БЎШЛИҚИЧЛИЛАР

БЎШЛИҚИЧЛИЛАР, ковакичлилар (Coelenterata) — тубан тузилган сувда яшовчи умуртқасиз ҳайвонлар типи. Бўшлиқичлилар энг кад. кўп ҳужайралилар, венд давридан маълум. Кўпчилик турлари денгизларда якка ёки колония бўлиб яшайди. Денгиз Б. нинг ҳаёт циклида ўтроқ яшовчи полип ва эркин сузиб юрувчи медуза даврлари галланиб туради (метагенез). Айрим Бўшлиқичлилар (гидралар, коралл полиплар) нинг медуза даври бўлмайди, баъзи сцифомедузалар ва гидроидларнинг полип даври йўқолган. Алоҳида Бўшлиқичлиларнинг танаси ташқи эктодерма ва ички эндодермадан иборат иккита қаватдан ташкил топган. Эктодерма ва эндодерма оралиғида ҳужайрасиз, қуюқмодда — мезоглий бўлади. Бўшлиқичлилар танаси ҳужайралари тўла ихтисослашмаганлиги учун тўқима ва органлари ривожланмаган. Эктодермасидаги ҳужайраларнинг асосий қисми эпителиймускул, отувчи ва ихтисослашмаган оралиқ ҳужайралардан иборат. Эпителий мускул ҳужайралари қоплаш ва ҳаракатланиш функцияларини бажаради. Отувчи ҳужайралар ўлжани фалажлаб ушлаш ва ҳимоя вазифасини бажаради, уларда отилувчи ипчаларга эга бўлган отувчи капсула шаклланади. Оралиқ хужайралар бошқа ҳамма ҳужайраларни ҳосил қилади. Эндодермада эпителиймускул ва озиқни қамраб олиб ҳазм қилувчи безли хужайралар бўлади. Тана бўшлиғи қопга ўхшаш бўлиб, махсус тўсиқ (септа) лар ёрдамида камераларга бўлинган, медузаларда мураккаб найлар системасидан иборат. Тана бўшлиғи оғиз тешиги орқали ташқарига очилади. Оғиз тешиги пайпаслагичлар билан ўралган. Оғиз тешиги орқали озиқ моддалар тана бўшлиғига ўтади ва ҳазм бўлмаган озиқ моддалар чиқиб кетади. Озиқ тана бўшлиғида ва эндодерма ҳужайралари ичида ҳазм бўлади. Нерв системаси диффуз (тарқоқ), тартибсиз жойлашган, ўсимталари орқали бир-бири билан туташиб кетадиган нерв ҳужайраларидан иборат. Медузаларда бундан ташқари соябони четида иккита нерв ҳалқаси, сезги органлари — ёруғлик сезувчи кўзчалар, мувозанат органлари (статоцистлар) ва ропалиялар (сцифомедузалар) бўлади. Жинсий ва жинссиз кўпаяди. Жинссиз куртакланиш орқали бир қанча турлар колония ҳосил қилади. Кўпчилиги айрим жинсли. Гидроидларнинг жинсий ҳужайралари эктодермада; сцифоид ва коралл полипларда эндодермада ҳосил бўлади. Кўпчилик денгиз Бўшлиқичлиларда уруғланган тухум ҳужайрадан эркин сузиб юрадиган планула личинкаси чиқади. Плануладан метаморфоз орқали полип, баъзан медуза вужудга келади. Ўтроқ яшовчи полипларда медузалар полипнинг куртакланиши туфайли ҳосил бўлади. 4 синф: гидрозойлар, сцифомедузалар, коралл полиплар ва қирилиб битган конулятлар (Conulata) га бўлинади. 9000 дан ортиқтури маълум, барча денгизларда, баъзи турлари (гидралар ва айрим медузалар) чучук сувларда учрайди. Йиртқич ёки планктон билан озиқланади. Айрим турлари бошқа организмлар учун озиқ бўлади. Йиртқич турлари озиқ учун балиқларга конкурентлик қилиши туфайли зарарли ҳисобланади. Бўшлиқичлилар орасида яшил хивчинлилар, турли яшил ўсимликлар билан симбиоз яшовчилари ҳам бор. Колония бўлиб яшовчи коралл полиплар ороллар ҳосил қилади ва кўпчилик денгиз ҳайвонлари учун пана жой ҳисобланади. Коралл полиплар қисман қурилиш материали ва зебзийнат учун фойдаланилади.

Очил Мавлонов.


Кирилл алифбосида мақола: БЎШЛИҚИЧЛИЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БУЮК БРИТАНИЯ
БИОЛОГИЯ
Туш таъбири ўзбек тилида


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты