БУХОРИЙ

БУХОРИЙ, Имом ал-Бухорий (асл исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий) (810.21.7, Бухоро — 870.31.8, Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғи) — ислом оламининг йирик мутафаккири, буюк муҳаддис. Муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони деб ҳам юритилади.

Отаси Исмоил ўз даврининг етук муҳаддисларидан, Молик ибн Аласнинг шогирди ва яқинларидан бири бўлиб, тижорат ишлари билан шуғулланган. Онаси тақводор, диёнатли, оқила аёл эди. Отаси вафот этгач, унинг тарбияси волидаси зиммасига тушган. У 5—6 ёшидан исломий илмларни, Муҳаммад (сав) нинг ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга киришади. Таниқли муҳаддислар — алДохилий, Муҳаммад ибн Салом алПойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф алПойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад алМаснадий ва б. дан сабоқ олган. Азаддан муҳаддислар сафарга чиЧишдан олдин ўз юртидаги ровийлардан бирорта ҳам ҳадис қолдирмасдан ёзиб олган бўлиши ва шундан кейингина бошқа шаҳар ёки мамлакатга сафарга отланиши мумкин эди. Бухорий 16 ёшга етгунча, ўз юртидаги машойихлардан ҳадис эшитиб, ёзиб олиб, халифаликнинг турли вилоятлари томон йўл олади. 825 й. Б. онаси ва акаси Аҳмад билан Маккага келиб, ҳаж ибодатини адо этади. Онаси ва акасини Бухорога қайтариб, ўзи Маккада қолади. Бу ерда фаолият кўрсатаётган машойихларнинг илмий йиғинида қатнашади. 827 й. Мадинага боради. Мадинадаги машҳур уламолардан Иброҳим ибн алМунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза ва б. билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадислар бўйича сабоқ олади. Бу вақтда Расулуллоҳнинг саҳобалари, саҳобаларнинг издошлари турли мамлакатга тарқаб кетган эдилар. Шундай шароитда Муҳаммад(ас)нинг ҳадисларини тўплаш турли шаҳар ва мамлакатларга боришни тақозо қилар эди. Бир неча тарихчиларнинг таъкидлашича, Б. Ҳижоз, Макка, Мадина, Тоиф, Жиддага қилган риҳлати 6 й. давом этган. Сўнг Басра, Куфа ва Бағдодга сафар қилади. Шом ва Мисрга ўтади. Бундан ташқари Хуросон, Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларда бўлиб, бу шаҳарлардаги олимлардан сабоқ олди ва ҳадислар тўплади. Хорижий юртлардаги сафардан кейин Бухорога қайтгач, ҳадис илмини тарғиб этишга киришади. Ул зотнинг бу саъйу кўшишлари бу вақтда Бухорода ҳукмдорлик қилган Ҳолид ибн Аҳмад азЗуҳлийта хуш келмайди. Шу сабабли Б. Бухорони тарк этиб, Пойкендга, кейин эса Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғига келиб яшашга мажбур бўлади ва шу ерда вафот этади.

Бухорий бутун фаолияти давомида илм кишиларини маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Тижорат килганда топган даромадидан ойига беш юз дирҳамдан фақиру мискинларга, илм толибларига сарфлаган. Шахсий ҳаётида ортиқча дабдаба ва сарфхаражатларга йўл қўймаган.

Бухорий умр бўйи ҳадисларни тўплаш ва тизимга солиш билан шуғулланган, уларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри саҳиҳ (хато, заиф)га ажратган. Бу ишни ҳадис ровийларининг маиший ҳаётлари, яшаш жойлари, туғилган ва вафот этган саналари, бир-бирлари билан қилган ўзаро мулоқотларини ўрганиш билан боғлиқ ҳолда олиб борган. Бухорий жами 600 мингга яқин ҳадис тўплаган бўлиб, шундан 100 минг «саҳиҳ» ва 200 минг «ғайри саҳиҳ» ҳадисни ёддан билган. Бухорий ўзининг ноёб қобилияти, иқтидори, қувваи ҳофизасининг ўта кучлилиги билан илм аҳлларини лол қолдирган. Ҳадис илмига ўта фидойилик, ақлзаковатини бахшида этиш Бухорийга шоншараф келтирди, уни ислом дунёсининг энг буюк алломаларидан бири сифатида танитди.

Бухорий 20 дан ортиқ китоб тасниф этган. Улардан айримлари бизгача етиб келган. Бухорийнинг «АлЖомиъ ассаҳиҳ» («Ишончли тўплам») деб номланган 4 жилд (жуз) дан иборат ҳадислар тўплами ислом оламидаги бошқа муҳаддислар тузган ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир. Асар бир қанча хорижий тилларга таржима қилинган. Шу жумладан ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, 1991—96 йларда 4 жилдда нашр этилди (яна қ. «Саҳиҳи Бухорий»).

