ГЕОГРАФИК ХАРИТАЛАР

ГЕОГРАФИК ХАРИТАЛАР — ер юзасининг табиат ва жамиятдаги воқеа ва ҳодисаларнинг маълум бир вақтдаги ҳолати умумлаштириб, кичрайтириб кўрсатилган текисликдаги тасвири. Географик хариталар учун харитаграфик проекциялар, шартли белгилар ва харитаграфик генерализация (саралаш) хос. Географик хариталар ўзининг мазмуни, тасвири, кўргазмалилиги ва замонавийлиги бўйича харитаграфик модель ҳисобланади.

Географик хариталарнинг биринчи хусусияти — харитаграфик проекциялар ёрдамида ердаги ва б. сайёралардаги объектларнинг ўрни, планли ўлчамлари ва шакли ҳақида тўғри маълумотлар олишга имкон беради.

Географик хариталарнинг иккинчи хусусияти — харитаграфик белгилардан фойдаланган ҳолда: а) ер юзасининг бирор қисмини ёки ҳаммаси (ҳатто сайёралардаги) ни масштаб асосида кичрайтириб, масштабга тўғри келмайдиган зарур объектларни масштабсиз шартли белгилар б-н тасвирлаш мумкин; б) харитада ер юзасининг рельефини (мас, горизонталлар ёрдамида) текисликда ёйиб кўрсатиш мумкин; в) Географик хариталарда тасвирланаётган воқеа ва ҳодисаларнинг фақат ташқи кўринишигина эмас, уларнинг ички тузилиши ва мазмуни ҳам тасвирланади (мас, денгиз хариталарида чуқурлиги, сувининг кимёвий таркиби, оқим тезлиги, денгиз тубининг рельефи, флора ва фаунаси ва ҳ. к.); г) сезги органлари бевосита қабул қилмайдиган ҳодисаларнинг тарқалишини ва бевосита эришиб бўлмайдиган алоқа ва муносабатларни кўрсатиш мумкин (мас, магнит стрелкасининг оғиш бурчагини); д) айрим объектларга хос кам аҳамиятли томонлари, ҳодиса ва деталларини истисно қилиш ва уларнинг умумий ҳамда асосий белгиларини ажратиб бериш мумкин.

Географик хариталарнинг айниқса учинчи хусусияти — тасвирланаётган воқеа ва ҳодисаларни танлаш, тўлдириш, яъни харитаграфик саралаш (генерализация) ва умумлаштириш мумкин.

Мазмунига кўра умумгеографик ва мавзули (тематик) хариталарга бўлинади. Умумгеографик хариталар масштаби бўйича — йирик масштабли, ўрта масштабли ва майда масштаблиларга бўлинади. Лекин улар қайси масштабда тасвирланса ҳам, уларнинг мазмунини ташкил этган элементларнинг асосийлари сакланиб қолади. Булар — сув объектлари, рельеф, тупроқ ва ўсимлик қоплами, аҳоли яшайдиган жойлар, алоқа йўллари ва алоқа воситалари, давлатлар ва улардаги маъмурий чегаралар ҳамда ижтимоий-иқтисодий элементлар (саноат, қишлоқ хўжалиги ва б.)дир.

Мавзули хариталар бирорта мавзуга бағишланган бўлади. Мавзу тўлиқ тасвирланади, лекин географик асосини умумгеографик хариталарнинг элементлари ташкил қилади, яъни мавзуга мос қилиб географик асос яратилади. Мавзули географик хариталар икки синфга — табиий географик хариталар ва ижтимоий-иқтисодий географик хариталарга бўлинади. Табиий географик хариталарга геол., тектоника, геофизика, сейсмология, ер ости сувлари (гидрогеология), геоморфология, иклим, гидрология, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, экология ва б. соҳаларга бағишланган хариталар киради. Ижтимоий-иқтисодий хариталарга аҳоли ва демография, саноат, қ. х., транспорт, маиший хизмат, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, сиёсиймаъмурий хариталар ва ҳ. к. киради.

Географик хариталар тасвирланган худудига кура, дунё, материк, океан, алоҳида мамлакатлар, регионлар, вилоят ва туман хариталарига бўлинади. Вазифасига кўра, махсус хариталар (ўқув, туристик, навигация, лойиҳа ва ҳ. к.)га ажратилади.

Мавзуси тор хариталарга соҳа хариталари (мас, иқлимнинг бир соҳасига бағишланган хариталар), иқлимга тўла характеристика берилган булса умумий иклим хариталари дейилади. Хариталарда тасвирланаётган мазмун кўп маълумотли бўлиб, улар орасидаги ўзаро боғлиқликни тасвирлаб, улардаги қонуниятларни очиб берса комплекс хариталар деб аталади.

Табиатиинг айрим элементлари (мас, шамоллар), муайян жойнинг аҳолиси (мас, туғилиш), иқтисодиёти (мас, пахта ҳосилдорлиги) ва маданияти (мас, театрлар), уларнинг хусусиятлари ва аломатлари кўрсатилса аналитик хариталар дейилади. Бир қанча соҳаларни қўшиб, кўп мазмун битта харитада тасвирланса синтетик хариталар дейилади.

Географик хариталар ичида ижтимоий-иқтисодий хариталар нисбатан кенг ривожланаётган соҳа. Ушбу йўналишнинг шаклланиши ва ривожланиши жамият тараққиётида ижтимоий-иқтисодий омиллар ролининг ошиб бориши, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда ҳудудий фарқларнинг кучайиб бориши билан бевосита боғлиқ.

Динамик ижтимоий-иқтисодий ҳодисаларни, уларнинг ҳудудий фарқларини чуқур таҳлил этиш зарурати харитаграфия фанидан тадқиқотни кенгайтиришни, янги ўзига хос объектларни ва нисбатан мураккаб жараенларни қўшишни талаб этади. Мас, қўшма корхоналар, акционерлик жамиятлари, фермер хўжаликлар, фирмалар ва б.

Географик хариталар ижтимоий-иқтисодий ва маданий объектларнинг жойланиши, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ҳодисаларга хос ҳудудий фарқларни акс эттирибгина қолмасдан, балки уларга хос ҳудудий комплекс қонуниятларини ҳам аниқлашга имкон беради. Бунинг асосида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларни миллий ва турли ҳудудий миқёсларда башоратлаштириш, режалаштириш ва бошқаришнинг мустаҳкам илмий-методологик асосларини тайёрлаш мумкин. Шу нуқтаи назардан янги типдаги хариталар яратишни давр тақозо қилмоқда (мас, башорат қилиш, баҳолаш, режалаштириш, лойиҳалаш ва б. хариталар). ЎзРда шу соҳага бағишланган хариталар тузиш устида иш олиб борилмоқда.

Ад.: Мирзалиев Т. М., Проблемы комплексного и тематического картографирования Ўзбекистана, Т., 1987.

Тургунбой Мирзалиев.


Кирилл алифбосида мақола: ГЕОГРАФИК ХАРИТАЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕОГРАФИЯ
БЕРУНИЙ
ИБН СИНО
ФОРОБИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты