АҲМАД ал-ФАРҒОНИЙ

АҲМАД ал-ФАРҒОНИЙ (тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад иби Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний) (тахм. 797, Фарғона — 865, Миср) — астрономия, мат., геогр. ва б. илмий йўналишларда фаолият кўрсатган ўзбек қомусий олими. Шаркда Ал-Фарғоний, Европада Alfraganus (Алфраганус) тахаллуслари б-н машҳур. Унинг ҳаёти ва илмий фаолияти тўғрисида жуда оз, у ҳам бўлса, узуқ-юлуқ маълумотлар етиб келган. Аҳмад ал-Фарғоний ҳаёти, илмий изланишлари ва камолоти Аббосийлар сулоласи ҳукм сурган, Араб халифалиги жаҳоннинг энг йирик салтанатларидан бирига айланиб, унинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросондан келган кўплаб мутафаккирлар муҳим ўринга эга бўла бошлаган тари-хий даврда кечди. Аҳмад ал-Фарғоний Халифа Хорун ар-Рашид (786 — 809) ворислари ал-Маъмун (813 — 833), Муътасим (833 – 842) ва Мутаваккил (846 — 861) ҳукмронлик қилган даврда яшади ҳамда аввал Марв, сўнгра Бағдод, Дамашқ ва Қоҳира шаҳарларида илми ҳайъат (фалакиётшунослик — астрономия), риёзиёт (мат.) ва жуғрофия (география) фанлари б-н шуғулланди ҳамда қатор илмий ва амалий асарлар ёзиб қолдирди.

Аҳмад ал-Фарғоний даставвал (тахм. 811 й.) Фарғонадан Марвга келган. Илк ўрта асрлардаёқ Марв ш. Ўрта Осиёнинг йирик маданий ва илмий-маърифий марказларидан бири бўлган, бу масканда ўша даврлардаёқ Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросондан кўплаб олимлару фозиллар ва мутафаккирлар тўпланиб, Ажамниж маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этганлар. Ҳатто 651 й. да сўнгги Сосонийлар шаҳаншоҳи Яздигард III ибн Шаҳриёр (632 — 651) араблар таъқибидан қочиб, пойтахт кутубхонасидаги китобларни ўзи билан Марвга олиб келган. Халифалик қўл остига ўтгач ҳам Марв ўзининг қад. мавқеини йўқотмай, нафақат илмий ва маданий марказга, балки фатҳ этилган шарқий вилоятларнинг сиёсий марказига айланган.

Ҳорун ар-Рашид вафоти (809 й.)дан сўнг халифалик тахтига Муҳаммад ал-Амин (809 — 813) чиқади. Унинг акаси Абдуллоҳ билан тахт учун (809 — 813 й. ларда) олиб борган кураши (Хорун ар-Рашид ўғли Абдуллоҳни 806 й. да Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг ноиби этиб Марвга юборган эди) Абдуллоҳнинг ғалабаси билан тугайди. Муҳаммад ал-Амин қатл этилади. Ўша йили (813 й.) Абдуллоҳ ал-Маъмун номи билан тахтга ўтиради. Бироқ у халифалик пойтахти Бағдодга бормай, то 819 й. га қадар Марвда яшайди. У ўз атрофига олимлару фозилларни тўплайди. 819 й. ал-Маъмун барча сарой аъёнлари ва олимлари билан бирга Марадан Бағдодга кўчади. Улар орасида Аҳмад ал-Фарғоний ҳам бўлган. Бу даврда халифаликда Ҳорун ар-Рашид фармони б-н бино қилинган иккита расадхона ва бой кутубхона бор эди. Абу Райхон Беруний маълумотига Караганда, расадхоналардан бири Бағдоднинг аш-Шаммосия маҳалласида ва иккинчиси Дамашқ яқинида Касийун номли тоғда жойлашган эди. Расадхоналарда Ҳорун ар-Рашид асос солган илмий марказ «Байт улҳикмат» («Донишмандлар уйи») олимлари и. т. лар олиб борарди. Улар орасида Аҳмад ал-Фарғоний хам бор эди. Аҳмад ал-Фарғоний аввал Бағдоддаги расадхонада иш олиб борди, сўнгра ал-Маъмун топшириғига биноан Дамашқцаги расадхонада ос-мон жисмлари ҳаракати ва ўрнини аниқлаш, янгича «Зиж» яратиш ишларига раҳбарлик қилди.

