умумий майдони эса қисман ободонлаштирилган (Боғи Жаҳоннамо шундай боғлардан эди). Боғларнинг тенг томонли ёки тўртбурчак майдонлари баланд деворлар билан ўраб олинарди, кириладиган асосий дарвоза равоқли қилиб ишланган ва кошин б-н безатилган. Дарвоза бурчакларида гулдасталар бўлган. Бизгача етиб келган «Иршод аззироа» рисола (16-а. боши, Ҳирот)да темурийлар даври тажрибаси умумлаштирилган. Рисоланинг бир бобида чорбоғ — тўрт бўлакдан иборат боғни барпо қилиш қоидалари («Кўчат, гул, дарахт, муаттар ўтлар ўтқазиш, чорбоғга тартиб бериш ва уни барпо қилишда изчилликка риоя қилиш») баён этилган. Унда асосий бино ёки саройни боғнинг жан. томонига қуриш зарурлиги кўрсатилган. Тенг томонли ёки тўртбурчакли қилиб режалаштирилган боғнинг умумий майдон атрофи девор б-н ўралиб, ичкари томонда девордан бир оз наридан ариқ ўтказилади. Ариқ бўйлаб унинг девор тарафига оқ терак («сафидори самарқандий»), боғ тарафига эса гулсафсар экилади. Ариққа ёндош қилиб йўлка қурилади. Ундан ичкарироққа ўрик кўчатлари қизғиш гуллайдиган шафтоли билан навбатманавбат қилиб ўтқазилади, сўнгра токзорлар тикланади. Чорбоғнинг ўртасидан катта ариқ ўтказилиб, ундан ирмоқ орқали чиқарилган сув сарой биноси олдидаги катта ҳовузга келиб қуйилган. Ҳовуз атрофи бўзноч, гулсафсар, гулираъно каби манзарали ўсимликлар ва гуллар б-н безатилган. Катта ариқ бўйлаб иккита ёнлама йўлка олиниб, уларнинг ҳар икки тарафидаги тўртбурчак майдонлар чорчаманмайсазорларга бўлинган. Биринчи майсазорга ток, иккинчисига — беҳи, учинчисига — шафтоли ва тўртинчисига — нок кўчатлари ўтқазиш лозим бўлган. Ҳар бир чаманзорда шакл берилган гулзор (газон) тартиб қилинган: биринчисига — бинафша, гулсафсар, атиргул, заъфар, наргис; иккинчисига — боғ ва тоғ лоласи, оддий ва дашт гулсафсари, ҳаворанг ясмин, сариқ саллагул, сариқ бинафша; учинчисига турли нав атиргуллар; тўртинчисига — сариқ ва оқ ясмин, лилия, қалампиргул, сариқ гулсафсар, хитой лоласи, гулидовуд (гули жавҳар) экилган. Бу гуллар шундай танлаб олинганки, улар эрта баҳордан кузгача навбат билан алмашиниб ҳар турли вақтда гуллаган. Бинолар атрофига чинор ва бедона тут, шарқ тарафдан уйларга яқинроқ қилиб олча ва гилос, шим. га қараган олд томонининг ўртасига қизил саллагул экилган. Меъморий тузилган боғларда сув иншоотлари — ариқ, ҳовузларга алоҳида аҳамият берилган. Ҳовузлардан биттаси катта, қолганлари турли ҳажмда ва шаклда — мурабба, кўп бурчакли, кунгурали, кўпинча ўртасида фаввораси бўлиб, зинапоясимон (террасали) боғларда поғонали шаршара (каскад)лар ҳам ҳосил қилинган. Боғ барпо қилишда кўп ҳолларда олдиндан дарахт экиб анча обод қилиб қўйилган жойлар танлаб олинган. Кейин уларга режа асосида тартиб берилган (яна қ. Амир Темур боғлари).

15—16-а. ларда темурийлар салтанати даврида Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия каби мамлакатларда Боғ тузиш санъати янада ривожланди. Боғи Жаҳоноро, Боғи Зоғон, Боғи Нав, Боғи Зубайда, Боғи Бобур, Боғи Дилором, Боғи Калон, Боғи Ором, Боғи Сафед каби боғлар барпо этилди.

17—19-а. ларда Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларида шаҳар ташқарисида чорбоғлар (Чорбоғи Гул, Фатхободдаги Боғи Шамол, Чорбоғхоса, Акромбек боғи, «Зулмобод» саройи, Раҳмонқул лашкарбоши боғи, Абдусаттор лашкарбоши боғи, Қози Калон Бадриддин боғи, Бародбек боғи, Ситораи Моҳи Хоса, Хивада Қибла тоза боғ, Рофаник ва б.) барпо этилган.

Шарқца Боғ тузиш санъати анъаналари асосида барпо этилган Эрон боғларини юнонлар «парадиза» (жаннат) деб атаганлар. Бу боғлар ўртасида ҳовуз бўлиб, унда ғоз ва оққушлар сузиб юрган. Боғни кесиб ўтган анҳордан ариқларга сув оққан, баъзи ариқпарда сунъий шаршаралар ҳосил қилинган. Дарахт ва гуллар тартиб б-н ўтқазилган. Қадимда энг ажойиб ва оромбахш боғларни араблар яратган. Улар СъерраНева (Испания)да тоғ сувларидан фойдаланиб, тошли ерларни боғбўстонга айлантирганлар. Қуюқ сояли сарв, буксус, сада, хурмо дарахтлари ўтқазганлар. Ҳовузлар атрофига ўйма нақшли курсилар қўйилган. Баъзи гул ва кўкат кўчатлари катта тош идишларга экилган. Йўлаклар гулзорлардан баландроқ бўлган. Ҳовузлардаги сув кичик шаршаралар ҳосил қилиб ариқларга тушган. Ариқ ва ҳовузлар тагига турли рангдаги кошинлардан нақшлар ишланган. АлҲумро саройи, Генералиф каби боғлар сақланиб қолган.

