БЎЗСУВ МАКОНЛАРИ — Бўзсув канали ёнида жойлашган ибтидоий одамлар маконлари. Тошкент ш. дан 12— 15 км шим. ғарбда. Маконлардан бири — Шоимкўприкни (1901) А. П. Павлов, иккинчиси — Шўралисой ёқасидагини (1955) О. И. Исломов топган. Шоимкўприк маконини Г. В. Парфенов, Шўралисой ёқасидаги маконни А. П. Окладников ўрганди. Ҳар иккала макондан мустье ва юқори палеолит даврига хос пичоқсимон пластина, қирғич, нуклеус, чақмоқгошдан ясалган қуроллар ва турли ҳайвонлар суяги топилди. Бўзсув канали ёқалаб олиб борилган кейинги текширишлар натижасида палеолит даврига оид Бўзсув III, IV ва V каби янги маконлар очилди. Бўзсув маконларида олиб борилган и. т. ишлари бу ердаги ибтидоий одамлар мустье ва юқори палеолит даврида яшаган бўлиб, ёдгорликнинг юқори палеолит босқичида унинг аҳолиси уруғ жамоаси бўлиб яшаганлигини кўрсатди.