Аҳмад ал-Фарғоний юнон астрономлари, жумладан, Птолемейнинг «Юлдузлар жадвали» асарида берилган маълумотларни кўриб чиқиш хамда ўша даврдаги барча асосий жойларнинг жуғрофий координаталарини янгитдан аниқлаш юзасидан олиб борилган муҳим тадқиқотларда фаол иштирок этди. Шу муносабат билан араб тилидаги илмий атамашуносликка доир ишларни, хусусан, фалакиёт, риёзиёт ва геогр. га оид атамаларни белгилаб чиқишдек махсус илмий ишларни амалга оширишда ҳам Аҳмад ал-Фарғонийнинг хизмати катта. Булардан ташқари, у айрим астрономик асбобларни ихтиро этиш, фалакиётшуносликка доир араб тилидаги бошланғич билимларни белгилаш ва тартибга солиш ишларига ҳам муҳим ҳисса қўшди. 832 — 833 й. ларда Аҳмад ал-Фарғоний Шом (Сурия) шим. даги Синжор даштида Тадмур ва ар-Раққа оралигида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда қатнашди. Аҳмад ал-Фарғонийнинг ҳаёти ва илмий ҳамда амалий фаолияти тўғрисидаги энг сўнгги маълумот 861 й. га ман-субдир. Ўша йили Аббосий халифа Абул Фазл Жаъфар ал-Мутаваккил (ҳукмронлик йиллари 847 — 861) буйруғига биноан Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчайдиган иншоот барпо этиш учун Мисрнинг Қоҳира яқинидаги Фустат ш. га келади. Илмий-техник ва меъморий жиҳатдан ғоят улуғвор бу қурилма Нил дарёсининг Сайёлат ул-Род мавзесида ҳозирга қадар сақланиб қолган. Гарчи Аҳмад ал-Фарғоний ҳақида маълумотлар жуда оз бўлсада, аммо ўрта асрларда шарқ илмий дунёсида унинг номи машҳур бўлган. Ибн аннадим (10а.), Ибн ал-Кифтий (12 — 13-а.)лар, Абул Фараж Бар Эбрей (13-а.) ва Хожи Халифа (17-а.) каби Шарқ фиҳрастчилари унинг номини ўз асарларида қайд этганлар.

Мусулмон мамлакатлари бўйлаб сафарга чиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги экспедиция аъзолари 1997 й. 5 дек. да МАРда бўлишиб, Аҳмад ал-Фарғоний ҳаётини ўрганишлари натижасида у Мисрнинг Фустат ш. да вафот этганлиги, Мунаттам тоғининг шарқий қисмидан сал нарида жойлашган Имом аш-Шофе қабристонига дафн этилганлигини аниқлашди. Вақт ўтиши билан унинг қабри йўқолиб кетган. У ердан олиб келинган тупроқ Фарғона водийсининг Қува ш. да 1998 й. барпо этилган рамзий қабрга қўйилди.