Узоқ Шарқ (Хитой, Япония, Корея) да манзарали боғлар кенг расм бўлган. Унда табиий манзаралардан, кичик шакллар меъморлигидан, пастак довдарахтлардан, юмалоқясси тошлар ёрдамида хушманзара боғлар яратилган.

Европада Боғ тузиш санъати с шарқ анъаналари таъсирида ривожланди. Уйғониш даврида Италияда нотекис жойларда ҳайкал, кичик шакллар меъморлиги, зина, шаршара ва б. дан фойдаланилган. Мужассамот маркази бўлган бош бино ва б. билан биргаликда аниқ режа асосида мунтазам боғлар барпо этилган (меъморлар Ж. Вииьола, П. Лигорио ва б.). 17—18-а. лар Франция, Англия ва б. давлатларда манзарали боғлар қатъий хандасий шаклидаги режа бўйича мунтазам бог ансамбллари (Франциядаги Версаль боғи ва б., меъмор А. Ленотр) яратидди. Бунда сарой бинолари боғ мужассамоти маркази бўлиб, ҳовуз, канал ва фавворалар, ҳайкал, кичик шакллар меъморлиги, хиёбон, гулзор ва дарахтзорлар уйғунлаштирилиб яхлит меъморий иншоот яратилган.

18 — 19-а. ларда Россияда хам Боғ тузиш санъати юксадди. Айниқса сарой боғ ансамбллари кенг ривожланди: Летродворец, Царское село (Пушкин)даги Екатерина боги, Павловскдаги манзарали боғлар жаҳон Боғ тузиш санъатининг энг яхши намуналаридандир.

20-а. дан Боғ тузиш санъатининг янги турлари вужудга келди (спорт боги, оймома боги, кўргазма боғи ва б.). Оммавий дам олиш учун шаҳар боғлари яратилди (НьюЙорқдаги марказий боғ, Мюнхендаги Олимпия мажмуавий боғи ва б.); турли мақсадларда фойдаланиладиган боғлар (болалар, ҳайвонот, ўсимликлар, мемориал иншоотлар мажмуавий боги ва б.), ўрмонзор ичидаги боғлар (Киевдаги Голосив ўрмонида, Вильнюсдаги Вингис, Москвадаги Измайлов боғи ва б.), сунъий кўл киргокларида ва сув омборларида (Иркутскдаги «Ёшлар ороли», Киевдаги Днепр гидропарки ва б.) барпо этилган боғлар.

Ўзбекистонда дастлабки маданият ва истироҳат боғи 1882 й. да Тошкентда барпо этилди (кейинги йилларда бу боғ болалар маданият ва истироҳат боғига айлантирилган). Бу ерда турли кўргазмалар: саноат, қ. х. кўргазмаси ва илмий кўргазма (1890), Туркистон суратлар (фотография) кўргазмаси (1899) ва б. ўтказилган. Ботаника боги (1922) собиқ генералгубернатор боги ҳудудида. Бобур боғи (1932) тўқимачилик комбинати ходимлари ташаббуси билан ташкил этилган. Андижондаги ҳоз. Алишер Навоий боғи Рўзиохунбойнинг хусусий чорбоғи (1880) ўрнида барпо қилинган. 1960—80 й. ларда Ўзбекистонда ташкил этилган Маданият ва истироҳат боғлари асосан бир хил қолипда, узоқ яшайдиган манзарали дарахтзорлардан иборат бўлиб, уларда оммавийсиёсий, маданиймаиший, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишлари олиб борилган. Ёзги кинотеатр, театр, қироатхона, ўйин автоматлари, умумий овқатланиш хоналари бўлган.

1991—96 й. ларда Маданият ва истироҳат боғлари шаҳарнинг бош режасига мувофиқ махсус лойиҳалаш и. т. институтлари томонидан қайта таъмирланиш ва янгиларини яратиш лойиҳалари ишлаб чиқилди (Тошкентдаги халқ хўжалиги ютукдари кўргазмаси, Мустақиллик майдони, Фарғонадаги Навоий боғи ва б.). Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакат шаҳар марказларида иқлими, манзараси, шаҳарсозлик ва иқтисодий шароити ҳисобга олиниб, ўсимликлар, манзарали ва мевали боғлар сув қурилиш иншоотлари, сунъий ҳавзалари, каналлари, фаввора, ҳовузлар қад. миллий анъаналарни ривожлантирган ҳолда барпо этилмоқда (қ. Ўзбекистон миллий боги). Пўлат Зоҳидов, Муҳаммадамин Расулов.


Кирилл алифбосида мақола: БОҒ ТУЗИШ САНЪАТИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БОБИЛ-ОССУРИЯ МАДАНИЯТИ
АМАЛИЙ САНЪАТ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты