АҲОЛИ ХАРИТАЛАРИ — аҳолининг жойланиши ва аҳолини жойлаштириш, унинг таркиби ва қайта тикланиши, аҳолини кўчириш ва ижтимоийиқтисодий хусусиятларни кўрсатадиган хариталар. Аҳоли хариталари ҳудудни иқтисодий географик баҳолаш, халқ хўжалигини режалаштириш, ижтимоий хизмат ва маданий қурилиш масалаларини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади. Аҳоли хариталари – ни тузишда ҳар хил харитаграфик усуллардан: белгилар, харитадиаграмма, харитаграмма, чизиқли белгилар (эпюралар), нуқталар, ареаллар ва б. лардан фойдаланилади. Аҳоли хариталари мазмунига кўра аҳолининг жойланиши ва уни жойлаштириш хариталарига, демографик, этнографик-антропологик ва ижтимоий-иқтисодий хариталарга бўлинади.
Ўзбекистон аҳолиси 1980 й. да Ўзбекистоннинг ўқув-ўлкашунослик атласида, 1985 й. да 2 жилдли Ўзбекистоннинг илмий-маълумотномали атласида ўз ифодасини топган. Тошкентнинг 2000 йиллигига бағишлаб нашр этилган махсус географик атласда Аҳоли хариталари берилди. 1992 й. Ўзбекистон Республикаси ФА География бўлими 1:1 млн. масштабли Ўзбекистон аҳолисининг миллий таркиби харитасини нашр этди.