Илмий мероси. Ёзма манбаларда қайд этилишича, Аҳмад ал-Фарғоний илк ўрта аср фалакиёт, риёзиёт ва геогр. илмлари йўналишида бир қанча илмий ва амалий асарлар ёзиб қолдирган. Унинг асосий астрономик асари — «Китоб ал-ҳаракот ас-самовийа ва жавомиъ илм ан-нужум» («Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби»). Бу асар «Астрономия асослари ҳақидаги китоб» номи билан ҳам маълум бўлиб, 1145 ва 1175 й. ларда Европада лотин тилига таржима этилади. Шундан сўнг Аҳмад ал-Фарғоний номи лотинлаштирилиб, «Алфраганус» шаклида Ғарбда шуҳрат топади. Унинг «Астрономия асослари ҳақидаги китоб» асаридан бир неча асрлар давомида Европа ун-тларида астрономия фани бўйича асосий дарслик сифатида фойдаланилган, чунки бу китоб замонасидаги астрономия ҳақидаги энг муҳим ва зарур бўлган билимларни уз ичига олган. Унинг геогр. га оид бўлими Ер юзидаги мамлакатлар ва шаҳарлар ҳақидаги энг бошланғич ва зарурий билимларга бағишланган бўлиб, «Ердаги маълум мамлакатлар ва шаҳарларнинг номлари ва ҳар бир иқлимдаги ҳодисалар ҳақида» деб аталади. Асарда фалакиёт ва геогр. илмларининг асосий мазмуни, вазифалари ва қисмлари тушунарли далиллар асосида содда қилиб баён этилади. Хусусан, Ернинг думалоқлиги, бир хил осмон ёритқичларининг турли вақтда кўтарилиши, тутилиши ва бу тутилишнинг ҳар бир жойдан турлича кўриниши, масофалар ўзгариши билан уларнинг кўриниши ўзгариши ҳақида қимматли мулоҳазалар билдирилади. Умуман Аҳмад ал-Фарғонийнинг «Астрономия асослари ҳақидаги китоб» асари ўрта аср мусулмон Шарқи мамлакатларидаги, сўнг Испания орқали Европа мамлакатларидаги астрономия илмининг ривожини бошлаб берди. Қад. юнон илми, жумладан, астрономик илмлар ҳам биринчи бор арабчадан таржима қилинган рисолалар орқали маълум бўлди. Аҳмад ал-Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 й. да тош босма усулида нашр этилди. 1669 й. машҳур голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус Аҳмад ал-Фарғоний асарининг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг унинг шуҳрати янада ортди. Европа Уйғониш даврининг машҳур олими Региомонтан 15-а. да Австрия ва Италия ун-тларида астрономияга доир маърузаларини Аҳмад ал-Фарғоний асарлари асосида ўқиган. Унинг номи Данте (14-а.) ва Шиллер (18-а.) томонидан тилга олинади.

Европа олимларидан Д’аламбер, Брокельман, X. Зутер, И. Ю. Крачковский, П. Юшкевич ва Б. Розенфельд Аҳмад ал-Фарғонийнинг ижодига ва қолдирган илмий меросига юқори баҳо берганлар.

Бизнинг давримизгача Аҳмад ал-Фарғонийнинг 7 асари сақланиб қолган (лекин булар ҳоз. замон тилларига таржима қилинмаган). Асарларнинг қўлёзмалари жаҳоннинг турли шаҳарлари — Берлин, Душанба, Лондон, Париж, Теҳрон, Тошкент, Машҳад, Патна, Рампур, Халаб ва Қоҳирадаги йирик кутубхоналарда сақланмоқда.

Аҳмад ал-Фарғонийнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш Ўзбекистонда мустақилликдан кейин бошланди. 1998 й. Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Фарғона ш. да Аҳмад ал-Фарғоний номи билан аталадиган истироҳат боғи ва қад. Қува шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали ўрнатилди. ЮНЕСКО нинг 1998 йилдаги тадбирлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори (1997 й. 27 ноябр)га кўра аллома ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий анжуманлар, бадиий кўргазмалар ўтказилди, янги китоблар нашр этилди, спектакллар (драматург Ҳайитмат Расулнинг «Пири коинот», Йўлдош Сулаймоннинг «Фарғона фарзанди», Нуруллохон ҳожи Абдуллоҳ ўғли «Башар алломаси») саҳналаштирилди, фильмлар суратга олинди. Ойдаги 20 км ли йирик кратерлардан бирига Аҳмад ал-Фарғоний номи қўйилди. Фарғона ш. даги майдон, кўча, мактабларнинг бирига Аҳмад ал-Фарғоний номи берилган.

Ад,. Кары-Ниязов Т. Н , Астрономическая школа Улугбека, М.-Л., 1950; Носиров А., Ҳикматуллаев X., Аҳмад Фарғоний, Т., 1966; Буюк сиймолар, алломалар (Ўрта Осиёлик машҳур мутафаккир ва донишмандлар), 1-китоб, Т., 1995; Ахмедов А., Аҳмад ал-Фарғоний, Т., 1998.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов.


Кирилл алифбосида мақола: АҲМАД ал-ФАРҒОНИЙ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БЕРУНИЙ
АЛИШЕР НАВОИЙ
АМИР ТЕМУР
АСТРОНОМИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты