БУХОРО «ЖАЙРАН» ЭКОЛОГИК МАРКАЗИ — Бухоро вилоятида Когон ш. дан жан. даги Моможурготи платоси этагида жойлашган. Ўрта Осиёда ноёб чўл ҳайвон турларини кўпайтириш ва реинтродукциялашга ихтисослашган илмийи. ч. маркази. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибига киради. 1976 й. да ташкил этилган. Майд. 5145 га. 1977 й. дан питомникка 42 бош жайран (қорақуйруқ) келтирилиб, уларни кўпайтириш ишлари бошланди (1987 й. да уларнинг сони 1200 тага етди ва режа асосида қўшни ва б. ҳудудларга 600 бошдан кўпроқ жайранни табиатга эркин қўйиб юбориш имконини берди). Марказда 800 бошдан зиёд жайран бор (2001). Бу ерда жайран сонини тиклаш билан бирга йўрға тувалоқ, кулон, қоплон, бухоро буғуси (хонгул), Пржевальский оти каби халқаро ва ЎзР «Қизил китоб»ларига киритилган нодир турларни ҳам кўпайтириш, ўрганиш, муҳофаза қилиш ишлари олиб борилади. Тадқиқотлар олиб бориш учун 4 вольер мажмуи қурилган. Марказ ҳудудида табиий шароитда бошқа нодир турлар — бўз эчкемар, олакўзан, йўрға тувалоқ, мармар ўрдаклар уя қуриб болалайди, баҳор ва кузда бирқозон, оққушлар, қизилғозлар ва кўп йиртқич қушлар учрайди. Ўсимликлардан шувоқзорлар, саксавулзорлар, қандимзорлар билан қопланган кумлоқ, гилли ва гипсли чўл майдонлари мавжуд. Марказ жан. да сунъий кўллар бор. Улар туёқли ҳайвонларнинг сув ичиш жойи бўлиб, жуда кўп сув қушларини ҳам жалб қилади. Марказ атрофи йиртқичларнинг ичкарига ўтишига тўсик бўладиган 2 м баландликда симтўр билан ўралган.