Бухорий яратган «АлАдаб алмуфрад» («Адаб дурдоналари») асари катта тарбиявий аҳамиятга молик беназир тўпламдир. 1322 ҳадис ва хабар жамланган бу асар Туркия ва Мисрда бир неча марта чоп этилган. Унинг ўзбекча таржимаси 1990 й. Тошкентда нашр қилинган. Ровийларнинг куняларига бағишланган «Китоб алкуна» («Кунялар ҳақида китоб») 1940 й. Ҳиндистонда чоп этилган. Бухорийнинг «АтТаърих алкабийр» («Катта тарих») китоби эса Туркияда 9 жилдда нашр қилинган. Асар қўлёзмасининг баъзи қисмлари Ҳайдаробод кутубхонасида сақланади. Шунингдек А«ттаърих ассағийр» («Кичик тарих») ҳам ҳадис тарихига оид қимматли асар ҳисобланади. Бу асар Ҳиндистон ва Қоҳирада чоп этилган. Бухорий яратган «Китоб алфавоид» («Фойдали ашёлар ҳақида китоб»), «АлЖомиъ алкабийр» («Катта таянч»), «Халқ афъол алибод», («Аллоҳ бандалари ишларининг табиати»), «АлМуснад алкабийр» («Катта таянч»), «Аттафсир алкабийр» («Катта тафсир»), «Китоб алхиба» («Хайрэҳсон ҳақида китоб») ва б. асарларнинг баъзилари бизгача етиб келмаган, баъзилари жаҳоннинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланаётганлиги ҳақида маълумотлар бор. Б. нинг бошқа асарлари орасида «Тафсир алҚуръон» («Қуръон тафсири») китобини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча Мадраса ва дорилфунунларида пайғамбар (ас) суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади. Жамоат арбоблари, олиму уламолар ва дин пешволари Бухорий асарларига таяниб иш тутадилар.

Истиқлол шарофати билан Бухорийнинг ўлмас мероси элюрти бағрига қайтди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг И«мом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрийқамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори (1997 й. 29 апр.) асосида Бухорийнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштириш борасида катта ишлар қилинди. 1998 и. 23 окт. да Самарқандда юбилей тўйтантаналари бўлиб ўтди. Аллома абадий қўним топган Челак туманидаги Хартанг қишлоғида улкан ёдгорлик мажмуи очилди (қ. Бухорий ёдгорлик мажмуи).

Бухорийнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг ташаббуси билан Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси тузилди (1998 й. 4 нояб. ; раиси Зоҳидилло Мунавваров). Жамғарманинг асосий вазифаси Қуръони карим ва Бухорийнинг «алЖомиъ ассаҳиҳ»и таржималарининг академик нашрларини тайёрлаш, буюк исломшунослар илмий меросини тадқиқ этиш, динийфалсафий мавзуларда илмий анжуманлар ўтказиш ва шулар ёрдамида ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат. 2000 й. дан бошлаб мазкур жамғарма ўзининг маънавиймаърифий, илмийадабий И«мом ал-Бухорий сабоқлари» жур. ини нашр эта бошлади. Жур. халқимизни миллиймаънавий меросимиздан баҳраманд этиш, миллий, линий қадриятларнинг соғлом идрок этилишига ёрдам беришни уз олдига максад қилиб қўйган. Ўзбекистонда Бухорийнинг хотираси муносиб тарзда абадийлаштирилган. Тошкент Ислом ин-тига Бухорий номи берилган. Бухорийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб бир неча тилларда китобальбом, 2 қисмли фильм (1995), «Ҳадис илмининг султони» 4 қисмли киноқисса (1998) яратилган.

Ас: Аладаб алмуфрад (Адаб дурдоналари), Т., 1990; Ҳадис [АлЖомиъ ассаҳиҳ], 1—4 ж. лар (2нашри), Т., 1997.

Ад.: Мозийдан таралган зиё. Имом ал-Бухорий, Т., 1998; Уватов У., Имом ал-Бухорий, Т., 1998; Мадаминов С, Имом Бухорий таърифи, Т., 1996; Имом ал-Бухорий — муҳаддислар султони [нашрга тайёрловчилар Усмонҳожи Темурхон ўғли, Бахтиёр Набихон угли], Т., 1998; Душан Файзий Зарафшоний, Имом ал-Бухорий, Т., 1998; Бабаханов Ш. З., Великие мухаддисы о мире и дружбе между народами, Т., 1998; Маънавият юлдузлари [2нашри], Т., 2001.

Убайдулла Уватов.


Кирилл алифбосида мақола: БУХОРИЙ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АЛИШЕР НАВОИЙ
БУХОРО ВИЛОЯТИ
БУЮК БРИТАНИЯ
АМИР ТЕМУР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты