БУҒДОЙ

БУҒДОЙ (Triticum) — ғалладошлар оиласига мансуб ўтсимон ўсимликлар туркуми; энг қад. ва ҳоз. дунёнинг кўпгина мамлакатларда экиладиган асосий дон экини. Соматик ҳужайраларида хромосомаларнинг сонига кўра фарқ қиладиган 3 (диплоид, тетраплоид, гексаплоид) қаторга кирадиган 30 га яқин ёввойи ва маданий турлари бор. Жаҳон деҳқончилигида асосан юмшоқ Буғдой ёки оддий Буғдой (Т. aestivum, Т. vulgare) ва қаттиқ буғдой (Т. durum) экилади. Қолган турлари кам экилади ёки бутунлай экилмайди. Кўпгина Буғдой турлари (арарат, маха, Тимофеев буғдойи, урарту, форс буғдойи ва б.)нинг ватани Закавказьедир.

Б. Олд ва Ўрта Осиё мамлакатларида мил. ав. 7—6 минг йилликларда маълум бўлган. 17-а. дан бошлаб Шим. Америкада экила бошлади. Б. Ер шарида шим. да 66° ш. к. да (Швеция), Россияда эса тажриба майдонларида 76*44’ ш. к. да (Мурманск вилояти); жан. да Австралия, Жан. Америка, Африканинг жан. чегараларигача экилади. Жаҳонда Буғдой экиладиган майд. лар 250 млн. гектарга яқин бўлиб, етиштириладиган доннинг қарийб 30% Б. га тўғри келади (ўртача 360 млн. т дан ортиқ). Асосий ғаллакор мамлакатлар — Россия, Қозоғистон, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Канада. Ўзбекистонда 90-й. ларнинг бошидан республиканинг ғалла мустақиллигини таъминлаш учун Буғдой экиладиган майдонлар кенгайтирилди (1,2 млн. га; 1999).

Ботаник тавсифи. Буғдойнинг илдиз системаси попук илдиз бўлиб, асосий қисми ернинг ҳайдалма қатламида ривожланади, айрим илдизлар эса 180 см гача чуқурга кириб боради. Пояси — сидирға бўғимларга бўлинган сомонпоя, бўйи 40—130 см. Буғдойнинг ётиб қолишга чидами ва ҳосилдорлиги поянинг баландлигига боғлиқ. Барги пояни найга ўхшаб ўраб турадиган барг қини ва лента шаклидаги барг пластинкасидан иборат. Тўпгули кўпгулли бошоқчалардан иборат бошоқ. Б. да четдан чангланиш кам учрайди, кўпроқ ўзидан чангланади. Меваси — дон. Дони яланғоч (полба Буғдой ларда пардали), овалсимон, тухумсимон, чўзиқ ёки шарсимон шаклда, қорин томонида узунасига кетган эгатчали, оқ ёки қизғишқўнғир рангли бўлади. Бўлиқлиги жиҳатидан юмшоқ (урвоқди) ёки қаттиқ (ялтироқ, қайроқи) Буғдойга бўлинади. 1000 та дони вазни 20— 70 г. Юмшок Буғдой бошоғи қилтиқли ва қилтиқсиз, қилтиғи бошоғидан калтароқ; дони оқ ёки қизғиш, кўндаланг кесими думалоқ, ичи асосан унсимон. Қаттиқ Буғдой бошоғи зич, асосан қилтиқли, қилтиқлари бошоғидан узун ва тик ўсади.

Хўжалик аҳамияти. Дони тўйимли, таркибида оқсил (селекцион навларида 10—12% дан 20—25% гача, ёввойи турларида 25—30% гача), крахмал (60— 64%), шунингдек ёғлар (2%), витаминлар, ферментлар, минерал моддалар ва б. бор. Дони, кепаги ва б. чиқиндилари қимматли ем, аралаш ем саноати учун хом ашё. Сомони емхашак ва тўшама, қурилиш материали; пояси қоғоз, картон, ўров материали и. ч., саватлар, қалпоқлар тўқиш учун ишлатилади ва ҳ. к. Кўк массаси молга берилади, шунингдек силос қилинади. Буғдой донидан турли навли унлар, ёрма, спирт, крахмал ва б. маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Биологик хусусиятлари. Буғдой — бир йиллик ўсимлик, ҳар хил тур ва шаклларни дурагайлаш йўли билан кўп йиллик Буғдой навлари яратилган (қ. Буғдойбуғдойиқ дурагайлари). Кузги, баҳори, ярим кузги ва куз ҳамда баҳорда экилганида ҳам ҳосил берадиган (дуоба) турлари ҳам бор. Кузги Буғдой баҳоргисидан биологик жйҳатдан фарқ қилади, совуққа ва қурғоқчиликка чидамли, тупроқ ҳарорати 4—5° бўлганда униб чиқади. Айниқса бошоқлаш даврида намга талабчан. Вегетация даврида кузги Буғдой учун 2100°, баҳори Буғдой учун камида 1300° самарали ҳарорат талаб этилади. Қурғоқчилик ҳосиддорликни пасайтиради. Кузги буғдойнинг вегетация даври кузда 45— 50, баҳор—ёзда 75—100 кун, баҳори буғдойники 90 — 100 кун. Кузги буғдой қор қоплами қалин бўлганда —35° гача совуққа чидайди. Баҳори буғдой майсалари —8 — 10° даража совуққа бардош беради. Кузги Буғдой ҳосиддорлиги сувли ерларда 20 — 25 (айрим ҳолларда 70—80) ц/га, лалми ерларда баҳори Буғдой ҳосилдорлиги 12—18 ц/га боради.

Агротехникаси. Суғориладиган минтақаларда кузги Буғдойни маккажўхори, ғўза, картошка ва б. дала экинларидан бўшаган унумдор ерларга экиш тавсия этилади. Нордон ва шўрланган тупроқда яхши ўсмайди. Экиш усули ёппасига қаторлаб (қатор ораси 12 — 15 см) ёки тор қаторлаб (қатор ораси 7—8 см) экилади. Экиш меъёри — лалми ерларда гектарига 70—110 кг, суғориладиган минтақаларда гектарига 170—200 кг, экиш чуқурлиги 4—6 см; кузги Буғдой чуқурроқ экилади, экиш меъёри 10—15% ортиқ олинади, уруглик экиш олдидан сараланиб, дориланади. Ўзбекистоннинг суғориладиган шароитида Буғдой экиладиган ерга экиш олдиндан 10—15 т гўнг, 40—80 кг фосфор, 40—100 кг азот, калий солинади, ўсув даврида ҳам экинзор ўғитланади, сувли ерларда ўсув даврида 2—3 марта суғорилади, Ўзбекистонда пишиб етилган буғдойзорлар ёппасига бир йўла ғалла комбайнлари билан ўрибйиғиб олинади.

Навлари. Ўзбекистонда 1937—96 й. ларда Буғдой бўйича 6 марта (1937—61; 194464; 196065; 196375; 197080; 198085; 199095) нав алмаштирилди. Буғдой бўйича уруғлик ва янги Буғдой навларини яратишда Милютин (Ғаллаорол) давлат селекция ст-яси |1937; ҳоз. Сувли ерларда бошоқли ва дуккакли экинлар и. т. инти (Андижон ш.)нинг Ғаллаорол филиали] муҳим ишларни амалга оширди. Суғориладиган майдонларда Буғдойнинг Қилтиқсиз (Безостая), Унумли буғдой, Сете Церрос, Сангзор 4, Интенсив, Ёнбош, лалми ерларда Кизил буғдой (қад. жайдари нав). Кизил Шалола (Красноводопадская 210), Сурхок 5688, Тезпишар ва б. навлари экилади. 1995 й. дан Россиянинг Краснодар ўлкаси, Украинадан келтириб экилаётган Скифянка, Юна навлари суғориладиган майдонларда гектаридан 50—70 ц ҳосил бериш имкониятига эга. Буғдой зараркунандалари: дон тунлами, гессен пашшаси, кўккўз, швед пашшаси, ҳасва ва б. Касалликлари: қоракуя, қора занг, уншудринг ва б.

Ад.: Казаков Е. Д., Зерноведение с основами растениеводства, 3изд., М., 1983; Удачин Р. А., Шахмедов И. Ш., Пшеница в Средней Азии, Т., 1984; Пшеницы мира, 2изд., Л., 1987.

Кўзибой Душамов.


Кирилл алифбосида мақола: БУҒДОЙ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ФРАНЦИЯ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ҲИНДИСТОН
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БУЮК БРИТАНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты